Жаҳон | 22:40 / 27.07.2021
9100
2 дақиқада ўқилади

Минскда Ryanair самолётини мажбуран қўндирган авиадиспетчер ғойиб бўлди – ОАВ

У 10 йилдан ортиқ вақтдан буён "Белаэронавигация"да ишлаб келаётганди. Галегов июл бошларида меҳнат таътилидан қайтиши керак эди, аммо у иш жойига қайтиб келмаган.

Бортида Nexta Telegram-канали муҳаррири Роман Протасевич бўлган самолётни қўндирган Минск аэропорти авиадиспетчери Олег Галегов ғойиб бўлди. Айрим маълумотларга кўра, у оиласи билан Беларусни тарк этган, деб ёзмоқда "Наша нива" нашри.

У 10 йилдан ортиқ вақтдан буён "Белаэронавигация"да ишлаб келаётганди. Галегов июл бошларида меҳнат таътилидан қайтиши керак эди, аммо у иш жойига қайтиб келмаган.

Нашрнинг маълумот беришича, Галегов билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган. У барча ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ўчириб ташлаган, диспетчернинг хотини ҳам шундай қилган.

Нашр суҳбатдошлари, диспетчер ёшлиги ўтган Грузияга кетганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Ryanair’нинг Афинадан Вильнюсга рейсни амалга оширган самолёти Минскда мажбуран қўндирилганди. Унда учган беларуслик мухолифатчи журналист Роман Протасевич қўлга олинган. Қайд этилишича, учувчилар билан мулоқотни айнан Олег Галегов олиб борган.

Ушбу ҳодиса халқаро можаро келтириб чиқарди. Бир қатор давлатлар бунда Беларусни айблаб, у билан авиаалоқани тўхтатишга ва республика авиакомпанияларига ўз ҳудудлари устидан учишни тақиқлашга қарор қилди.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид