Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг соядаги флоти нега Европа томонидан АҚШдагидек ҳибсга олинмаяпти?
Россиянинг норасмий танкерлари атрофидаги баҳсларда Европа Иттифоқи танқидга учраяпти. Зеленский ҳам Давосдаги нутқида европаликлардан норозилигини билдирди. Хўш, АҚШ қатъий чоралар кўраётган бир пайтда, нега ЕИ юмшоқ позиция танлаяпти? Бу саволга Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Умрбек Юсупов жавоб берди.
— АҚШ Россиянинг “соя флоти” танкерларини ҳибсга оляпти. Нега Европа Иттифоқи бундай қилмаяпти?
Камолиддин Раббимов: Бу масалада бир нечта муҳим жиҳатлар мавжуд. Улардан энг асосийси – халқаро ҳуқуқ масаласидир.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро сув йўлларида эркин ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида кўплаб қонунлар ва конвенциялар қабул қилинган. Европа Иттифоқи эса бугунги кунгача дунё денгизларида эркин сузишни ҳимоя қилиб келаётган субъектлардан бири ҳисобланади.
Халқаро ҳуқуқ ва амалдаги конвенцияларга кўра, ҳар бир давлатнинг денгиздаги ҳудудий сувлари мавжуд. Бу ҳудуд қирғоқ чизиғидан 22 километргача бўлган масофани ўз ичига олади ва давлатнинг тўлиқ ички ҳудуди ҳисобланади. Масалан, Жанубий Корея, Шимолий Корея ёки Туркия қирғоқларидан 22 километргача бўлган денгиз майдони тўғридан тўғри ушбу давлатларнинг суверен ҳудудидир. 22 километрдан 44 километргача бўлган ҳудуд эса чегарадош зона саналади. Бу ҳудуд давлатнинг тўлиқ ички ҳудуди бўлмаса-да, у ерда божхона, фискал, қонунчилик ва иммиграция масалалари бўйича давлат органлари назорат ўрнатиш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. Кейинги босқич – эксклюзив иқтисодий зона бўлиб, у қирғоқдан 370 километргача бўлган денгиз ҳудудини қамраб олади. Бу зона доирасида давлат табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича тўлақонли ҳуқуққа эга. 370 километрдан кейинги ҳудудлар халқаро эркин сувлар ҳисобланади.
Халқаро сувларда исталган давлат кемалари ҳеч қандай рухсатсиз, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга. Ҳеч бир давлат бу ҳудудда кемаларни тўхтатиб, ҳужжат текширишга ҳақли эмас.
Бугунги кунда дунё бўйлаб 5 мингдан ортиқ танкер мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти нефт ва газ ташийди. Шулардан мингга яқини Россияга тегишли бўлиб, бу танкерлар Россия нефтининг тахминан 80 фоизини ташимоқда. Халқаро санкциялар остидаги давлатлар: Эрон, Венесуэла ва Россия айнан халқаро эркин сузиш ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз нефт ва газини яширин йўллар билан сотиб келмоқда. Россия нефти асосан Хитой ва Ҳиндистонга етказилади.
2025 йил декабр ва январ ойидан бошлаб Доналд Трамп маъмурияти “соядаги флот” деб аталадиган танкерлар фаолиятига қарши чораларни кучайтирди. Ҳозирча бу чоралар тўғридан тўғри Россия ёки Эронга эмас, балки Венесуэлага бориб-келаётган танкерларни тўхтатиш ва текшириш орқали амалга оширилмоқда. Бунинг асосий сабаби ҳам Венесуэла омили билан боғлиқ.
Европа Иттифоқининг халқаро ҳуқуқни бузмаслик мажбуриятига амал қиляпти. Россиянинг соядаги флотини текшириш учун ҳали ҳуқуқий асос етарли эмас. Бу борада ЕИ ҳозир Россияга қарши 20-санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда, аммо у ҳали кучга кирмаган.
Шу билан бирга, Венесуэлада ҳокимият қисман бўлса-да АҚШ назоратига ўтгани, янги раҳбарият Трамп сиёсатига мос ҳаракат қилаётгани ҳақидаги қарашлар мавжуд. Бу ҳолат келгусида навбат Эрон ва Россия танкерларига ҳам келиши мумкин деган тахминларни кучайтирмоқда. Европа Иттифоқи эса халқаро ҳуқуқий асос бўлмасдан Россия танкерларига тегиш тўғридан тўғри Россия билан кескин қарама-қаршилик, ҳатто уруш хавфини келтириб чиқариши мумкин, деган хавотирдан келиб чиқиб, эҳтиёткорликни афзал кўрмоқда.
Трамп – йирик ва қудратли давлат раҳбари сифатида бундай қарорларни тез ва қатъий қабул қила олади, Европа Иттифоқида эса ҳозирча бундай ҳуқуқий ва сиёсий эркинлик йўқ. Шу сабабли Европа Иттифоқи кескин қадамлардан тийилиб, тўғридан тўғри можаро эҳтимолини камайтиришга интилмоқда.
Умрбек Юсупов: Бу танкерларнинг техник ҳолати одатда яхши эмас. Уларни мажбурий суғурталаш талаблари мавжуд бўлса-да, кўплаб кемалар турли байроқлар ва юрисдикциялар остида ҳаракат қилади. Россия айнан шу механизмдан фойдаланиб, алдов йўллари орқали ўз танкерларини турли давлатлар байроғи остида рўйхатдан ўтказади. Айрим давлатлар билан тузилган шартномалар асосида ўз ваколатларининг бир қисмини ушбу кемаларга делегация қилади, натижада улар расмий жиҳатдан бошқа юрисдикция остида фаолият юритади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, бу танкерлар қўлга тушмаслик учун нейтрал сув ҳудудларида юкни бир кемадан бошқасига ўтказади. Бу жараён орқали юк манбайи яширилади ва из йўқотилади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бундай “яширин флот” таркибидаги кемалар сони 600 дан 1000 тагача етади. Шундан тахминан 20 фоизи Россияга тегишли экани айтилади ва бу рақамлар реал ҳолатга мос келади.
Мазкур танкерларнинг техник аҳволи жуда оғир. Айрим кемалар аллақачон чўкиб кетган, бошқалари эса озгина ташқи таъсир бўлса ҳам жиддий зарар кўриши мумкин бўлган даражада эскирган. Шунга қарамай, бугунги кунда айнан шу флот Россия учун энг муҳим логистика воситасига айланиб қолмоқда.
Эътибор берилса, Украина ҳам бир неча бор ўз ҳудудидан минглаб километр узоқликдаги сув ҳудудларида Россия танкерларига зарба берган. Шу нуқтада мен Зеленскийнинг айрим баҳоларига қўшилмайман. Амалда Европа Иттифоқи ҳудудида, хусусан Финландия, Эстония ва Норвегия портларида Россияга алоқадор кемалар бир неча бор тўхтатилган. Муаммо уларни ушлашда эмас, балки жазолаш масаласида кескинлик етишмаслигидадир. Текширувлар ўтказилмоқда, бироқ қатъий чоралар кўрилмаяпти.
Бу тизим фақат етказиб берувчи томонга боғлиқ эмас. Нефт ва газни қабул қилаётган давлатлар ҳам жараёнга ҳисса қўшмоқда. Юкларнинг қарийб 80 фоизи нефт, 15–20 фоизи эса суюлтирилган газдан иборат. Ҳиндистон сингари истеъмолчи давлатлар бу маҳсулотларни қабул қилиш орқали яширин ташиш, юкни беркитиш ва кемадан кемага ўтказиш амалиётларига шароит яратмоқда. Агар харидорлар билан ҳамкорлик бўлмаганида, бу тизим амалда ишламас эди.
Европа Иттифоқи юқори ҳуқуқий ва сиёсий стандартларга амал қиладиган минтақа сифатида, бу механизмдан осонликча четга чиқолмайди. Буни музлатилган Россия активлари масаласида ҳам кўриш мумкин: активлар Европа қўлида бўлса-да, уларни бериш бўйича ҳануз якдил қарорга келинмаган. Шундай экан, танкерлар масаласида Европанинг эҳтиёткорлиги тушунарли.
Бундан ташқари, бу жараёнда иқтисодий омил ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Масалан, Ҳиндистон мисолида кўриш мумкинки, кучли сиёсий босим ва таҳдидларга қарамай, арзон нефт манфаатлари устувор бўлиб қолмоқда. Айрим давлатлар иқтисодий фойда эвазига сиёсий рискларга ҳам тайёр.
Хулоса қилиб айтганда, “яширин флот”нинг сақланиб қолиш мантиғи сиёсатдан кўра кўпроқ иқтисодий ва энергетик эҳтиёжлар билан боғлиқ. Шу эҳтиёж мавжуд экан, бу тизим ҳам яшашда давом этади.
Суҳбатни тўлиқ YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
10:35
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:04
Россия бензин экспортини июл охиригача тўхтатди
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
15:24 / 02.04.2026