Жаҳон | 22:15 / 22.11.2024
1903
2 дақиқада ўқилади

Испания бешта авиакомпанияни салкам 180 млн евро жаримага тортди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазирлигига кўра, авиакомпаниялар мижозлардан катта ўлчамдаги қўл юки, жой танлаш ёки бортга чиқиш талонларини чоп этиб бериш учун тўлов ундирган.

Фото: Reuters

Испания Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазирлиги Ryanair, easyJet, Vueling, Norwegian ва Volotea авиакомпанияларини йўловчилардан қўл юки учун тўлов ундиргани сабаб жами 179 миллион евро жаримага тортди, деб хабар беради Reuters.

Вазирлик май ойида эълон қилинган жарималарни тасдиқлаган ва компаниялар томонидан берилган апелляцияларни рад этган.

Таъкидланишича, авиакомпаниялар мижозлардан катта ўлчамдаги қўл юки, жой танлаш ёки бортга чиқиш талонларини чоп этиб бериш учун тўлов ундирган, шунингдек, рўйхатдан ўтиш жойида нақд пулдаги тўловларни амалга оширишга ёки бортда товарларни харид қилишга рухсат бермаган.

Ryanair 108 миллион евро, Vueling — 39 миллион евро, easyJet — 29 миллион евро, Norwegian — 1,6 миллион евро ва Volotea — 1,2 миллион евро жаримага тортилди.

Алоҳида баёнотда айтилишича, Испаниянинг ALA авиакомпаниялар гуруҳи белгиланган жарима устидан судга шикоят киритади. ALA’дагилар вазирлик қарорини «бемаънилик» деб атаб, бу каби қарорлар эркин бозор ва ЕИ қоидаларини бузишини билдирди.

Ryanair жорий йилнинг март ойида энг яхши йиллик фойдаси ҳақида маълум қилганди, чунки йўловчилар оқими ва даромадлар ошиши операцион харажат кескин ошганини қоплаб кетган. Авиакомпания 184 миллион йўловчига хизмат кўрсатган — бу коронавирус пандемиясигача бўлган даврдан 23 фоизга кўп.

Мавзуга оид