Иқтисодиёт | 11:12 / 10.08.2023
77240
2 дақиқада ўқилади

Тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси кескин қимматлади

Тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси 12 минг сўмдан ошди. Бу асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши билан боғланмоқда.

Бугун, 10 август, соат 11:00 дан бошлаб тижорат банкларидаги АҚШ долларининг курси кескин ошди. Доллар курси бир кунда 400 сўмдан ортиқроқ қимматлаб, сотув курси 12135 сўмгача етди. Банклар 1 долларни 12 015 сўмдан сотиб олмоқда.

Марказий банк ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича изоҳ берди.

«Асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келди.

Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатимизга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатди.

Натижада, ички валюта бозорида сўм алмашув курси девальвацияси суръатининг бироз тезлашиши – фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди.

Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишининг олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади.

Мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курснинг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади. Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади», дейилади МБ изоҳида.

Мавзуга оид