Жаҳон | 19:27 / 30.11.2022
7872
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ТИВ: «Учтомонлама газ иттифоқи» ҳақидаги қарор ҳали қабул қилинмади

Қозоғистон ТИВ хабарига кўра, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон ўртасида «учтомонлама газ иттифоқи» ҳақидаги қарор ҳали қабул қилинмади. Шунингдек, Қозоғистон бундай иттифоқ орқали аксилроссия санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этмайди.

Фото: РИА Новости

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Кремлдаги музокараларда таклиф қилинган Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги «учтомонлама газ иттифоқи» ғоясини диққат билан ўрганиб чиқади. Бундай иттифоқни ташкил этиш бўйича ҳали қарор қабул қилингани йўқ, деди Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко.

«Давлат раҳбари ғояни синчиклаб ўрганиб чиқиши ҳақида айтилди. Бу ҳозирча фақат таклиф. Дипломатияда кўплаб фикрлар, таклифлар айтилади, шунинг учун улар мутахассисларнинг диққат эътиборига лойиқдир. Қарор қабул қилинишидан олдин, давлат раҳбари айтганидек, бу таклиф ўрганиб чиқилади», деди Роман Василенко.

Шу билан бирга, дипломатнинг қайд этишича, Россия билан «газ иттифоқи» ташкил қилиниши Қозоғистон учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаслиги ва мамлакатнинг аксилроссия санкцияларини четлаб ўтишда бевосита ёки билвосита иштирок этишига олиб келмаслиги керак.

Қозоғистон халқаро муаммоларни ҳал қилиш усули сифатида санкциялар қўлланишига қарши, аммо уларга оғишмасдан риоя қилди.

«Қозоғистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга рухсат бермайди. Ушбу можаронинг дастлабки кунлариданоқ биз ҳукуматда комиссия туздик, унинг вазифаси вазиятнинг Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсирининг олдини олиш ва Қозоғистон ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга йўл қўймасликдир. Бу позициялар ўзгармайди, улар ҳар қандай потенциал ташаббусларни баҳолашда қўлланади», — деди Роман Василенко.

Аввалроқ Қозоғистон Республикаси президенти матбуот котиби Руслан Желдибай Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия ўртасида «учтомонлама газ иттифоқи»ни яратиш ғояси батафсил музокаралар чоғида учта давлат экспертлари томонидан муҳокама этилишини маълум қилганди.

Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ташиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида иттифоқ тузиш ғояси Россия Федерацияси ҳукумати томонидан илгари сурилган.

Мавзуга оид