Ўзбекистон | 11:58 / 27.09.2024
3439
2 дақиқада ўқилади

Андижонда сел оқизган кўприк 21 октябрга қадар қуриб битирилади — Бекзод Ҳидоятов

Ҳукумат расмийсининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақтда Хўжаобод ва Жалақудуқ туманини туташтириб турувчи йирик кўприкни қайта тиклаш ишлари давом этмоқда.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Андижон вилоятида сел туфайли бузилиб кетган кўприк масаласида Kun.uz'га маълумот берди. Унинг маълум қилишича, айни вақтда Хўжаобод ва Жалақудуқ туманини туташтириб турувчи автомобиль йўлининг 65 кмда жойлашган кўприкни тиклаш ишлари давом этмоқда.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

“Оқбўрасой” устидан ўтган кўприкни тўлиқ таъмирлаш ишлари 21 октябрга қадар тугатилади ҳамда фойдаланишга топширилади.

2024 йил 13-14 июль кунлари кучли ёғингарчилик оқибатида Фарғона водийси ва Қирғизистоннинг Ўш вилоятларида кучли сел келди. Оқибатда Андижон вилояти Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари ўртасидаги Ёрқишлоқ қишлоғида сой устига қурилган кўприк қулаб тушган эди.

Kun.uz аввалроқ, кўприк қайта тикланмаётгани, ёғингарчиликлар бошланса, вақтинчалик кўприкда юриб бўлмай қолишидан хавотирланган маҳаллий аҳолининг муаммоларини ёритиб чиққан эди. Андижон вилоят ҳокимлиги қурилиш тўхтаб қолганини рад этиб, ишлар давом этаётганини билдирган.

Мавзуга оид