Тожикистон президенти ҳайитлик йиғиш ва миллийликка ёт либосларни тақиқловчи қонунни имзолади
Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон 20 июн куни 35 та қонунни имзолади. Уларнинг орасида «Маросим ва тадбирларни тартибга солиш тўғрисида», «Болани ўқитиш ва тарбиялаш масъулияти тўғрисида» каби қонунлар бор.
«Маросим ва тадбирларни тартибга солиш тўғрисида» ва «Болани ўқитиш ва тарбиялаш масъулияти тўғрисида»ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинган ва миллий маданият қадриятларини ҳимоя қилиш, хурофот ва фанатизмнинг олдини олиш, маросим ва тадбирларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўйилмаслигини таъминлаш, тожик халқининг маънавиятини кўтариш, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни инсонпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқитиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилишга қаратилган, дейилади Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ, 19 июн куни бу ва бошқа қонунлар Тожикистон парламентининг юқори палатасининг 18-сессияда Рустам Имомали раисилигида тасдиқланган эди.
Asia plus нашрининг ёзишича, «Болани ўқитиш ва тарбиялаш масъулияти тўғрисида»ги қонунга бир нечта янги моддалар қўшилган ва унда педагоглар, таълим муассасалари, жамоат комиссиялари, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, бошқа органлар ва жамоатчилик вакилларининг болаларни ўқитиш ва тарбиялашдаги роллари кучайтирилмоқда.
«Маросим ва тадбирларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунда «ийдгардак» ва «ёт либослар»ни кийиш тақиқланган.
Таъкидлаб ўтиш керак, «ийдгардак» — ҳайит байрамларида айниқса ёш болаларнинг маҳаллаларда уйма-уй юриб ҳайитлик совғаси йиғишидир. Айрим пабликлар «Тожикистонда ҳайит байрамларини нишонлаш тақиқланди», деб нотўғри ахборот тарқатишмоқда.
Бу қонун лойиҳаси Тожикистон президенти томонидан парламентга киритилган ва қуйи палата депутатлари уни қабул қилишган эди.
Бу қонунга риоя қилмаслик учун жарима назарда тутилган, бироқ унда айнан қайси либослар «миллий маданиятга ёт» экани, сотиш ва кийиб юриш тақиқлангани аниқ кўрсатилмаган.
Либосга оид тақиқлар ўрнатилган қонундаги бу моддалар Тожикистон жамоатчилигида мунозара ва баҳслар уйғотган. Мамлакатнинг айрим фуқаролари ҳокимият вакиллари кўчаларда ҳижоб ўраб кетаётган аёлларни тўхтатиб, рўмолини орқадан боғлашни талаб қилишаётганидан шикоят қилишган.
Мавзуга оид
18:54 / 09.10.2024
Имомали Раҳмон МДҲ фаолиятида ўзгаришлар бўлишини эълон қилди
20:00 / 02.09.2024
Имомали Раҳмон болалар ва ўқитувчиларни ўзини кутиб олиш тадбирларига чақиришни тақиқлади
19:03 / 09.08.2024
Имомали Раҳмон Марказий Осиё келажаги учун умумий позицияни шакллантириш кераклигини айтди
13:32 / 04.07.2024