Ўзбекистон | 11:30 / 04.10.2021
3651
2 дақиқада ўқилади

Siemens Тошкентда электр энергияси ва буғ ишлаб чиқарадиган электр станциясини қуради

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Siemens, EDF ва Stone City Energy компанияларининг вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар бермоқда.

Ўзаро мулоқот давомида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Siemens компанияси билан баҳорда имзоланган ҳамкорлик меморандумини эсга олиб, эришилган келишувлар доирасида тарафларнинг аниқ амалий ишларни бошлашга тайёрлигини яна бир бора билдирган.

Siemens компанияси вице-президенти Аман Каримнинг ташрифидан мақсад – электр ва иссиқлик қувватини ишлаб чиқарувчи янги станцияни қуриш лойиҳаси ҳамда уни амалга оширишда бевосита иштирок этадиган компаниялар билан таништиришдан иборат, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, таклиф қилинган лойиҳа самарадорлиги юқори, фойдали ҳаракат коэффициенти баланд бўлган комбинацияли станция қуришни кўзда тутади. У бир вақтнинг ўзида ҳам электроэнергияни, ҳам келгусида пойтахт иссиқлик таъминоти учун қўлланиладиган буғни ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, ускуналарнинг юқори самарадорлиги ва йўқотишлар пасайиши ҳисобига зарарга ишлашга олиб келадиган харажатлардан воз кечилади. 

Аман Каримнинг маълум қилишича, худди шундай станция 2020 йил охирида Берлинда ишга туширилган. У ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларини Германия пойтахтига ташриф буюриб, амалга оширилган лойиҳа ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишга ва тажриба алмашишга таклиф қилди.

Учрашув якунида шаҳар маъмуриятининг ушбу лойиҳани амалга оширишга тайёрлиги маълум қилинди ва жараённи тезлаштириш ҳар жиҳатдан фойдали бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Мавзуга оид