Ўзбекистон | 18:48 / 14.01.2020
43336
6 дақиқада ўқилади

Молиявий мустақил ОТМларда қабул кўрсаткичлари ошади, контракт нархи-чи?

2020 йилдан бошлаб айрим ОТМлар ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиши ҳақидаги хабардан кейин жамоатчиликни, айниқса талабаларни турли саволлар ўйлантирмоқда. Kun.uz мухбири бу борадаги қатор муҳим маълумотларни санаб ўтади.

Фото: fledu.uz

1 январдан қуйидаги ўнта ОТМда ўзини ўзи молиялаштириш тизими синаб кўрилмоқда:

  • Самарқанд давлат чет тиллар институти
  • Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
  • Тошкент давлат юридик университети
  • Тошкент давлат иқтисодиёт университети
  • Тошкент молия институти
  • Тошкент давлат шарқшунослик институти
  • Тошкент фармацевтика институти
  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
  • Урганч давлат университети
  • Тошкент темир йўл муҳандислари институти

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, мазкур ташаббус Буюк Британия, АҚШ, Франция, Япония, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган давлатлардаги илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда тажриба-синов тариқасида татбиқ этиляпти.

Молиявий мустақил ОТМларда контракт миқдори кескин ошиб кетмайди

Ўзини ўзи молиялаштириш олий таълим муассасаларининг тўлиғича хусусий секторга ўтиб кетишини англатмайди. Уларга мустақил ривожланиш ва таълим сифатини ошириш учун мавжуд ресурслардан фойдаланишда эркинлик берилади.

Янги тизимга ўтаётган ОТМларда тўлов-контракт нархларининг кескин ошиб кетмаслиги, қўшимча маблағ топиш учун мавжуд имкониятларга зид равишда ортиқча қабулнинг амалга оширилмаслиги, энг муҳими соҳада коррупцияга йўл қўймаслик учун молиявий мустақил бўлаётган ОТМлардаги ўқув жараёнлари вазирлик томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатъий назорат қилиб борилиши айтилмоқда.

Қабул кўрсаткичлари ошади

Янги тизимга ўтадиган ОТМларда давлат гранти ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш давом этади.

Бу жараёнда қабул квоталарининг ошиши ҳам кутиляпти.

Мисол учун, 2020 йилдан ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтадиган олийгоҳлар қарийб 17 минг нафар талабани ўқишга қабул қилиши кутилмоқда, бу эса 2019 йилдаги кўрсаткичдан 20 фоиз кўп демакдир.

Давлатнинг олий таълимга йўналтирадиган маблағи камаймайди

Ўз-ўзини молиялаштириш тизимининг жорий этилиши олий таълим соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бюджет маблағларининг ажратилишини камайтирмайди.

Аксинча, давлат иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашда инвестор бўлиб қолади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, 2020 йилда республикадаги олий таълим муассасаларини молиялаштиришга давлат томонидан 7 триллион сўмдан ортиқ (2019 йилга нисбатан 50,5 фоизга кўп) маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Маблағлар мустақил йўналтирилади

Ҳозирда ОТМлар ўз маблағларини кўп ҳолларда олдиндан белгилаб берилган тартибда сарфлашга мажбур, яъни ажратилган маблағга мувофиқ харажат қилинади:

46,8 фоиз – ойлик маошлар учун,
33,1 фоиз – стипендияларга,
11,5% – бюджет учун ажратмалар
8,6 % – бошқа харажатларга ишлатилади.

Янги молиялаштириш тизимига ўтадиган ОТМлар эса юқоридаги мақсадлар учун қанча маблағ сарфлашни мустақил ўзи белгилайди.

Натижада ОТМда юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ва уларга кўпроқ хақ тўлаш имкони туғилади. Кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини мустақил белгилаш мумкин бўлади.

Шунингдек, иқтидорли ёки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Олийгоҳлар қўшимча маблағлари ҳисобига халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил қилиш ҳамда бу орқали таълим сифати ва муассаса жозибадорлигини оширишлари мумкин бўлади.

Маблағлар сарфланиши жамоатчилик назоратида бўлади

ОТМларда маблағлардан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун талабалар, ота-оналар вакиллари, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат бўладиган Жамоатчилик кенгаши ваколатлари кенгайтирилади.

Мавжуд маблағларнинг талон-тарож бўлмаслиги ҳамда уларнинг мақсадли ишлатилишини кузатиб бориш учун имконият яратилади.

Ўзини ўзи молиялаштирадиган ОТМларда қўшимча масъулият бор

Молиявий мустақил бўлиши кутилаётган ОТМларга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:

  • қўшимча таълим хизматларини кўрсатиш, иқтисодиёт тармоқлари мутахассисларининг малакасини ошириш ва бошқа пуллик хизматларни жорий этиш;
  • тегишли соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий изланишларни ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда соҳанинг илмий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган фундаментал, амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;
  • республика ва хорижий ОТМлар ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳиятини доимий ошириб бориш;
  • замонавий педагогик технологиялардан кенг фойдалана оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган профессор-ўқитувчиларни танлаш мақсадида ОТМ ва профессор-ўқитувчилар ўртасида бир йиллик шартномалар тузиш амалиётини жорий этиш.

Ривожланган давлатларда ОТМларнинг босқичма босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиши, иқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали академик мустақилликка эришиши, пировардида малакали кадрлар тайёрлаш ва кенг илмий-тадқиқот фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси анъанага айланган.

Ўзбекистонда мазкур режалар ўзини қанчалик оқлашини вақт кўрсатади. Механизм тўғри йўлга қўйилиб, молиявий мустақил ОТМлар олий таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришига умид қилиб қоламиз.

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид