Жаҳон | 20:49 / 03.09.2024
9842
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик яна бир депутатнинг Салим Абдувалиев билан алоқадорлиги аниқланди

У билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уюшган жиноий гуруҳ мафкурасидан воз кечиш мажбурияти олингани таъкидланмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида Сузоқ туманида яшовчи фуқаро – қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ депутати уюшган жиноий гуруҳ билан алоқаси борлиги юзасидан суҳбат ўтказилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб Kaktus.media хабар берди.

Қайд қилинишича, 1984 йилда туғилган У.Ш. билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уюшган жиноий гуруҳ мафкурасидан воз кечиш мажбурияти олинган. Аввалроқ унинг ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик криминал авторитет Салим Абдувалиев билан тушган сурати пайдо бўлган эди.

«Тушунтириш тадбирларидан сўнг У.Ш. жиноий алоқадан воз кечди ва Қирғизистон Республикасининг режалаштирилган сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди», дейилади хабарда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қайд этишича, У.Ш. авваллари Сузоқ қишлоқ кенгаши депутати бўлган ва 2023 йил декабр ойида Сузоқ қишлоқ ҳокимияти биносига ер билан фирибгарликка алоқадорлиги ҳақидаги далилларни қисмларга ажратиб йўқ қилиш мақсадида қасддан ўт қўйгани учун 100 минг қирғиз сўми миқдорида жаримага тортилган. Шу билан бирга, У.Ш., ёниб кетган бинони таъмирлаш учун ажратилган 6 миллион қирғиз сўми миқдоридаги зарарни қоплаган.

Аввалроқ, Қирғизистонда Жогорку Кенешнинг (парламент) собиқ депутати Нурғози Айдаров қидирувга берилган эди. У халқаро уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳамда Салим Абдувалиев фаолиятини молиялаштиришда гумонланмоқда.

Мавзуга оид