Жамият | 22:49 / 16.10.2021
35965
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги боғчада ошпаз ва хўжалик ишлари мудири гўшт ўғирлаётганда ушланди. Улар бу ишни директорнинг топшириғи билан қилганини айтмоқда

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган боғчада ошпаз ва хўжалик ишлари мудири гўшт ўғирлагани тасвирланган видео тарқалган. Ҳолат бўйича вилоят Мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди. Унга кўра, ҳолат тасдиқланган ва боғча мутасаддиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш бошқармаси қонуний баҳо беради.

Маълум қилинишича, Пахтачи туман Ҳайит Элбеги маҳалласида жойлашган 28-сонли боғча бош ошпази Ў.А. пиширилган 4,7 килограмм гўштни олиб аввал кирхонага яшириб қўйган. Сўнг уни боғчанинг хўжалик мудираси М.Э.га берган.

Хўжалик мудираси М.Э. 4,7 килограмм пиширилган гўштни боғча ҳовлисидан олиб чиқиб кетаётганда шу боғчада тарбиячи бўлиб ишлайдиган Н.Н ҳамда М.У томонидан тўхтатиб қолинган ва ҳолат видео ва аудио шаклда ёзиб олинган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича боғча бош ошпази Ў.А. ҳамда хўжалик мудираси М.Э. билан суҳбат ўтказилганда улар 28-боғча директори Ш.У.нинг топшириғи ва кўрсатмасига анчадан буён гўшт ўғирлашларини айтишган. Улар боғча тарбиячилари Н.Н ҳамда М. У.нинг айтган гапларни ва улар томонидан олинган видео ва аудио ёзувлардаги лавҳалар тўғри эканини ўз тушунтириш хатларида тасдиқлаган.

Таъкидланишича, ҳозирда 28-боғча бош ошпази Ў.А. ва хўжалик мудираси М.Э. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

«28-мактабгача таълим ташкилотидаги мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мутасадди ташкилотлар томонидан қонун доирасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид