Ўзбекистон | 07:50 / 02.10.2018
78444
13 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясидаги «жанг». Ким ҳақ-у ким ноҳақ?

Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти Нурхон Нафасов нега тез фурсатда ишдан олинди? Ишдан олинаётган вақтида унинг қонуний вакили нега навбатдан ташқари конференцияга киритилмади? Конференцияни ўтказишда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган федерация низомига амал қилинганмиди? Миллий олимпия қўмитаси каратэ федерацияси президентига Осиё ўйинлари учун аккредитация бермагани ростми? Унгача федерацияга раҳбарлик қилган шахслар маҳаллий тўлов бадалларини кирим қилмай ўзлаштиргани ҳақидаги маълумотлар қанчалик ҳақиқат?

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилгани ва Аламжон Муллаев ташкилотнинг янги раҳбарига айлангани ҳақида хабар қилди.

Хабарда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Адлия вазирлиги вакиллари, федерация Ижроия қўмитаси аъзолари, вилоят федерациялари раҳбарлари, ҳакамлар, мураббийлар ва терма жамоа аъзолари иштирок этишгани айтилганди. Лекин 12 йиллик танаффусдан сўнг, шу йилнинг май ойида федерация раҳбари этиб сайланган Нурхон Нафасов қисқа вақт ичида лавозимини тарк этиши сабаби номаълумлигича қолганди.

«Kun.uz» мухбири Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг собиқ ва ҳозирги раҳбарияти билан боғланди ҳамда Нурхон Нафасовнинг офиси жойлашган ҳудудда бўлди. У иш жойида жамоаси билан ишлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси собиқ бош котиби, Осиё чемпиони ва халқаро тоифадаги спорт устаси Отабек Қосимовнинг айтишича, Федерациянинг навбатдан ташқари конференцияси низом талабларига зид равишда ўтказилган.

Жумладан, Низомнинг V бўлим 39-моддасига кўра, Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари конференциялари федерация президенти таклифи билан раёсат томонидан ёки унинг ўз ташаббуси ёхуд тафтиш комиссиясининг ташаббуси асосида чақирилади. Навбатдан ташқари конференциялар икки ойлик муддатда чақирилиши мумкин.

Отабек Қосимовнинг сўзларига кўра, 25 сентябрь куни «Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси ижрочи директори» Н.Иминов номидан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга 26 сентябрь куни навбатдан ташқари конференция ўтказилишига амалий кўмак бериш сўралган, сохта муҳр ва эски бланк қоғозида ёзилган хат жўнатилган.

Ваҳоланки, низомда ижрочи директор, ижро қўмитаси лавозимлари ваколатли шахс ёки орган сифатида кўрсатиб ўтилмаган.

Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси низоми V бўлим 40-моддасида «Конференция қарори очиқ овоз бериш йўли билан конференция ишида делегатларнинг камида 2/3 қисми қатнашаётган тақдирда иштирок этаётган делегатларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади», дейилган. Бироқ 26 сентябрь кунги навбатдан ташқари конференцияга фақат бир неча вилоят федерациялари раҳбарлари келишган.

«Бу ҳолатда ўз-ўзидан қарор қабул қилиш ваколати бўлмаган», дейди Отабек Қосимов.

Каратэ федерацияси низоми V бўлим 41-моддаси талабларига кўра, ўтказиладиган конференцияларга амалдаги президент раҳбарлик қилиши белгиланган. Лекин 26 сентябрь кунги конференция амалдаги президент Нурхон Нафасовсиз ўтказилган. Унинг қонуний вакили А.Маматовнинг конференцияга кириш учун уринишлари «қўриқчилар»нинг қаршилигига учраган.

Янги раҳбарият ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матжонов айнан Нурхон Нафасов масаласи кўрилаётганда унинг ўзи келиши лозимлиги айтсада, вакилини жўнатгани ва вакил конференция иштирокчилари рўйхатида йўқлигини иддао қилмоқда. Қуйидаги видеода вакил ишончнома асосида борсада, ичкарига киритилмаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Каратэ федерацияси низоми V бўлим 42-моддасида «Федерация президенти сифатида конференцияда қатнашаётган делегатларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод эътироф этилади», дейилган. Бироқ Отабек Қосимовнинг таъкидлашича, янги президентни сайлаш ваколатига эга бўлган делегатлар таркибида кворум мавжуд эмасди, вилоятлардан ҳам вакиллар кворум даражасида чақирилмаганди, чақирилганларнинг аксарияти келмаган.

Конференцияда федерация президенти ўрнига бошқа раҳбар тайинлаш масаласи кўрилсаю, конференция у ёки унинг вакилисиз бўлиб ўтса? Буни қандай тушуниш мумкин? Нега конференция иштирокчилари Нурхон Нафасовнинг ҳисоботини эшитишмади? Нега вазият тегишли ташкилотлар томонидан чуқур таҳлил этилмади? Ёки аризалар асосида ҳам раҳбар ишдан олиб ташланиши мумкинми?

Жасур Матжоновнинг айтишича, у бир неча бор Нурхон Нафасовга алоқага чиққан. У йиғилишга жуда кўпчилик йиғилгани, бу йиғилишда дунё рейтингидаги ўрни пастлаб кетган каратэ федерацияси муаммоси кўрилиши шарт бўлгани ҳақида айтмоқда. Таъкидланишича, Нафасовнинг масаласи кўрилаётганида унинг ўзи шахсан қатнашиши лозим эди. Матжонов Нафасовга ўзи келиши кераклигини қайта ва қайта такрорлаган. Бироқ Нафасов кела олмаслигини айтган ва телефонини ўчирган.

«Йиғилишга вилоятлардан баъзи федерация президентлари ёки уларнинг қўл қўйишга имкони бор шахслари келган», дейди Олимпия қўмитаси бош котиби.

Конференцияда бир неча каратэчи ўз фикрларини билдиришган. Улардан бири Шахбоз Аҳатов Нурхон Нафасов Осиё ўйинларида қатнашишига қарши бўлгани ва руҳий босим ўтказганини билдирган. Айнан шу спортчи Жакартада медал ололмаган. Руҳий босим ўтказилгани ёки бундай бўлмагани масаласини суд ҳал қилади.

Тафсилотларга кўра, конференция бошланиши билан президент, вице-президент ва бош котиб йиғилганлар томонидан бир овоздан сайланган. Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг бош мураббийи, шеф рефериси ва бир қатор мураббийлар Нурхон Нафасовни Осиё ўйинларида етарли натижага эриша олмасликда айблаган.

Фарғона вилоят каратэ Миллий федерацияси ва Миллий олимпия қўмитаси вакили Жасур Матжонов ҳам Нурхон Нафасовнинг ишларига салбий баҳо бериб ўтган.

Раҳбарияти янгиланган каратэ Миллий федерацияси бош котиби Камолиддин Ходжиниязов билан интервю ўтказилганида, у Нурхон Нафасовнинг президентлик фаолияти тугатилишига ўз изоҳини бериб ўтди. «Жойлардан президентлар ва спортчилардан келган аризаларга кўра, мусобақаларга тайёргарлик қониқарли даражада олиб борилмаган. Биринчидан, спортчиларнинг жаҳон рейтинги тушиб кетган. Садриддин Сайматов бунга мисол. У ўн иккинчи ўринга тушиб кетган. Уларга етарли эътибор берилмади», дейди янги каратэ Миллий федерацияси бош котиби.

Миллий олимпия қўмитаси хабарида конференцияда Адлия вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан вакиллар қатнашгани ҳақида айтилганди. Бу маълумот асосида «Kun.uz» ва бошқа маҳаллий сайтлар хабар тарқатди. Аввалига, қўмита сайти хабарида «Адлия вазирлиги вакиллари қатнашгани» ҳақида жумла бўлган. Конференцияда олинган видеода ҳам модератор иккала ташкилотдан ҳам вакиллар қатнашаётганини эълон қилган. Айни вақтда бу ёзувлар хабардан йўқолиб қолган. Кейин маълум бўлишича, конференцияда Адлия вазирлигидан ҳам, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан ҳам вакил йўқ эди. 

Бу ҳолатга Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матжонов ва каратэ федерациясининг янги бош котиби Ходжиниязов изоҳ берди. Уларнинг айтишича, ташкилий масалаларда хатолик кетган. Улар хат асосида таклиф қилинган бўлган, бироқ чақирилганлар «зарур иши чиқиб қолгани» туфайли кела олишмаган.

Маълум қилинишича, Нурхон Нафасов президентликка сайлангач, жамоаси билан архивдаги барча ҳужжатларни қонуний текширувдан ўтказа бошлаган.

Вилоятлардан олинган маълумотларга кўра, эски раҳбарият томонидан 12та вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидан 2016-2017 йилги мавсумда ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларида иштирок этиш учун бадал пуллари йиғилган. Бу маблағлар федерациянинг собиқ раҳбарлари томонидан федерация ҳисоб варағига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилгани аниқланган. Умумий маблағ миқдори 400 млн 920 минг сўмни ташкил этган. Агар бир йилда (!) ўзлаштирилган сумманинг ўзи шунча бўлса, энди бу миқдорни нечадир йилларга кўпайтиринг.

«Бу ҳолат аввал текширилган, ўшанда ўз тасдиғини топмаган. Ростдан шундай бўлса, бунча маблағни ким йўқ қилган бўлса, у албатта жазосини олади», деб изоҳ берган федерация бош котиби Ходжиниязов.

«Kun.uz» билан суҳбатда Нурхон Нафасов вилоятлардан тўплаган маълумотларга асосланиб каратэ федерациясининг жойлардаги раҳбарлари бадалларни ўз вақтида тўлаб келишгани, тўловлар асосан нақд пул кўринишида бўлгани ҳақида гапирган.

Отабек Қосимовнинг маълумотига кўра, собиқ раҳбарлар қаторида Н.Иминов (федерация ижрочи директори, гарчи бу лавозим низомда кўрсатилмаган бўлса ҳам) ва Аламжон Муллаев (федерациянинг янги президенти) ҳам бўлган. Сайт таҳририятида барча вилоятлар каратэ федерациялари қачон ва қанчадан бадал тўлагани ҳақидаги маълумотлар бор (бу маълумотларни Нурхон Нафасов Kun.uz’га тақдим этган).

«Ҳозирда тегишли ташкилотлар бу масалада текширув ишларини бошлашмоқда», деди Нурхон Нафасов.

Кўпчиликка маълум, шу йилнинг август-сентябрь ойларида Жакартада Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Нурхон Нафасов қисқа муддат - уч ой ичида шогирдларини ўйинларга тайёрлашди. Шогирдлари медаллар билан қайтди.

Тартибга кўра, мусобақага федерация президентлари ҳам боради. Уларга Олимпия қўмитаси томонидан аккредитация берилади. Аккредитация аввалига Нурхон Нафасовга ҳам берилиши назарда тутилган. Лекин турнирга икки кун қолганида номаълум сабабларга кўра, унга аккредитация берилмаган. У зудлик билан Осиё олимпия қўмитасига хабар қилган ва у ердан аккредитация жўнатишган. Натижада, у ўз ҳисобидан Индонезияга бориб келган.

Бунга Миллий олимпия қўмитаси бош котиби ўз муносабатини билдириб ўтди: «Атай берилмаган» деган иддао ёлғон. Бу масалани Осиё олимпия қўмитаси ҳал этади. Уларда рўйхат шакллантирилади. Улар эса ўзлари беришган».

«Бундан ташқари, Нурхон Нафасовга мусобақа учун Осиё ўйинларидан аввал 18 кишига пул ажратилган. Лекин у мусобақага 8 спортчини тайёрлаган. Профессионал спортчиларни оддий ётоқхонага жойлаштирган. Етарли эътибор бермаган», дейди Жасур Матжонов.

Нурхон Нафасов бу айбловга ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Мусобақада одам қанча кўп бўлса, ўзаро зиддият кучаяди. Мен бунинг олдини олишим керак эди. Шунинг учун камроқ спортчи танлаб олдим. Қолган маблағни тийинигача қайтарганман», дейди у.

«Мен президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни каратэда ҳам давом эттирмоқчи эдим. Сен Ўзбекистондаги тирик «каратэ афсонасисан» деб федерацияга олиб келган инсонлар бугун оёғимга болта уришди. Қисқа давр ичида 140дан ортиқ мактабгача таълим муассасаларида ва 275дан ортиқ алоҳида тўгараклар жорий қилсам-у булар мени эшитмай, ишни холис кўриб чиқмай ўзбошимчалик билан ишдан бўшатишса. Қани адолат? Мен-ку ўзимга маҳкамман. Қонунларни яхши биламан. Менга шундай ишларни қилишмоқдами, демак бошқа оддий кишилар билан бўладиган ишларни тасаввур қилиш мумкин. Аллоҳ доим мени қўллаган. Бу ишда ҳам қўллашига ишонаман. Президентимиздан давлат раҳбари сифатида бундай адолатсизликларга барҳам берилишида амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб қоламан. Менинг ҳали ўйлаган режаларим кўп ва уларни амалга оширишим керак», дейди Нурхон Нафасов.   

                

                               

Биз бу масалада федерациянинг янги президенти Аламжон Муллаевнинг ҳам фикрини билишга уриндик. Аммо у билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Нурхон Нафасов Марказий Осиёда каратэ бўйича қора белбоғ 6-дан соҳиби бўлган илк ва ягона спортчидир. У 1996-2006 йиллар оралиғида федерация президенти бўлган. Бу даврда жуда кўплаб чемпионлар етишиб чиққан. Республика бўйлаб каратэ билан шуғулланувчилар сони 70 мингдан ортиб кетганди. 

Президент адолатга хизмат қилиш лозимлигини доим такрорламоқда ва бу чақирувга лаббай деб жавоб беришимизни кутмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан юқорида қайд этилган қонун бузилиш деб таҳмин қилинаётган ҳолатларини синчиклаб ўрганиб, тегишли чоралар кўрилишида амалий кўмак сўраб қоламиз. Қонунни бузганлар жазосини олиши лозим ва лобуддир. Қонун ҳимоячилари шаҳар бедарвоза эмаслигини кўрсатиб қўйишларига ишонч билдирамиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан 2016-2017 йилларда ҳудудлардан мусобақаларда иштирок этиш учун йиғилган бадалларнинг тақдири бўйича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан эса каратэ федерациясининг навбатдан ташқари ўтказилган конференцияси юзасидан изоҳ кутиб қоламиз.

Зафарбек Солижонов
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид