Жаҳон | 12:03 / 24.03.2026
1116
4 дақиқада ўқилади

Италияда суд тизими ислоҳоти референдумда рад этилди

Италия бош вазири Жоржа Мелони илгари сурган суд-тергов тизими ислоҳотини референдумда овоз берганларнинг 53,6 фоизи қўллаб-қувватламади. Ислоҳотни атиги 46,4 фоиз сайловчи маъқуллади. Овоз беришда иштирок этиш даражаси қарийб 59 фоизни ташкил этди.

Фото: Marco Di Gianvito/ZUMA/IMAGO

Италия бош вазири Жоржа Мелони илгари сурган суд-тергов тизими ислоҳоти референдумда овоз берганларнинг 53,6 фоизи томонидан қўллаб-қувватланмади. Ислоҳот тарафдорлари эса 46,4 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда 23 март, душанба куни ANSA агентлиги дастлабки маълумотларга таяниб хабар берди.

Dpa таъкидлашича, бундай фарқ билан мағлубиятни деярли ҳеч ким кутмаган эди. Италия парламентининг ҳар икки палатаси мазкур қонун лойиҳасини аввалроқ маъқуллаган. Бироқ ислоҳотни амалга ошириш учун конституцияга ўзгартириш киритиш талаб этилгани боис, икки кунлик референдум ўтказишга қарор қилинган.

Овоз беришда қатнашиш даражаси қарийб 59 фоизни ташкил қилди. Reuters ҳисоб-китобига кўра, қатнашиш кўрсаткичи 58,9–59 фоиз атрофида бўлган. Референдум 2027 йилда бўлиб ўтадиган Италия парламенти сайловлари олдидан жамоат кайфиятининг синови сифатида ҳам баҳоланди.

Референдум олдидан Мелони бу натижа унинг сиёсий фаолиятига таъсир қилмаслигини айтган эди. У бундан аввал суд тизимини “ноқонуний оммавий миграцияга қарши кураш”га путур етказаётганликда айблаган. “Италия биродарлари” партияси эса сўровномаларда рақобатчиларидан анча олдинда экани қайд этилган.

Италияда ягона имтиҳондан ўтган мутахассислар прокурор лавозимидан судя лавозимига ва аксинча ўтиши мумкин. Ислоҳот эса ушбу икки касб йўлини ажратишни назарда тутар эди: судялар фақат судялик, прокурорлар эса фақат прокурорлик вазифасини бажаради.

Суд ҳокимиятининг ўзини ўзи бошқариши ва унинг қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятдан мустақиллигини таъминлаб берувчи Олий магистратура кенгаши (CSM)ни икки тузилмага — судялар ва прокурорлар учун алоҳида органларга — бўлиш ҳам таклиф қилинган эди.

Шунингдек, 15 аъзодан иборат Олий интизомий суд тузиш режалаштирилган. Янги ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни қисман қуръа ташлаш — номзодларни тасодифий танлаб олиш билан алмаштириш ҳам кўзда тутилган эди. Бундан ташқари, бу органларни шакллантиришда парламент ҳам иштирок этиши керак бўларди, натижада сиёсатчилар кадрлар бўйича қарорларга кўпроқ таъсир ўтказиш имконига эга бўларди.

Неапол прокурори Никола Граттери бу ҳолатда Италия самарасиз эски тизим ўрнига янада сиёсийлашган моделни олиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Бу фикрни халқаро ОАВ ҳам ислоҳотга нисбатан танқидий баҳолар қаторида келтирган.

Шу билан бирга, танқидларга қарамай, фуқароларнинг кўпчилиги Италия суд тизими умуман олганда ислоҳотга муҳтож, деган фикрга қўшилган. Dpa маълум қилишича, мамлакатда ҳукм чиқариш жараёни кўпинча бошқа давлатларга нисбатан анча узоқ давом этади. Сўровномаларга кўра, италияликларнинг атиги ўн кишидан тўрт нафари суд тизимига ишонади. Бу ислоҳот зарурлиги ҳақида умумий фикр борлигини, аммо таклиф этилган шакл ҳаммага маъқул келмаганини англатади.

Италия ИИВ маълумотига кўра, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар сони 51 424 729 нафарни ташкил этган, шундан 5 477 619 нафари хорижда яшайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид