Спорт | 14:05 / 22.09.2021
14377
3 дақиқада ўқилади

Ҳакамлар қанча гонорар олади, трансляциялардан қанча даромад кўрилди? ПФЛ сўнгги бир йилдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси сўнгги бир йил давомида ташкилот томонидан қилинган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

2020 йилнинг июнь ойида футбол учрашувлари пандемия сабаб икки марта тўхтаб қолганди. Мана шундай мураккаб шароитда ЎФА президенти ЎзПФЛ ўзгаришларга муҳтож эканини қайд этди ва унга янги раҳбар тайинлаш таклифини берди. 

Ўзбекистон миллий чемпионати ўйинларини ўтказадиган ПФЛ ишни энг аввало ташкилотнинг юзи бўлмиш расмий сайтини тўлиқ янгилаб, барча натижалар ва статистик маълумотлар жой олган базага айлантирди. Расмий саҳифада барча профессионал клубларнинг таркибидан тортиб, қайси ўйинчи неча дақиқа тўп сургани ва гол ургани ҳақида маълумотлар тезкорлик билан киритилмоқда. Бугунги кунда мусобақалар регламентини аввалгидек фақат рус тили эмас, ўзбек тилида ҳам сайтдан юклаб олиш ҳам мумкин.

ПФЛ томонидан эълон қилинган видеода қайд этилишича, ташкилот ўйинларда ишлагани учун ҳакамларга ҳақ тўлайди, аммо уларни учрашувларга тайинлаш ва тайёрлаш ЎФАнинг зиммасидаги вазифа. Бош ҳакамларнинг ҳар ўйиндаги ўртача гонорари 2021 йилга қадар 300 АҚШ долларгача бўлган бўлса, бу йил мазкур рақам 550 долларгача кўтарилган. 

Шунингдек, ПФЛ онлайн-трансляциялардан ҳам пул ишлашга ўтган. Ташкилот 2020 йилда «My Cujoo» портали билан ҳамкорликдан 27 минг евро даромад олган бўлса, жорий мавсум биринчи ярмида 24 минг евро даромад қилинган. Суперлига ўйинларидан голлар ва ўйин шарҳини намойиш этиш ҳуқуқи ҳам ПФЛ томонидан илк марта Tribuna.uz ва Championat.asia сайтларига 100 миллион сўмдан сотилган. Яна бир жиҳати - ташкилот Суперлигадан кейинги турнир – Про лигани ҳам трансляция қилиш ҳуқуқини «UzReportTV» телеканалига берди ва бу мусобақа ҳам ўз тарихида илк марта кенг қамровда жонли эфирга олиб чиқилди.   

Қайд этиш жоиз, ўтган 1 йил вақт ичида ЎзПФЛ жамоатчиликнинг ўзига бўлган қарашларини бир қадар ўзгартиришга эришди. Ташкилот бу борада жиддий меҳнат қилган дейиш мумкин.

Мавзуга оид