Bloomberg: Пригожин «Вагнер»нинг Украинадаги фаолиятини қисқартирмоқчи
Сўнгги вақтларда «Вагнер»га қамоқхоналардан маҳбусларни ёллаш тақиқланган, ўқ-дори етказиб бериш чекланган.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ўз «хусусий армияси»нинг Украинадаги фаолиятини қисқартириб, яна асосий эътиборини Африкага қаратмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg «бу масаладан яхши хабардор бўлган» манбаларига таяниб хабар қилмоқда.
Bloomberg нашрининг ёзишича, Россиядаги куч ишлатар тузилмалар ва сиёсий истеблишмент Пригожинни «ўсиб келаётган таҳдид» сифатида кўрмоқда. Украинадаги уруш учун маҳбусларни ёллаш «тақиқлангач», у энди шахсий таркиб ва ўқ-дори етишмовчилиги муаммоси билан «курашмоқда», дея қайд этади газета.
Нашрнинг Кремл ва махсус хизматларга яқин бўлган манбалари айтишича, «Вагнер» ХҲК Бахмутни бир неча ой давом этган жанглардан кейин барибир қўлга кирита олмагани туфайли, қўмондонлик Россия президенти Владимир Путинда «вагнерчилар»нинг «мақталган ҳарбий қудрати» борасида «шубҳа уйғотиш»га муваффақ бўлган. Bloomberg суҳбатдошларига кўра, якунда қамоқхоналардаги маҳбусларни ёллаш имконияти РФ мудофаа вазирлигига ўтказилган. Улар шунингдек Пригожиннинг мустақиллиги Кремлни «безовта қилгани»ни қайд этишган.
Шу билан бирга, Bloomberg нинг ёзишича, ҳозирча «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари Африкага ўтказилаётгани белгилари кўзга ташланмаяпти. Аммо журналистлар ҳафта бошида хусусий ҳарбий компанияга ишга қабул қилиш бўйича жойлаштирилган эълонга эътибор қаратишган, унда даъвогар ярим йилга Украинага ва 9-14 ойга — Африкага кетишга таклиф этилади. Мақолада бундай вакансия айнан қаерда эълон қилинганига аниқлик киритилмаган.
Пригожиннинг ўзи Bloomberg мақоласига қуйидагича муносабат билдирган: «Мен Bloomberg нима хабар қилганини билмайман, аммо, афтидан, улар биз келажакда нима қилишимизни мендан кўра яхшироқ билишади. Токи биз ўз ватанимизга керак эканмиз, биз Украина ҳудудида жанг қиламиз».
- 20 март куни Пригожиннинг матбуот хизмати унинг Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга мактубини эълон қилганди. Унда у «вагнерчилар» Бахмутнинг 70 фоиз ҳудудини назорат қилаётгани ва юриш қилишда давом этаётганини ёзади. У «мавжуд маълумотлар»га кўра март ойи охирида — апрел ойи бошида украинлар армияси кенг кўламли юриш бошлаш ва хусусий ҳарбий компания отрядларини Россия қўшинларининг асосий гуруҳидан узиб қўйиш мақсадида қанотлардан зарбалар бериши ҳақида айтган. «Вагнер» ХҲК РФ қуролли кучларининг асосий кучларидан узиб қўйилиши ва бу махсус ҳарбий амалиёт учун салбий оқибатлар келтиришининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришингизни сўрайман», — дейилган мактубда.