Жамият | 18:15 / 12.07.2021
15042
9 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳар ҳокимлиги фуқаронинг уйи ноқонуний бузилганини тан олди. Жавобгарликни эса зиммасига олмади

Наманган шаҳрининг Ҳамроҳ кўчасида кўп қаватли уйлар қурилиши сабаб “снос”га учраган қатор фуқаролар ҳокимликдан норози. Фуқаролардан бири қонунсизликдан ҳимояланиш учун уйининг пештоқига Шавкат Мирзиёевнинг суратини илиб қўйган.

Kun.uz 6 июль куни Наманган шаҳри Ҳамроҳ кўчасида яшовчи икки фуқаронинг уйи компенсация тўланмасдан бузилгани ҳақида мақола эълон қилганди.

Мақоладан сўнг, Наманган шаҳар ҳокимлиги вазият юзасидан расмий муносабат билдирди. Kun.uz суриштируви ва ҳокимлик баёнотида жиддий қарама-қаршиликлар бўлгани боис масалани такроран ўрганишга қарор қилдик.

 “Снос”лар ўчоғига айланган Ҳамроҳ кўчасига бу галги ташрифимизда бизга Наманган шаҳар ҳокимлиги вакиллари ҳамроҳлик қилди.

Кўчада қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари шаҳар ҳокимининг 2017 йил август ойидаги 994-сонли қарорига асосан бошланган. Ҳудудда замонавий объектлар ва кўп қаватли уйлар қурилиши боис кўчадаги 200га яқин уй “снос”га тушган.

Аҳоли билан суҳбат давомида аниқландики, Ҳамроҳ кўчасида яшовчи қатор хонадон эгаларида “снос” билан боғлиқ муаммолар бор.

Уй пештоқига президент суратини илиш – ҳимоя чораси

Дастлаб, уйининг пештоқига президент Шавкат Мирзиёевнинг сурати ва унинг шахсий мулкни эгасининг розилигисиз бузиш жиноят эканини эслатувчи сўзлари ёзилган плакат осилган хонадон бошлиғи билан суҳбатлашдик.

Ҳусанбой ва Ҳасанбой Қосимовлар ўз оилалари билан Ҳамроҳ кўчасидаги 51-уй 4-хонадонда истиқомат қилишади. Уларни уйлари “снос”га тушгани ҳақида 2017 йилда огоҳлантиришган.

“Бизни бундан 4 йил олдин уйимиз бузилиши ҳақида огоҳлантиришган. Кўриб турибсизлар, ёнимиздаги уйларни бузишиб ташлашди. Мен Россияга бориб, нонвойчилик қилиб ишлаб келаман. “Россияга кетсам уйимизни бузишмасин”, деб ишлагани ҳам бора олмаяпман. Яқинда шаҳар ҳокими қўшнилар билан бизни келишувга чақиртирди. Қўшнилар билан келишишди. Мен келиша олмадим.

Бу уйда иккита оила – 10 киши яшаймиз. 4 хона уй ва олдида ҳовличамиз бор. Мен 130 минг доллар компенсация сўрадим. Таклиф қилишса, ундан озига ҳам кўнардим. Бизга худди ўзимизникидек ҳовли олиш учун етарли маблағ керак. Қурувчилар бошида мана шу жойга тушадиган квартиралардан бермоқчи бўлишди. Сўнг: “Бу уйлар қиммат, сизларга тўғри келмайди”, дейишган.

Уйимиз пештоқига президентимизнинг сўзлари ёзилган суратни илдим. Ўзимизни ва бизга ўхшаганларни ҳимоя қилиш учун шу йўлни тутдим. Ҳеч ким президент сўзларига хиёнат қилмаслиги керак”, – дейди Ҳусанбой Қосимов.

51-уй 5- ва 6-хонадонлар эгаси Илҳомжон Юнусов уйининг нархи бўйича шаҳар ҳокимлиги билан келишувга эришиши арафасида эканини айтди.

“Ҳокимиятдан вакиллар келиб, турли таклифларни билдиришди. Ўтган ҳафта шаҳар ҳокими қабулида бўлдик. “Рози қиламиз, таклифларни беринглар”, дейишди. Насиб қилса, шу кунларда келишувга эришамиз”, – дейди у.

Равзахон она Абдуллаева кўчадаги 58-уйда ўғли, келини ва набиралари билан яшашини айтади.

 “Уч йил олдин уйимиз “снос”га тушган. Атрофимиздаги уйлар бузилиб кетди. Ҳаммаёқ кавлаб ташланган. Набираларимиз чуқурлар ёнида ўйнайди.

Бизга уйимиз ўрнига бериладиган жойни кўрсатишди. Шаҳарнинг жуда чеккасида экан. Яна бир келиб, ўша чекка жойлардан кўрсатишди. Рози бўлмадим.

Биз шаҳар марказида яшаб ўрганганмиз. Ўзим қандли диабет касалим бор. Икки хонали уйимиз, кичик бўлса-да, ҳовлимиз ўрнига шу атрофдан ҳовли сўрадик. Нархи 33 минг долларга атрофдан ҳовли топдим. Шаҳар ҳокимлиги қиммат деб, олиб беришга рози бўлмади. Ахир худди ўзимизникидек марказда, газ, “свет” ўчмайдиган, мактаб, боғча, поликлиника яқин ердан уй сўрашга ҳаққимиз бор-ку?” – дейди Р.Абдуллаева.

“Биз қонуний ҳаққимизни сўрадик”

Kun.uz мақоласи эълон қилинганидан сўнг, Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати мурожаатчилардан бири бўлган Фозил Устабоевнинг сўзлари ёлғон экани, унга ҳокимлик томонидан 4,4 миллион сўм пул маблағи ва қурилиш материаллари берилгани ҳақида видеомақола эълон қилди.

Биз Фозил Устабоевдан шу ҳақда сўрадик.

“Ҳақиқатда менда уйимнинг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат йўқ. “Снос” жараёни бошланганида мен ҳужжатларимни тиклаш учун турли идораларга мурожаат қилганман. Шаҳар ҳокими менга: “Агар шу ерда узоқ йиллардан бери яшаганингизни маҳалла фуқаролар йиғини ва қўшнилар тасдиқласа, сизга ҳам барча қатори компенсация берилади”, деганди. Лекин ундай бўлмади.

Шаҳар ҳокими ўринбосари сиз билан суҳбатда менинг уйим яшаб бўлмас даражадаги абгор ҳолатдаги бир бино бўлганини айтди. Аслида ундай эмас, қўшнилар шуни тасдиқлаши мумкин. Уйим қаср бўлмаса ҳам, яшаш учун шароит бор эди. Қайта қуриш ишлари бошлангач, уйларимизни электрдан, газдан узишгач, яшаш учун онамнинг уйига кетганман.

Шаҳар ҳокимлиги менга қурилиш ташкилоти томонидан 4,5 миллион сўмдан зиёд пул берилгани ҳақида хабар тарқатганини кўрдим. Мен ҳеч кимдан уйим эвазига бир тийин ҳам пул олмаганман. Инкор этмайман, 3 тонна цемент беришган. Бу қанақаси? Бутун бошли уй эвазига уч тонна цемент бериб, ноқонуний бузиб ташлайверишадими?” – дейди Фозил Устабоев.

Жамол Папалодзеда эса уйга тегишли ҳужжат бор. Шундай бўлса-да, унинг уйи ҳам розилигисиз бузиб ташланган.

“Айни пайтда ижарада яшаяпмиз. Барча ҳужжатларимиз бўлса-да, уйимизни компенсация тўламасдан, огоҳлантиришсиз бузиб ташлашди.

Шаҳар ҳокимлигига борсам: “Уйингизни йўл қурилишдагилар бузган” дейишди. Йўл қурилишидагилар эса: “Биз қандай бузамиз, ҳокимият бузди-ку!” деб бир-бирига тўнкашмоқда.

Адлияга мурожаат қилдик. Натижасини кутяпмиз. Уйимизнинг бузилиши бўйича ёзма равишда ёки оғзаки огоҳлантириш беришмади. Уйсиз, жойсиз, мулксиз кўчада қолдик. Ҳокимият учун қонунлар ишламайдими?” – дейди Ж.Папалодзе.

Ҳоким ўринбосари фуқаронинг уй ноқонуний бузилганини тан олди

Ҳамроҳ кўчасида Наманган шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Абдулбосит Исмоилов билан ҳам суҳбатлашдик.

У билан камера олдида қилган суҳбатимиз давомида мутасадди мазкур лавозимга яқинда тайинланганлигини рўкач қилиб, кўп саволларимизга жавоб бера олмаслигини айтди.

“Фозил Устабоев бузилган уйга нисбатан эгалик ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олмади. Шунинг учун бинолар бузиб ташланди.

Жамол Папалодзенинг барча ҳужжатлари бор. Унинг уйини бузиш ишларида ҳокимлик қатнашмаган. Бу уй ҳақиқатан ҳам нотўғри бузилган. Жамол Папалодзе судга мурожаат қилиши мумкин”, – дейди А. Исмоилов.

Ҳоким нима дейди?

Наманган шаҳар ҳокими Ғофир Жамолов биз билан суҳбатда, бузилишга тушган турар ва нотурар жойларнинг компенсацияси инвесторнинг зиммасига юклатилгани, фуқарони рози қилган ҳолда бузиш ишларини олиб бориб, қурилиш жараёнини амалга ошириши кераклигини таъкидлади.

“Яшаб турган фуқаролар бир неча бор огоҳлантирилган. Бир неча бор оғзаки ва ёзма музокаралар олиб борилди. 2018 йилда амалга ошириладиган қурилишлар, уларга бериладиган огоҳлантиришлар, ҳар қандай ҳужжатларимиз бўлса, сизларга очиқлашга тайёрмиз.

Жамол Папалодзе уйининг бузилиши масаласига келсак, қурилиш ташкилотининг раҳбари у билан келишув бўлганини, ўша келишув асосида уйни бузганини таъкидлади. Бу ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, алоҳида назоратга олганман. Чунки мулк эгасининг ҳуқуқи поймол бўлмаслиги керак. Буни биз ўзимиз назоратга оламиз. Бу – бизнинг тўғридан тўғри вазифамиз, охирига етказамиз”, – дейди шаҳар ҳокими.

Хулоса шуки, Ҳамроҳ кўчасида қайта қуриш ишлари бошланганидан бери “снос” билан боғлиқ ишлар тизимли ва тартибли равишда йўлга қўйилмаган.

Ҳокимлик вакиллари бизга “снос”га тушган кўча аҳолиси билан ўтказилган умумий йиғилиш, “снос”га тушган хонадонлар рўйхати, хонадон эгаларига берилган огоҳлантириш хатлари, уйларни баҳолатиш билан боғлиқ бирор ҳужжатни уч кун давомида тақдим қила олмади.

Энг қизиғи, айрим фуқароларнинг уйи ҳеч қандай компенсация берилмай бузиб юборилган. Ҳокимият эса кўзини кўр, қулоғини кар қилиб олган. Мутасаддилар ўзларини гўёки уйни ким бузганидан бехабардек тутмоқда.

Бундай пала-партишликлар давом этавериши фуқароларда давлат идораларига нисбатан ишончсизликни ошириб бораверади.

Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини таъминлашда прокуратура ва адлия органларидан ташаббус кутиб қоламиз.

Элмурод Эрматов,

Kun.uz махсус мухбири

Оператор ва монтаж усталари –

Жаҳонгир Маҳмудов, Боймирза Халилов

Мавзуга оид