Жаҳон | 18:24 / 11.11.2025
3908
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда қарийб 300 миллион куб метр радиоактив чиқинди тўпланиб қолди

Мамлакатда хавфли радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ барча муносабатларни тартибга солувчи миллий оператор ташкил этилади.

Фото: atomic-energy.ru

Қозоғистонда 290 миллион куб метрдан ортиқ радиоактив чиқиндилар мавжуд. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги раиси ўринбосари Гумар Сергазин маълум қилди, деб хабар берди Tengrinews.

11 ноябрь куни ўтказилган мажлисда радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Муҳокама давомида Сергазин долзарб рақамлар билан ўртоқлашди.

«Бугунги кунда Қозоғистон ҳудудида қарийб 293 миллион куб метр радиоактив чиқиндилар мавжуд бўлиб, шундан энг катта улуш - 290 миллион куб метри паст фаолликдаги радиоактив чиқиндилардир. 237 куб метри Семипалатинск синов полигонига тўғри келади. Бу полигондан олиб ташланган ва ифлосланган тупроқ. Қолган радиоактив чиқиндилар - бу ўртача, юқори фаолликдаги чиқиндилар - Миллий ядро маркази, Ядро физикаси институти, Улба металлургия заводи, Степногорск кон-кимё комбинати корхоналаридан келади. Оқтовда Қўчқор-Ота ва Кимё-гидрометаллургия заводи ҳам бор», деди Гумар Сергазин.

Қайд қилинишича, қонун лойиҳаси доирасида радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ барча муносабатларни тартибга солувчи миллий оператор ташкил этилади.

«Бугун кўриб турибмизки, ҳатто дунёда ҳам кўмиш пунктлари бўйича амалиёт жуда заиф. Бир нечта мамлакатларда кўмиш пунктлари мавжуд. Қонун лойиҳасида кўмиш пунктларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Улар ҳукумат қарори билан белгиланади. Уларни қуриш ва радиация хавфсизлигини таъминлаш учун миллий оператор масъул бўлади, шу жумладан келажакда барча радиоактив чиқиндиларни кузатиш, ҳисоботларни тақдим этиш, реестрни юритиш», деб қўшимча қилди Сергазин.

Маълумот учун, радиоактив чиқиндилар - таркибида радиоактив изотоплар бўлган, кейинчалик фойдаланишга яроқсиз, саломатлик ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган чиқиндилар. Улар атом электр станцияларининг ишлаши, ядро ёқилғисини қайта ишлаш, шунингдек, илмий, тиббий ва саноат мақсадларида ҳосил бўлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид