Дин ишлари бўйича Қўмита сайтида “Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги қарори лойиҳаси қўйилди.
Ҳужжатда таъкидланишича, мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва келажак авлодларга етказиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимиз диний таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилаётганини ижобий баҳолаш мумкин.
Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Хайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.
«Ҳадис илмининг султони» мақомини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг «Ал жомеъ ас-саҳиҳ» китоби мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, ислом дини эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади.
Қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад, лойиҳада белгиланишича, муқаддас ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассис-кадрларни етиштиришдир.
Ҳадис илми Олий мактабининг асосий вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаш режалаштирилган:
- «Таълим тўғрисида»ги Қонун ҳужжатлари ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий приципларига таянган ҳолда ислом дини соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асосларини, ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган, дунёга машҳур ҳадис уламолари томонидан битилган олти ишончли ҳадис тўпламларини пухта ўзлаштирган, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши раддиялар бера оладиган ҳамда ҳадис ва ҳадис илми бўйича олий диний маълумотга эга бўлган етук мутахассис-кадрларни тайёрлаш;
- ёшларни миллий қадриятларимизга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрларга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш;















