Жаҳон | 20:00 / 02.09.2024
12944
3 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон болалар ва ўқитувчиларни ўзини кутиб олиш тадбирларига чақиришни тақиқлади

Шунингдек, мактабларда пул йиғиш, болалар ва ўқитувчиларнинг дарсга келмаслигига эътибор бермасликни қоралади.

Фото: president.tj

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мактаб ўқувчиларини ҳукумат вакиллари билан учрашувларга олиб бориш амалиётини кескин танқид қилди. У бундай хатти-ҳаракатларни номақбул ва ўз кўрсатмаларига зид деб атади.

Имомали Раҳмон 1 сентябр куни «Билимлар куни» муносабати билан қилган нутқида мамлакат таълим тизимидаги бошқа бир қатор жиддий муаммолардан ҳам кескин норозилигини билдирди.

Президент мактаб ўқувчилари, талабалар ва ўқитувчиларни давлат амалдорлари, жумладан, ўзини кутиб олишга чиқариш амалиётини қоралади. Давлат раҳбари ўз нутқида бу каби ишлар ўринсиз ва ўз кўрсатмаларига зид эканини алоҳида таъкидлади.

«Мен буни тақиқладим. Агар амалдор келса, бу яхши, лекин у меҳмон эмас, бу унинг мамлакати. Келсин, кўриб, ўз соҳасидаги камчиликларни тузатсин. Меҳмон дегани бошқа давлатдан келган одамдир», деди Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, болаларни расмийлар билан учрашувларга олиб бориш ўқувчилар учун жазо ҳисобланади, чунки улар ёмон об-ҳаво, жазирама ва шамолда соатлаб кўчада туришга мажбур бўлади, бу эса мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас.

«Болаларнинг асосий вазифаси ўқиш, турли тадбир ва очилиш маросимларида қатнашиш эмас», деди президент ва тегишли тузилмалар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга туман ва шаҳар миқёсидаги тадбирларда бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик бўйича топшириқ берди. Республика миқёсидаги тадбирлар бундан мустасно.

Шунингдек, Тожикистон президенти баъзи таълим муассасаларида болалар хорижда бўлса-да, дарсда қатнашаётгани кўрсатилаётганини таъкидлади.

«Бу, айниқса, тадбиркорлар ёки амалдорларнинг фарзандларига тегишли. Бу амалиётга барҳам бериш керак», деди у.

Давлат раҳбари ўқувчилардан асоссиз пул ундириш, жумладан, ўқитувчиларнинг туғилган куни учун йиғимлар олиш амалиётини ҳам танқид қилди.

«Ёшлигимда бундай эмас эди. Ҳеч ким ўқитувчиларга совғалар учун пул йиғмаган ёки кимнинг туғилган куни қачон эканини муҳокама қилмаган. Бундай амалиётларга йўл қўйиб бўлмайди», деди президент.

Шунингдек, туман ва шаҳарларнинг тегишли тузилмаларига ўқитувчиларни расмий йиғилишлар ёки тадбирлар учун маблағ йиғишга жалб қилмасликни топширди.

«Бундай тадбирлар таълим муассасаларидаги тўловлар ҳисобига эмас, балки фақат давлат органлари томонидан молиялаштирилиши керак», деди Раҳмон.

Тожикистон раҳбари ўқитувчилар билан зиддиятга борган айрим ота-оналарни ҳам қоралаб, бу уларнинг одобсизлигини кўрсатишини таъкидлади.

«Ота-она лавозими қандай бўлишидан қатъи назар, ўқитувчиларни ҳурмат қилиш ва қадрлаш муҳим. Ўқитувчиларсиз прокурорлар ҳам, полициячилар ҳам, муваффақиятли таълим ҳам бўлмайди. Агар ўқитувчилар бўлмаганида мен ҳам, бу ерда ўтирган барчангиз ҳам, вазирлар ҳам, амалдорлар ҳам бу ерда бўла олмас эдик», деди Имомали Раҳмон.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид