Ўзбекистон | 17:00 / 28.10.2024
2402
4 дақиқада ўқилади

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорлигининг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (Олий мактаб) директорининг биринчи ўринбосари Шахрух Шарахметов Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) ректори Алексей Комиссаров билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар шериклик алоқаларини кенгайтириш, академик алмашинувни фаоллаштириш, шунингдек, қўшма таълим дастурларини янада ривожлантириш ва диверсификация қилишга қаратилган келгусидаги ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувнинг муҳим натижаси “Менежмент магистри” ва “Бизнес бошқаруви (МВА)” мутахассисликлари бўйича қўшма магистратура таълимини йўлга қўйиш бўйича қўшимча келишув битими имзоланиши бўлиб, у нафақат икки муассаса ўртасидаги шериклик доирасини кенгайтиради, шунингдек, аспирантура дастурларини амалга ошириш ва ҳамкорликда илмий раҳбарлик амалиётини ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.

Дастур профессионал ўсиш, етакчилик ва стратегик фикрлашни ривожлантиришдан манфаатдор тадбиркорлар, юқори даражадаги менежерлар, иқтисодиёт ва саноат соҳасидаги мутахассислар учун мўлжалланган.

Маълумот учун: РАНХиГС Россиядаги энг йирик олий ўқув юртларидан бири бўлиб, бошқарув кадрларини тайёрлашга ихтисослашган. Академия Россия бўйлаб 47 та филиални ўз ичига олиб унда 60 дан ортиқ мамлакат мутахассислари фаолият олиб боради.

Дастурнинг асосий афзалликлари:

Тингловчилар сиртқи таълим шаклида Олий мактабда уч семестр ҳамда тўртинчи семестрни РАНХиГС олийгоҳида Москва шаҳри марказида жойлашган турар жой билан таъминланган ҳолда давом эттирадилар;

Замонавий таълим усулларидан фойдаланган ҳолда юқори сифатли ўқитиш тингловчиларга илғор билим ва амалиётларга эга бўлиш имконини беради. Дарслар етакчи хорижий ва маҳаллий профессорлар томонидан олиб борилади;

Дастур халқаро менежмент стандартлари ва амалиётини, шу жумладан, Ўзбекистон шароитларига мослаштирилган евроменежмент моделларини ўқитишни ўз ичига олади. Бу тингловчиларга рақамли трансформация ва глобал рақобатга мослашиш имконини беради;

Икки йиллик ўқиш давомида тингловчилар корпоратив бошқарув, бизнесни стратегик ривожлантиришнинг замонавий технологияларини ўзлаштирадилар, шунингдек, Ўзбекистондаги реал кейслар ва Россиядаги илғор бизнес амалиётлари мисолида амалий кўникмаларга эга бўладилар.

Битирувчилар, ушбу сиртқи таълим шаклидаги ўқув дастурини муваффақиятли тамомлагандан сўнг, бир вақтнинг ўзида Олий мактаб ҳамда РАНХиГС олийгоҳларининг магистрлик дипломларига эга бўладилар;

Мазкур Магистратура дастурида ўқиш истагини билдирган номзодлар https://e-tinglovchi.gsbe.uz/ қабул платформаси орқали қуйидаги ҳужжатларини илова қилган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин:

- олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (иловаси билан) ва ушбу ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган таржимаси;

- ID карта ёки паспорт нусхаси (имтиҳон вақтида асл нусхаси тақдим этилади);

- рус тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат (агар мавжуд бўлса).

Магистратурага кириш учун ҳужжатлар топшириш муддати:

2024 йилнинг 8 ноябрь соат 18:00 га қадар;

Қабул комиссиясининг ишлаш жадвали:

душанба – жума кунлари, соат 9:00 дан 18:00 гача.

Маълумот учун телефонлар: +99871 239-03-02.

Манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Миробод кўчаси, 25-уй.

Реклама

Мавзуга оид