Ўзбекистон | 18:33 / 30.03.2021
9162
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 500 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилади

2021 йилда Сурхондарё вилоятида 500 гектар, Қашқадарё вилоятида 30 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилади.

2021 йилда аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган ўсимлик мойи билан таъминлаш, импорт ҳажмини кескин қисқартириш мақсадида кунгабоқар, соя, масхар, рапс, кунжут ва зиғир экиладиган майдонлар ҳажми оширилади.

Шунингдек, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда зайтун ўсимлиги плантация усулида етиштирилади. Бу ҳақда Ёғ-мой корхоналари уюшмаси Kun.uz'га маълум қилди.

Жорий йилда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектар, шу жумладан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Музраобод ва Узун туманларининг ҳар бирида 100 гектардан, Термиз, Жарқўрғон, Сариосиё, Бандихон туманларининг ҳар бирида 50 гектардан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 30 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилади.

Ушбу ҳудудларга 10 градусгача бўлган совуққа чидамли Aрбусано (Италия), Aрбикино (Италия), Манзания ва Колорес (Испания) ҳамда Гемлик (Туркия) навли 465 минг туп зайтун кўчатлари ўтқазилиши кўзда тутилмоқда.

Хабар қилинишича, зайтунзорлар барпо этувчи ташаббускорларга тижорат банклари томонидан 7 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратилади; томчилаб суғориш технологияларини жорий этиш учун 3,2 миллиард сўм миқдорида субсидиялар берилади.

Ёғ-мой корхоналари уюшмасининг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этади. Ёғ-мой корхоналари йилига 259 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқаради. Республика аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган талаби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 55 фоизга, ички бозор эҳтиёжининг 45 фоизи импорт ҳисобига қопланмоқда.

  • Маълумот ўрнида, азалдан зайтун ўсимлиги «мой дарахт» деб аталади. Бир гектар шартли суғориладиган майдонга зиғир етиштирилганда, ўртача 10-12 центнердан ҳосил олинади ва ундан 300-360 литр, бир гектар майдонга кунжут экилганда 1,2-1,5 тонна хом ашё етиштирилиб, 500-600 литр мой олиш мумкин.
  • Зайтун экилган бир гектар майдонда 350-400 туп дарахт бўлиб, ҳар бир дарахтдан 50-70 килограмм, жами 2,4-2,8 тонна мева йиғиб олинади, ундан 1,5-1,7 тонна зайтун мойи олинади. Зайтун 500 йилдан 4000 йилгача яшайдиган, узоқ яшовчи ва секин ўсувчи субтропик дарахт ҳисобланади. Унинг баландлиги 10-12 метрдан ошмайди.

Aввалроқ, Kun.uz Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархи ошиб бораётганига оид таҳлилий мақола эълон қилганди. Унда сўнгги ойларда дунё бўйича ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25-фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошгани, шунингдек, нарх ошиши кунгабоқар ёғи нархи кўтарилиши фонида сезилгани таъкидланган эди.

Мутахассислар нарх яна 30 фоизга ошиши мумкинлигини тахмин қилаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид