“Дадамга Mercedes-Benz олиб бераман” – инглиз тилини сув қилиб ичган 12 ёшли Мираббос
Инглиз тилини мустақил ўрганган Мираббос Мирафзалов ҳозир бу тилда худди ўзбекчадагидек равон гапиради. Отаси автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ишлаган вақтида логистика соҳасидаги йигитларнинг фикрлашини кўриб, Мираббоснинг асосий вақтини билим олишга йўналтиришга қарор қилади. Ҳозирда Мираббос яна икки тилни ўрганмоқда. Kun.uz болакай билан хорижий тилларни устозларсиз қандай ўзлаштираётгани ва унинг мақсадлари ҳақида суҳбатлашди.

Мираббос Мирафзалов Тошкент шаҳридаги 132-мактабнинг 6-синфида ўқийди. У 8 ёшидан инглиз тилини ўргана бошлаган. Аввалига 3 ой давомида ўқув курсларига қатнаган, аммо дарслар қониқарли бўлмагани учун курсни давом эттирмаган.
“Машғулот вақтида ёнимдаги болаларга қўшилиб, ўйинқароқлигим тутиб кетарди. Хаёлим чалғиб, дарсларни яхши ўзлаштира олмасдим. Шунинг учун, репетиторда ўқишни тўхтатдим. Ота-онам инглиз тилини ўргансам, катта компанияларда ишлашим, кўп пул топишим, қимматбаҳо машиналар минишим мумкинлигини тушунтириб беришарди. Орадан бироз вақт ўтиб уларнинг турткилари билан тилни ўзим мустақил тарзда ўргана бошладим”, – дейди у.
Устозлар ёрдами билан ҳам кўплаб болаларнинг дарс тайёрлаши амримаҳол бўлиб бораётган бир замонда Мираббос ўзини ўзи тартибга солиб, телефондаги вақтини ўйин ўйнаш учун эмас, билим олишга сарфлаган. Ўсмир йигит YouTube платформасидаги онлайн дарсликлар орқали инглиз тилини ўрганган. Дарсларни ўзлаштиришини отаси назорат қилиб борган.
“Инглиз тили бошида жуда мураккаб туюлган. Дарс қилгим келмай, йиғлаган вақтларим ҳам бўлган – кўчадан тенгдошларимга қўшилиб ўйнагим, тўп тепгим келарди. Ота-онам асосий вақтимни билим олишга йўналтирсам, бу иш келажакда қандай имконият эшикларини очишини эринмай тушунтиришарди. Уларнинг қўллаб-қувватлаши менга доим куч берар ва шу орқали қийин бўлса ҳам тилни пухта ўрганишга ҳаракат қилардим”, – дейди Мираббос.
Болакайнинг тил билишида отасининг роли катта. Мираббос ўрганганларини мустаҳкамлаш ва такрорлаш орқали инглизчада эркин гаплашишга эришган. Отаси чет элликлар кўп келадиган ҳудудлар – метро бекатлари, зиёратгоҳларга олиб бориб, ўғлини сайёҳлар билан инглизчада гаплаштирган. Баъзи вақтларда Мираббос сайёҳларга гидлик ҳам қилган.
“Инглиз тилини ўрганишни 2020 йилдан бошлаган бўлсам, 2 йилча шуғулланганимдан кейин эркин мулоқот қилиш даражасига чиқдим. Талаффузимдаги камчиликларни эшитиб, аудио/видео дарслик ва филмлар орқали тўғирладим. Инглизчани биладиганлар билан суҳбатлашиб, ўрганганларимни мустаҳкамладим. Бу тилдан ташқари, ўтган йили япончани ўрганишни бошлаб, 150 тача сўз ёдлагандим. Атрофимда ушбу тилда мулоқот қилувчилар бўлмагани ва ўзлаштирганларимни такрорламаганим сабаб билган сўзларим ҳам бир йил ичида эсимдан чиқиб кетди. Билим – такрорлашлар меваси деб бекорга айтишмас экан”, – дейди у.
Мираббос билимга ўта чанқоқ, мақсадлари ҳам анча катта. У дунёда топ 10 таликда турувчи нуфузли университетлардан бирида таълим олиш, хусусий университет очиш, дадасига “иномарка” машина совға қилишни ҳозирданоқ мақсад қилиб қўйган.
“Айни вақтда ўқиётган китобларим бизнес соҳасига доир бўлгани сабаб бу йўналишга қизиқишим ва меҳрим борган сари ошиб боряпти. Катта бўлганда бизнесмен бўлишни, Илон Маск, Стив Жобс каби инсонлар билан кўришишни истайман. Муваффақиятли одам бўлиш учун испан тилини ҳам ўрганаман. Кучли ўқиб, катта даромад топиб, отамга Mercedes-Benz, ўзимга Neta, бошқа оила аъзоларимга ҳам ўзлари истаган машинани олиб беришни мақсад қилганман. Ким бўлсам ҳам, миллатга фойдаси тегадиган ишлар қиладиган, яхши одам бўлишни хоҳлайман”, – дейди у.
Мираббос интервю давомида ота-онанинг фарзанд билан кўпроқ вақт ўтказиши қанчалик муҳимлиги, шунингдек, ўз тенгдошлари учун куннинг қайси қисмида дарс тайёрлаш самаралироқ бўлиши, ўйинларга чалғимай, гаджетлардан мақсадли фойдаланиш ҳақида гапириб берган.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Бобур Анваров,
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Филиппинда юз берган ЙТҲда 10 киши ҳалок бўлди
Жаҳон | 01:24
-
Зеленский Трампдан энг кучли қарталар тўпламини олди — АҚШ молия вазири
Жаҳон | 00:52
-
NASA’нинг икки аёл астронавти ХКС бортидан очиқ космосга чиқди
Фан-техника | 00:20
-
Пайариқ ҳокимининг таъқиби ортидан қамалган тадбиркорни Олий суд озод қилди
Ўзбекистон | 23:37 / 01.05.2025
Мавзуга оид

22:00 / 03.03.2025
“Элчи бўлмоқчиман” — наманганлик “инглиз” қиз

15:16 / 02.03.2025
Трамп инглиз тилини АҚШнинг расмий тилига айлантирди

21:19 / 28.02.2025
WSJ: Трамп инглиз тилини АҚШнинг расмий тили сифатида эълон қилмоқчи

17:17 / 22.01.2025