Қирғизистон Мудофаа вазирлиги 31 март куни Кант авиабазасида жойлашган Су-25 самолёти билан содир бўлган воқеадан сўнг, Россия қирувчи самолётларининг ўқув-машғулот парвозларини тўхтатди, деб хабар берди 24.kg.

Машғулот парвози чоғида Россия самолёти тасодифан иккита ўқув снарядини ташлаб юборган. Қирғизистон Мудофаа вазирлиги «иккита ўқув ўқ-дорисининг рухсатсиз ташланиши» содир бўлганини таъкидлади. Бўш снарядлар ялангликка тушган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар бўлмади.

Ҳодиса сабаблари аниқлангунга қадар ўқув-машғулот парвозлари тўхтатилди. Тегишли текширув Қирғизистон ҳарбий прокуратураси томонидан бошланган. Бундан ташқари, Россия Ҳаво-космик кучлари қўмондонлиги яқин вақт ичида республикага етиб келадиган махсус комиссия тайинлашга қарор қилди.

Қирғизистон ОАВ маълумотларига кўра, ҳодиса Иссиқкўл тумани Сари-Қамиш қишлоғининг юқори қисмидаги далалар устида содир бўлган. Снарядлар тушиши оқибатида ерда радиуси 2-3 м бўлган иккита чуқурча ҳосил бўлган.

Россия авиабазаси Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Кант шаҳрида жойлашган. Бу ерда Су-25СМ самолётлари ва Ми-8 вертолётлари жойлаштирилган.