Ўзбекистон | 15:02 / 18.09.2020
14324
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон расмийлари COVID-19'га қарши дорилар масаласида кубаликлар билан музокара ўтказди

Фото: BIOCEN

Ўзбекистон ва Кубанинг соғлиқни сақлаш соҳаси расмийлари кубалик олимлар томонидан коронавирусга қарши ишлаб чиқилган дори воситалари юзасидан муҳокамалар ўтказди. Бу ҳақда 17 сентябрь куни Куба ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ҳавана–Боку–Тошкент шаклида видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган музокараларда Ўзбекистон томонидан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов иштирок этган.

Хабарда Кубанинг Biocen компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва COVID-19'га чалинган ёши катта беморлардаги респиратор симптомларни бартараф этиш учун мўлжалланган Biomodulin T препарати ҳар иккала томоннинг тиббиёт мутахассислари томонидан юқори баҳолангани айтилади.

Шу билан бирга, музокараларда BioCubaFarma компаниялар гуруҳи томонидан ишлаб чиқарилувчи Alpha 2B (Heberon) интерферон рекомбинанти, CIGB-258 пептидлари (Jusvinza) ва Alpha 2B plus gamma (Heberferon) каби дори воситалари ҳақида ҳам атрофлича сўз борган.

«3 соатдан ортиқроқ давом этган видеоконференцияда Кубанинг Озарбойжондаги тиббий бригадаси раҳбари доктор Далси Торрес Авиланинг COVID-19 беморларини даволашдаги тажрибаси ўрганилди.

Ўзбекистон экспертлари Кубанинг тақдимотини юқори баҳолаб, икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва дори-дармон соҳаларидаги ҳамкорлигини чуқурлаштиришга қизиқиш билдиришди», – дейилади Куба ТИВ ахборотида.

Мавзуга оид