Ўзбекистон | 22:00 / 09.01.2022
24604
13 дақиқада ўқилади

Концепциями ёки имитация? — жамоат транспортининг ечилмаган муаммолари

Транспорт вазирлиги Тошкент транспорт ва йўл инфраструктурасини қандай тасаввур этиши ҳақида.

2021 йил декабрида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳар транспорти ва транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси эълон қилинди.

Айрим ижобий жиҳатларини ҳисобга олмаганда, бу ҳужжат «концепция» тушунчасига мос келмайди, деб айта оламиз. Зеро, у концептуал ёндашув, ечим, илмий асосланган таклифлар, шаҳар аҳолиси учун зарур бўлган ғояларни ўзида акс эттирмаган.

Концепция нима?

«Концепция» тизимли қарашлар, тушунчалар, мазмун ва мақсадларни акс эттириши керак, фақатгина чора-тадбирларни эмас. Функциясига кўра транспорт ва йўл инфраструктураси концепцияси кенг қамровли, йўл-транспорт сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайдиган бўлиши лозим.

Концептуал ёндашув бошқарувдан бошланиши керак

Мазкур концепция энг муҳим масалани — йўл-транспорт инфраструктураси бошқаруви масаласини қамраб олмаган. Ваҳоланки, яхши бошқарувсиз на яхши йўл ва на яхши транспорт тизими бўлади.

Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлсак, йўл-транспорт инфраструктураси турли вазирлик ва идоралар бошқарувида бўлиб, аниқ ва уйғун тизим, ягона сиёсат йўқ. Йўллар бир пайтнинг ўзида Транспорт вазирлиги, ҳокимликлар, Вазирлар Маҳкамаси бошқарувида, йўлларни режалаштириш маҳаллий ҳокимият таклифи ва Вазирлар Маҳкамаси даражасида, жамоат транспорти ҳокимлик таркибидаги Транспорт бошқармаси бошқарувида.

Бундай ҳолат самарадор бошқарувни ташкил этишга тўсқинлик қилади. Транспорт тизимини, айниқса жамоат транспортини муттасил ўрганиб бориш ўта паст даражада. Концепцияда кўрсатилган автобуслар, бекатлар, тротуарларни янгилаш ва бошқа тадбирлар яхши бошқарув шароитидагина самарали олиб борилади. Йўқса, автобус янгилаш учун ҳар сафар янги концепция қабул қилишга тўғри келади...

Концепция жамоат транспортига нисбатан концептуал ислоҳот ғояларини тақдим этмаган. Унда янги транспорт йўналишлари очиш, автобусларни янгилаш каби таклифлардан ташқари, жамоат транспорти мақсади, бошқаруви, тизимли ишлаши учун мўлжаллар келтирилиши керак эди.  

Жамоат транспорти маҳаллий ҳокимият томонидан (жамоатчилик кенгаши билан бирга) ягона сиёсат асосида бошқарилиши, доимий тадқиқ қилиниши керак.

«Сал юришинглар, ўрта бўш-ку!»

Тирбандлик, йўлдаги ўлимлар, жароҳатлар, экологик зарар ва бошқа йўл-транспорт муаммоларининг асосий ечими — яхши жамоат транспорти. Жамоат транспорти шаҳар аҳолисининг муҳим базавий эҳтиёжидир. Ундан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини ўрта ва кам даромадли аҳоли, шу жумладан ёшлар (ўқувчи ва талабалар) ташкил этади (Шу ерда айтиш керакки, ёшларга айнан қулай транспорт инфраструктураси кўпроқ керак, дабдабали форумлар эмас).

Концепцияда шаҳар жамоат транспорти муаммолари ва уларнинг сабаблари сифатида йўналиш тармоғи эскиргани, шу сабаб аҳоли талаби қондирилмагани, автобуслар оралиқ кутиш вақтлари узоқлигига эса техник носозлик сабаб бўлаётгани келтирилган.

Ўзим жамоат транспортидан доимий фойдаланувчи одам сифатида айтишим мумкинки, бугун Тошкент шаҳрида жамоат транспорти аянчли аҳволда, автобусларда юриш катта стресс ва вақтни исроф қилишдир.  

Муаммоларнинг айримлари:

  • Автобуслар оралиқ кутиш вақти жуда катта ва аниқ эмас, манзилга вақтида бора олмайсиз, кўп кутасиз ва тиқилинчда азобланасиз.
  • Автобус салони тўлганда ҳам ҳайдовчилар уни янада тўлдирмоқчи бўлади. Бунинг ечими топилиши керак.
  • Автобуслар ташиш ҳажми жуда паст, доимий тиқилинч, ноқулай ва хавфли.
  • Кичик сиғимли автобуслар кўп.
  • Автобуслардаги кондукторлар ноқулайликни оширади.
  • Ҳайдовчилар йўналишдаги бошқа автобуслар билан рақобатлашиб, баъзида жуда секин (5-6 км/соат), баъзида ўта тезлик билан юришади, катта бекатларда эса кўп кутиб қолинади.  
  • Ҳайдовчи ва кондукторларнинг хулқ-атвори масаласи... Сигарет чекиш, бақириб гаплашиш, йўловчиларга «ўрта бўш-ку, юришинглар», деб ҳайқиришлар...

Булар муаммоларнинг ҳаммаси эмас.

Мазкур ҳолат сабаб одамлар таксидан кўпроқ фойдаланади ёки шахсий автомобил олишга мажбур бўлади. Бу эса тирбандликларга, йўллардаги ўлим ва жароҳатланиш кўпайишига, экологияга зарар етказилишига сабаб бўлади.  

Замонавий шаҳарлар тажрибаси енгил рельсли транспортлар (трамвай) афзаллигини кўрсатмоқда, зеро бу транспорт экологик тоза, тирбандликка хизмат қилмайди, арзон ва тез. Биз эса трамвайлардан воз кечдик.

Босиб олинган бекатлар

Пойтахтдаги аксарият автобус бекатлари ҳудудлари савдо ва хизмат кўрсатиш дўконларига берилган. Оқибатда бекат ҳудудида транспорт кутишга жой кам қолган, йўловчилар йўлнинг ҳаракатланиш қисмида автобус кутишга мажбур. Дўкондан савдо қилиш учун тўхтаган автомобиллар сабабли автобуслар бекатларга тўхтай олмайди.

Буюк ипак йўли бекати (ТТЗ массиви томонга кетадиган йўналиш). Йўловчилар ҳаракатланиш қисмида туришга мажбур.
Буюк ипак йўли бекати (ТТЗ массиви томонга кетадиган йўналиш). Йўловчилар ҳаратланиш қисмида туришга мажбур. 2021 йил декабрь ойининг оддий иш куни, соат 18:45.
«Бий» бекатида автобус келмагач, ҳаракатланиш қисмида такси тўхтатиш.  
ТТЗ буюм бозори ёнидаги автобус бекати. «Бекат» савдо дўконлари билан босиб олинган, автобуслар ҳам тўхтай олмайди.

Шаҳар хавфсиз, тўғри тақсимланган, қулай ва экологик тоза бўлиши керак

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғи (4 млрд киши) шаҳарларда яшайди, дунё ялпи маҳсулотининг 75 фоизи шаҳарларда яратилади. Ривожланган дунё шаҳар йўл инфраструктурасида автомобиллар ҳукмронлигидан, шунингдек тезроқ ва кўпроқ автомобил ўтказадиган йўллар концепциясидан воз кечган.  

Шаҳар пиёдалар (йўл иштирокчиларининг 90 фоизини ташкил қилади) учун бўлсагина у хавфсиз ва тоза бўлади. Шаҳарни автомобиллаштириш ғояси эскирган ва мағлубиятга учраган. Шаҳарни (қишлоқни) қанчалик автомобил учун қулай қилманг, қанчалик кенг йўллар қурманг, тирбандлик, шовқин, ўлим ва жароҳатлар камаймайди.

«Пиёдалар устуворлиги» ғояси мазкур Концепция лойиҳасида тилга олинганига қарамасдан, мазмунан пиёдалар хавфсизлиги, қулайлиги ва экологик тозалигини таъминлайдиган чораларни етарлича қамраб олмаган.

Замонавий шаҳар йўл инфраструктурасида йўллар хавфсиз ва экологик зарарсиз бўлиши керак: автомобиллар камроқ юриши, пиёдалар, болалар аравачаси, ногиронлар араваси, велосипедлар учун автомобиллар билан тенг миқдорда макон ажратилиши керак. Концепция лойиҳаси эса автомобил йўлларини боғлаш, автомобиллар учунгина қулай йўллар яратиш (тезроқ ва кўпроқ автомобил ўтказиш) учун боғламалар қуришни назарда тутади. Яъни, унда эски йўл концепцияси моҳиятан ўзгармаган, автомобилларни кўпроқ ва тезроқ ўтказиш шаҳар йўлларининг асосий мазмуни, деб кўрилган.  

Концепция транспорт-ўтиш боғламалар қуришни назарда тутади. Албатта, айрим боғламалар (худди йўлларни кенгайтириш каби) вақтинча самара бериши мумкин, лекин йўлнинг (хоҳ шаҳар йўллари, хоҳ шаҳарлараро йўллар бўлсин) фундаментал қоидасига кўра улар тирбандликни камайтириш уёқда турсин, балки кўпайтиради. Масалан, бутун шаҳарнинг ярмини бузиб йўл қурсангиз ҳам тирбандликни камайтиролмайсиз, демак мақсадни тўғри белгилаш керак. Қуйидагилар билан танишиб чиқишни тавсия этаман.

1-ҳавола

2-ҳавола

3-ҳавола

Тошкентда жиддий тирбандликлар ҳали бошланмади, ҳаммаси олдинда. Монополия ва аҳоли даромади камлиги сабаб автомобиллар сони Ўзбекистонда кам (тахминан 3,7 млн дона автомобил мавжуд).

Бу соҳадаги илмий тадқиқотлар ва юзлаб шаҳарларнинг аччиқ тажрибаларидан хулосалари Концепцияда акс этиши мақсадга мувофиқ бўларди:

1. Йўлларни кўпайтириш, кенгайтириш ва уларни тоннель, кўприклар (боғламалар) орқали боғлаш тирбандликни фақатгина кўпайтиради. Дунёдаги энг кенг йўл АҚШдаги 26 полосали Кэти эркин йўли (Katy freeway) бунга мисол: йўл кенгайтирилганидан кейин ундаги тирбандлик 70 фоизга ортган.

Илмий тадқиқотлар исботлаган фундаментал қоидага кўра, йўл қанча кўп ва кенг бўлса, тирбандлик шунча кўпаяди. Бугунги йўллар автомобилларни кўпроқ ва тезроқ ўтказишни эмас, балки кўпроқ одамни ўтказиш орқали хавфсиз муҳитни таъминлаши керак: кўпроқ одам йўлда юриши учун эса яхши жамоат транспорти зарур.

2. Жамоат транспортининг хароблиги аҳоли ҳаётининг кўплаб соҳаларига салбий таъсир этади, жумладан даромадларига, меҳнат унумдорлигига ва бу ҳатто тенгсизликка йўл очади. Деярли барча мамлакатларда ЯИМнинг асосий қисмини яратувчи шаҳарлар бўлса, уларнинг устунлиги компактлик, қулайлик ва мобилликдир, бу эса жамоат транспорт инфраструктураси билан таъминланади. Яъни, яхши жамоат транспорти бу нафақат инсон қадри ва экология учун, балки иқтисодий самарадорлик учун ҳам ғоят муҳим омил.

3. Тротуарлар жуда кам ва бори ҳам талабга жавоб бермайди: юриш қийин, болалар ёки ногиронлар аравачаси билан ҳаракатланиш деярли имконсиз. Демак, бутун шаҳар бўйича тротуарлар қуриш керак. Тротуарларга автомобил қўйиш, уларда автомобилда ҳаракатланишни бутунлай тўхтатиш чораларини кўриш лозим. Бу ҳам концепцияда акс этиши керак. Тротуарларда фақат пиёда ҳаракатланиши учун тўсиқлар қўйилиши, таъсир чоралари кучайтирилиши лозим. 

4. Катта йўллар (масалан, ҳалқа йўллари)ни кесиб ўтиш ўта хавфли. Кесиб ўтиладиган қисмларни торайтириш лозим. Пиёда ўтиш жойлари жуда кам ва ноқулай. ЙХҲБ ўз кўрсатувларида йўлни «белгиланмаган жой»ларда кесиб ўтаётган пиёдаларни айблайди. Ҳолбуки, пиёда йўлни кесиб ўтиш учун ўзига энг қулай жойни танлайди. Ер ости йўлидан ўтишга тарғиб қилаётганларнинг қўлига болалар аравачаси бериб, ер ости йўлидан ўтишни таклиф қилиш керак... Ёши катталар, жисмоний имконияти чекланганлар-чи?...

Солиқ тўловчиларнинг аксарияти бўлган (90 фоиз) пиёдалар ўз пулига қурилган йўлларни кесиб ўтишга қийналишини, жонини хавф остига қўйишини нима билан изоҳлаймиз? Йўллар кесиб ўтишга қулай бўлиши, светофорли бўлиши керак. Ривожланган дунё шу йўлдан боряпти, қиммат ер ости ва ер усти пиёда ўтиш йўллари ўтмишда қоляпти. 

5. Бошқарилмайдиган (светофорсиз) пиёда ўтиш жойлари жуда кўп, у ерларда мунтазам равишда кўплаб одамлар ҳалок бўлади (шу йўлакни лойиҳалаштирганлар, қарор қабул қилувчи раҳбарлар ўз фарзандлари шу йўлаклардан ўтишига рози бўлармикин?). Бундай бошқарилмайдиган пиёда йўлаклари фақатгина бир полосали кичик йўллардагина қўйилиши мумкин, катта йўлларга эмас.

6. «Йўл бериб ўнгга бурилиш мумкин» қоидаси ҳам пиёдалар ва автомобилларнинг бир вақтда ҳаракатланишига ва ноқулайликларга сабаб бўлмоқда, кенг йўлларда (икки ва кўп полосали) бундай белги қўйиш нотўғри ва хавфли.

Катта чорраҳаларда (масалан, Мирзо Улуғбек проспекти ва Махтумқули кўчалари кесишувида) кесиб ўтаётган пиёдалар ва ўнгга бурилаётган автомобиллар ҳолати очиқдан очиқ солиқ тўловчи пиёдалар устидан кулишдир. Бу белги яна ўша автомобиллар тезроқ ўтиши учун керак, яна пиёдалардан автомобилларнинг устунлигини англатади. Қолаверса, бу белги тирбандликни асло камайтирмайди. Аслида, бундай қоида ҳам 1 полосали кичик йўллардагина қўлланади, бизнинг катта йўлларда бундай йўлаклар қўйиш... қотилликка тенг.

Шаҳримиз йўлларини изоҳловчи сурат.

Йўллардаги жароҳат ва ўлимлар учун масъулият

Келтирилганлар йўл инфраструктурасидаги муаммоларнинг айримлари холос. Уларни бирлаштирувчи жиҳат бу — ҳозирда шаҳар йўллари тўлиқ автомобиллар учун эканлиги, айнан машиналар тезроқ (пиёда ҳаётига хавф солиш эвазига бўлса ҳам) манзилига етиб олиши керак, деган ғояда барпо этилаётгани. Бугунги кунда бутун дунё бу ғоядан воз кечган.

ЙТҲларда (ўлим ва жароҳатларда) ҳайдовчи ёки пиёдагина эмас, йўлни нотўғри лойиҳалаштирган, унинг шу шаклда қурилишига масъул мансабдор шахслар (шунингдек, мутахассислар ҳам) ҳам жавобгар бўлиши лозим, акс ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди.

Хуллас, замонавий шаҳар йўл-транспорт инфраструктураси концепцияси жамоят транспортини ривожлантириш, кесиб ўтишни қулай қилиш, автомобил оқимини камайтириш (кўпайтириш эмас), тезликни пасайтириш (30 км/соат) нуқтайи назаридан кўрилиши лозим.

Ўткирбек Холмирзаев,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, PhD

UPD. Мақолада тилга олинган концепция 2022 йил 3 феврал куни тасдиқланди.

Мавзуга оид