Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади” – Сенат пахта теримига мажбурлаш ҳолатларига муносабат билдирди
Пахта теримига мажбурлаш ҳолатлари Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олинган. Фуқаролардан бундай ҳолатларда 1282 ёки 1092 қисқа рақамларига мурожаат қилиш сўралмоқда.
Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-теримига чиқмаган фуқароларга нафақа пули тўланмаслиги ҳамда мактаб ўқитувчиларининг пахта йиғим-терими ишларига одам чиқаришга мажбурлаш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Сенат ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, тарқалган хабарлардаги ҳолатлар Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олинган.
“Мазкур ҳолатлар зудлик билан ўрганилади ҳамда масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Шу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда 1282 ёки 1092 қисқа рақамларига ёки @munosibmehnat_bot телеграм боти орқали мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади Сенат муносабатида.
Аввалроқ X тармоғи фойдаланувчиларидан бири педагогларга (қаерда, қайси мактабда экани очиқланмаган) пахта терими учун ҳар куни 2 кишидан одам топиб бериш мажбурияти қўйилаётганини маълум қилганди. Тармоқ фойдаланувчилари изоҳларда Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ўқитувчилар шундай вазифасидан ташқари ишга жалб қилинаётганини ёзган.
Rost24 нашри эса Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси экани айтилган шахснинг аудиосини тарқатди. Аудиодаги овоз эгаси “ҳурматли қишлоқдошлари”га мурожаат қилиб, ҳаммадан “тўғри тушунган ҳолда пахтага чиқиши”ни талаб қилган. Чиқмаганларга эса “бола пули” бериш тўхтатилишига шама қилинган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қатъий қарши экани, ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилишини ноқонуний ҳолат деб ҳисоблашини маълум қилди.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
17:51 / 12.06.2026
Ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилган Қарши ҳокими ўринбосари жазоланди
08:33 / 05.06.2026