Жамият | 10:29 / 28.05.2018
54806
4 дақиқада ўқилади

Пулни қаерга сарф қилса минг ҳисса бўлиб қайтади?

Фото: KUN.UZ

Инсон ўзининг хулқи, чиройли амаллари билан ном қолдирса, у вафот этгач, уни чиройли хотиралар билан ёдга олишади. У қолдирган мерос, яъни яхшилик, яхши фарзандлар, яхши илм то қиёматга қадар унга савоб келтириб туради. Аксинча бўлса-чи? Унда у бандага қилган ёмонлиги то қиёматга қадар етиб туради.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан қай бирингиз меросхўрларининг мол-мулкини ўзининг мол-мулкидан кўпроқ яхши кўради?” Саҳобалар жавобан: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизлардан бирортамиз йўқки, балки ўз мол-мулкини кўпроқ севади”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамнинг мол-мулки (яъни, унга манфаатли бўлгани) у ҳаётлик даврида Аллоҳ йўлида яхши амалларга сарф қилганидир, меросхўрларнинг мол-мулки эса у ўлгандан кейин қолган нарсадир”.

Кўпчилик ўзига берилган бойликни яхшилик ва саховат йўлига сарфлашга қўрқади. Гўё бу билан мол-давлати камайиб қоладигандек. Аммо Аллоҳ розилиги йўлида қилинган ҳар қандай моддий яхшилик ўрни, ҳиссаси билан тўлдириб қўйилади. Бу Яратган учун қийин эмас, чунки у энг бойдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар, “Аллоҳ таоло айтади: Эй одам боласи (менинг йўлимда) сарф қилгин, мен сен учун сарф қиламан”. Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар, “Аллоҳнинг қўли тўладур (яъни, Аллоҳ бойдур) ва унинг бойлиги унинг куну-тун қилган сарф-харажатларидан таъсирланмайди (яъни, камаймайди)”, ва яна дедилар, “Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратгандан буён нималарни сарф қилганини кўрдингизми? Бироқ унинг қўлида бўлган нарса камаймайди ва унинг Арши сув устида туради ва унинг қўлида адолат мезони бордур. У билан Аллоҳ хоҳлаган одамини кўтаради ва хоҳлаган одамини пасайтиради (яъни, обрў, ризқ ва бошқа неъматларда)”.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, инсон яхши амаллардан тўхтамаслиги лозим. Тақдиримга битилгани шу экан, деган фикр нотўғридир. Бу ҳақда пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Биз Боқий ал-Ғарқоддаги дафн маросимида пайғамбар алайҳиссалом билан бирга эдик. Жаноб Расулуллоҳ: “Сизлардан бирортангиз йўқки балки унинг жойи жаннатда ёки дўзахда ёзилгандир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз бу нарсага ишониб амалларимизни тўхтатиб қўйсак бўладими?” - дейишди. У зот: “Қилаётган (яхши) амалларингизни давом эттиринг, зотан ҳар бир одам ўзининг борадиган жойи учун қиладиган амалларни осонликча топади (яъни, жаннатий одам учун яхши амаллар осон бўлиб қолади ва дўзахий одам учун ёмон амаллар осон бўлиб қолади)”. Сўнгра улар қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: “Ва кимки (садақа) берса ва Аллоҳга тақво қилса, ва Аллоҳдан гўзал мукофотга ишонса (яъни, Аллоҳ йўлида сарф қилган нарсалари учун, Аллоҳ мукофотлашига). Бас, биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик қилса…. Биз у одам учун ёмонлик йўлини осон қиламиз” (Ал Лайл сураси 5-10 оятлар).

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид