Ўзбекистон | 16:17 / 10.03.2021
3832
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга март ойи давомида 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинади

Ўзбекистонда эмланган аҳолига эмланганлик ҳақида тегишли сертификат ҳам берилади. Бу ҳақда Covid-19’га қарши вакцинация билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

«Бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга шприц таъминоти, хавфсиз қутилар таъминоти ва бошқалар учун республикамизда 6 млрд сўмдан зиёд маблағлар ажратилган ва харидлар амалга ошириляпти. 10 мингдан ортиқ вакцинаторлар, патронаж ҳамширалари, 33 мингдан ортиқ шифокорлар вакцинацияга тайёргарлик кўришяпти.

Биринчи навбатда эмланадиган аҳоли вакилларини электрон рўйхатга олиш ишлари олиб бориляпти. Янги emlash.uz деб номланган сайт яратилди. Вакцина олган фуқаролар бу сайтда рўйхатдан ўтказиб борилади. Уларга эмланганлик ҳақида тегишли сертификат ҳам берилади», деди Баҳодир Юсупалиев.

Маълум қилинишича, март ойининг иккинчи қисмида – 15-20 март кунларида Ўзбекистонга COVAX дастури бўйича 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилади. Кейинги босқичда Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан 1 млн доза миқдорида харид қилиш ишлари олиб борилмоқда. 

«Ҳозирда тақдим этилган шартнома Россия томонидан кўриб чиқиляпти. Март ойида Ўзбекистон ҳаммуаллиф бўлган ZF-UZ-VAС 2001 вакцинасидан ҳам 1 млн доза олиб келиниши режалаштирилган», деган у.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда эмлаш жараёнларининг бошланиши учун барча тайёргарлик кўрилган. Олиб келинган вакциналарни сақлаш учун махсус омборхоналар ва автомобиллар, эмлаш жараёнида иштирок этиш учун мобил бригадалар ва эмлаш пунктлари шай ҳолатда турибди.

Аввалроқ, Ўзбекистонда аҳолини эмлаш жараёнларининг амалга оширилиши кечикиши билан боғлиқ ҳолатларга изоҳ берилиб, жорий йилда 4 миллион нафардан ортиқ аҳоли Covid-19’’га қарши ҳеч қандай тўловсиз эмланиши айтилган эди.

Мавзуга оид