Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда «Суперсешанба»: бу нима, овоз бериш қаерларда бўлади ва бу нима учун муҳим?
5 март куни АҚШда «Суперсешанба», бу Оқ уй учун 2024 йилги курашдаги энг муҳим кунлардан бири.

Шу куни Американинг 15 штатидаги сайловчилар икки йирик партиядан президентликка сайловлардаги номзодларини танлайди. Яна бир штатда Демократик партиянинг праймеризи натижалари маълум бўлади.
«Суперсешанба» Оқ уй учун курашдаги икки асосий рақиб — демократлар вакили Жо Байден ҳамда республикачиларнинг асосий номзоди Доналд Трампнинг ҳозирги ҳолати ҳақида тушунча ҳосил қилишда қўл келади.
2024 йилги сайловлар Трампнинг тўрт йил олдинги мағлубият учун реванш жанги бўлиши кутилмоқда.
«Суперсешанба» нима дегани?
Шу куни кўпчилик штатларда президентлик праймеризи тақвими доирасида овоз бериш жараёни ўтказилади.
Алабама, Аляска, Арканзас, Калифорния, Колорадо, Мэн, Массачусетс, Миннесота, Шимолий Каролина, Оклаҳома, Теннесси, Техас, Юта, Вермонт, Виржиния ва Америка Самоасида (формал жиҳатдан бу штат ёки штатнинг бир қисми эмас, АҚШнинг Тинч океани жанубий қисмидаги уюшмаган ҳудуддир — яъни Қўшма Штатларнинг Америка ҳукумати бошқаруви остидаги ҳудуди) сайловчилар овоз беришга чиқади.
Республикачилар бу 15 штатнинг барчасида овоз беришади. Демократлар — ҳам шу штатларда, фақат Аляска бундан мустасно, улар Америка Самоасида ҳам дастлабки овоз беришни ўтказади.
Шу куни демократларнинг Айовадаги праймеризи якунлари маълум бўлади, бу ерда бир неча ҳафтадан буён почта орқали овозлар йўлланмоқда.
Қанча делегат қандай қилиб танланади?
Ҳар бир овоз бериш натижаларига кўра, делегатларнинг овозлари биринчи ўринни эгаллаган номзодларга ўтади, улар кейинроқ икки партиянинг шу йил ёзида ўтадиган қурултойларида партия номзодини илгари суриш учун расман овоз беришади.
«Суперсешанба»да барча делегатлар овозларининг учдан бир қисми тақсимланади — республикачиларда 865 ва демократларда камида 1420.
Трамп штабининг прогнозларига кўра, «Суперсешанба»да у камида 773 делегат овозини қўлга киритиши ва март ойидаёқ номзодини кўрсатиш учун зарур бўлган овозларга эга бўлиши керак. Айни вақтда унда 244 делегат овози бор, унинг ягона рақиби Никки Ҳейлида — 43.
Республикачилар номзоди тасдиқланиши учун камида 1215 делегат овози керак. Демократларда — 1968.
Трамп учун нима ўртага тикилган?
Барча сўровларга кўра Трамп Ҳейлидан сезиларли устунликка эга. У праймеризда қолган сўнгги рақибини ҳам пойгадан чиқариб юборишга умид қилмоқда.

Аммо АҚШнинг БМТдаги собиқ махсус вакили ҳисобланган Никки Ҳейли шу вақтга қадар фақат Вашингтон штатидаги праймеризда биргина ғалабага эришганига қарамай, курашни давом эттирмоқчи. Шу билан бирга, яқин вақтгача уни фаол ва сахийлик билан молиялаштириб келган ҳомиялари аста-секин ундан юз ўгира бошлаган.
Шундай экан, Ҳейлида ғалаба қозониш режаси кўриб чиқилмаяпти. «Суперсешанба» — унинг Трампга устунлигини мустаҳкамлашга халақит қилиш ёки умуммиллий сайловлардан олдин унинг заиф нуқталарини фош этиш учун сўнгги имкониятдир.
Айрим праймеризларда Трампда Америка шаҳарларининг чекка қисмларида яшовчи олий маълумотли аҳоли вакилларини ўз томонига оғдиришда муаммолар юзага келди — бу демографик гуруҳ якунда унинг Оқ уйга қайтишига халақит бериши мумкин.
Байденда нима гаплар?
Катта эҳтимол билан конгрессмен Дин Филлипс ҳамда ўзини такомиллаштириш бўйича китоблар муаллифи Марианна Уилямсон ҳам ўз номзодини илгари суришига қарамай, Жо Байден Демократик партиядан номзод бўлиши деярли аниқ.

Байденнинг сайловолди кампанияси 27 феврал куни Мичиганда муаммога дуч келди, бу ерда сайловчиларнинг 13 фоизига яқини Ғазодаги вазият ҳамда президент Исроилни қўллаётгани туфайли уюштирилган норозилик акцияси доирасида ўзини «иккиланаётган сайловчи» деб эълон қилди.
Фаоллар «Суперсешанба»да Калифорния, Колорадо, Шимолий Каролина, Миннесота ва Вермонт штатларида ҳам шундай кампания ўтказмоқчи.
Кенгроқ қилиб айтганда, бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкаларидан чиқишда ўтказиладиган сўровлар асосида, муҳим электорал гуруҳлар, жумладан ёш сайловчилар ўртасида президент номзодини қўллаб-қувватлашдаги фарқлар Байденнинг имкониятларига қандай таъсир қилиши мумкинлиги борасида хулоса қилиш мумкин.
Натижалар қачон маълум бўлади?
АҚШнинг шарқий соҳили ва Америка Самоасини олти соатлик вақт зонаси ажратиб туриши ҳисобга олинса, якуний натижалар дарҳол маълум бўлмайди.
Дастлабки маълумотлар Америка вақти билан сешанба куни кечқурун шарқий соҳилдаги сайлов участкалари ёпилганидан кейин кела бошлайди.
Америка телеканаллари штатларга тахминан шарқий вақт билан соат 20:00 да (Гринвич бўйича 01:00) қўнғироқ қилишни бошлашни режалаштирган.
Нимани кузатиш керак?
Барча эътибор Шимолий Каролинага қаратилади, бу «Суперсешанба»да овоз бериш ўтказиладиган ягона иккиланувчи штат. 2020 йилда Трамп бу ерда Байденни бир фоиздан ортиқроқ пункт фарқи билан ортда қолдирганди.
Олий суд қароридан кейин, Колорадо ва Мэн штатларида ҳам Трампнинг фамилияси сайлов бюллетенларида қолдириладиган бўлди, бу икки штат уни 2020 йил 6 январида Капитолий воқеалари туфайли дисквалификация қилишга уринганди.
«Суперсешанба»даги овоз беришнинг яна бир хусусияти шундаки, бир қанча штатларда қайси партияга мансублигидан қатъи назар барча сайловчилар праймеризда овоз бериши мумкин.
Шундай штатлардан бири — Виржиния, бу ерда республикачилар тарафдорлари бўлган сайловчилар нисбатан мўътадиллиги билан ном қозонган. Ҳейли айнан шу ерда ғалаба қозониш учун нисбатан яхшироқ имкониятга эга, лекин шунинг ўзи билан умумий картина ўзгариши даргумон.
BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер эътибор қаратиш зарур бўлган тўрт жиҳатни қайд этган.
- Сўровлар Доналд Трамп барча 15 штатдаги праймеризларда осонлик билан ғалаба қозонишини кўрсатмоқда. Аммо экзит-поллар натижалари айрим сайловчилар собиқ президентдан норозилигини кўрсатиб бериши мумкин. Олдинги сўровлар кўрсатгандики, агар собиқ президент ўзига қарши суд жараёнларидан бирортасида айбдор деб топилса, сезиларли озчилик Трампни ноябрдаги сайловларда қўллаб-қувватламайди.
- «Суперсешанба»даги мағлубият Трампнинг пойгада қолган ягона рақиби Никки Ҳейлининг пойгани тарк этишини тезлаштириши мумкин. У президентлик пойгасидаги олдинги бошқа рақиблар каби якунда Трампни қўллайдими? Мустақил номзод сифатида сайловдаги иштирокини давом эттирадими? У 2028 йилги президентлик пойгасига тайёрланадими? «Суперсешанба»дан кейинги қарорлар унинг кейинги сиёсий тақдирини ҳал қилиб бериши мумкин.
- Худди шу каби Жо Байденда ҳам жиддий рақиб йўқ, аммо Ғазодаги вазият ва яқинда Мичигандаги праймеризда бўй кўрсатган норози сайловчилар тренди тўсатдан пайдо бўлган тўсиққа айланиши мумкин. Мамлакатда энг кўп мусулмон ва араб аҳоли яшайдиган Мичигандаги сайлов натижалари энг йирик норозилик овоз беришлари бўлиб қолиши мумкин — бошқа штатларда вазият бунчаликка бориши кутилмаяпти. Аммо давомат ва экзит-поллар натижалари Байденнинг позициясининг кучли (ёки заиф) томони ҳақида тушунча ҳосил қилиши мумкин.
- Бир қанча штатларда (Калифорния, Шимолий Каролина, Техас) сайловчилар праймеризда нафақат президентликка номзодларга овоз беради, балки бўлажак сенаторлар, конгрессменлар ва бош прокурорни ҳам кўрсатишади. Овоз бериш натижалари бўлажак президент келаси йил январида қасамёд қабул қилганидан кейин қандай сиёсий муҳитда ишлаши кераклигини аниқлашга ёрдам беради.
Мавзуга оид
16:34
Гренландия ва Дания аҳолиси Трампга қарши намойишга чиқди
14:40
Трамп Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига доимий аъзолик учун 1 млрд доллар талаб қилмоқда
23:16 / 17.01.2026
Венесуэла устидан назорат Трампни “нефт қироли”га айлантира оладими?
22:43 / 17.01.2026