Иқтисодиёт | 13:09
1456
3 дақиқада ўқилади

2025 йилда Ўзбекистонда реал иш ҳақининг ўсиши тезлашди

2025 йилда реал иш ҳақининг энг юқори ўсиши Наманган (13,1 фоиз), Сирдарё (11,5 фоиз) ва Жиззах вилоятларида (11,1 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст ўсиш Андижон (2,9 фоиз) вилоятида қайд этилди. Энг юқори ўртача иш ҳақи молия ва суғурта (17,6 млн сўм) ҳамда ахборот ва коммуникация (15,3 млн сўм) хизматлари йўналишларида, энг паст иш ҳақи эса қишлоқ хўжалиги (3,4 млн сўм) ва ижтимоий хизматлар (4,1 млн сўм) йўналишларида кузатилди.

Фото: Kun.uz

2025 йил давомида номинал иш ҳақи 18,9 фоизга ўсган бўлса, реал иш ҳақининг ошиши 9,3 фоизни ташкил этган. Ўртача ойлик иш ҳақи эса қарийб 6,4 млн сўмга тенг бўлди, дейилади Марказий банкнинг Меҳнат бозори шарҳида.

Энг юқори ўртача иш ҳақи молия ва суғурта (17,6 млн сўм) ҳамда ахборот ва коммуникация (15,3 млн сўм) хизматлари йўналишларида, энг паст иш ҳақи эса қишлоқ хўжалиги (3,4 млн сўм) ва ижтимоий хизматлар (4,1 млн сўм) йўналишларида қайд этилган.

«Сўнгги йилларда (2023 йилдан кейинги даврда) аксарият тармоқларда кузатилган иш ҳақи ўсиш суръатининг пасайиш тенденцияси 2025 йил иккинчи ярим йиллигидан ўсувчи фазага ўтди. Ўсишнинг тезлашиши асосан қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда сезиларли юқорилаган бўлса, савдо ва ахборот хизматлари соҳаларида пасайиш тенденцияси сақланиб қолди», дейилади МБ шарҳида.

2025 йилнинг иккинчи ярим йиллигидан иш ҳақининг ўсувчи фазага ўтиши давлат секторида ойликларнинг индексацияланиши билан боғлиқ. Бу, ўз навбатида, айрим тармоқларда иш ҳақи ўсиш суръатининг бошқа тармоқларга нисбатан юқорироқ шаклланишига олиб келди. Хусусан ташиш ва сақлаш йўналишида фаолият юритувчи ходимларнинг иш ҳақи номинал қийматда 18,9 фоизга (реал ўсиш 9,3 фоиз), ижтимоий соҳаларда фаолият юритувчиларники эса 17,4 фоизга (реал ўсиш 7,9 фоиз) ўсди. Иш ҳақининг энг кам ўсиши қурилиш соҳасида сақланиб қолди, ушбу тармоқда фаолият юритувчи ходимларнинг ўртача иш ҳақи номинал қийматда йиллик 9,1 фоизга, реал қийматда 0,6 фоизга кўпайган. Ҳудудлар кесимида, 2025 йилда реал иш ҳақининг энг юқори ўсиши Наманган (13,1 фоиз), Сирдарё (11,5 фоиз) ва Жиззах вилоятларида (11,1 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст ўсиш Андижон вилояти (4,6 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикаси (6,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.

«Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида иш ҳақи ўсиши суръатларининг сезиларли фарқланиши меҳнат бозорида даромадлар тафовути сақланиб қолаётганини кўрсатади. Бироқ, таъкидлаш жоизки, сўнгги даврларда юқори маош тўланадиган тармоқларда иш ҳақи ўсиши тенденциясининг пасайиши фонида айрим нисбатан паст маошли соҳаларда (қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий хизматлар) ўсишнинг тезлашиши кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, меҳнат бозорида секин бўлса-да табақаланишнинг пасайиши содир бўлаётганлигини англатади», дейилади МБ шарҳида.

Маълумот учун, 2024 йилда аҳоли умумий даромадларининг номинал ўсиши 18,5 фоизни, реал ўсиши эса 8,1 фоизни ташкил этганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид