Жамият | 11:06 / 05.07.2021
7643
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШнинг одам савдоси тўғрисидаги ҳисоботида юқорилади. Фуқароларга мажбурий меҳнатни рад этиш ҳуқуқини тушунтириш тавсия қилинди

АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Жаҳондаги одам савдоси бўйича ҳисоботда Ўзбекистон ўз позициясини яхшилаб, иккинчи ва учинчи тоифалар орасидаги «давлатларнинг назорат рўйхати»дан чиқарилиб, 2-тоифадан ўрин олди.

Ҳужжатда Ўзбекистон давлат идоралари минимал талабларни тўлиқ бажармаган, шунингдек, давлат ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун жиддий ҳаракатларни амалга оширадиган мамлакатлар қаторидан жой олгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мажбурий меҳнатга қарши қонун бузилишларини аниқлаш ҳамда қонунбузарларни жавобгарликка тортишга оид саъй-ҳаракатлари эътироф этилган.

Ҳисоботда давлатлар 3+2 тоифага ажратилган:

1-тоифа – давлат идоралари одам савдосини бартараф этиш бўйича минимал стандартларга тўлиқ амал қиладиган мамлакатлар (Канада, АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Финландия, Франция, Чехия, Испания ва бошқалар).

2-тоифа – давлат идоралари минимал талабларни тўлиқ бажармаган, аммо ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун салмоқли ҳаракатларни амалга оширадиган мамлакатлар (Германия, Бразилия, Италия, Швейцария, Янги Зеландия, Исроил, Япония, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон Тожикистон, Қирғизистон ва бошқалар).

2- ва 3-тоифадаги давлатлар ўртасида оралиқ – «2-тоифадаги давлатларнинг назорат рўйхати» (Беларусь, Озарбойжон, Покистон ва Африканинг ўнлаб давлатлари киритилган).

3-тоифа – давлат идоралари минимал талабларга тўлиқ риоя қилмайдиган ва ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун жиддий ҳаракатларни амалга оширмайдиган мамлакатлар (Туркманистон, Россия, Шимолий Корея, Афғонистон, Малайзия ва бошқалар).

Махсус рўйхатСомали, Яман ва Ливия.

Шунингдек, ташкилот Ўзбекистонга ўз тавсияларини ҳам бериб ўтган. Хусусан:

- барча фуқароларга пахта териш ёки ўз профессионал мажбуриятига кирмайдиган ишларни ҳамда шундай ишларга пул беришни рад қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтириш;

- қонунчиликка мажбурий меҳнат йўл қўйилган биринчи ҳолатдаёқ жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича ўзгартириш киритиш;

- пахта мавсумидаги мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича мустақил кузатиш олиб бораётган фаоллар ва журналистларни таъқиб қилишни бутунлай тўхтатиш;

- касаба уюшмаларини маҳаллий ҳокимиятлар аралашувисиз рўйхатдан ўтишини осонлаштириш;

- қонунчиликка инсон савдоси билан шуғулланаётганларнинг қистови билан қонунни бузган (чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқолиши) фуқароларни жазолашни бекор қилувчи нормаларни киритиш ва бошқалар.

2020 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ 93та иш бўйича 566та тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 100 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳисоботда айтилишича, мамлакатдаги пандемия туфайли одам савдоси қурбонлари ва айбдорларига доир аниқ рақамларни аниқлашда бироз чалкашликлар ва мавҳумлик бор.

Мавзуга оид