Ўзбекистон | 14:06 / 17.11.2022
19545
6 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда фермерларнинг оқараётган косасига чанг солиняпти

Бугун деҳқон-у фермернинг иши энг авж паллада. У меҳнати ҳосилини йиғиб олишдан ташқари, келгуси йил режаси учун ҳам ишлаши керак. Уни даласидан чалғитиш, кунини, вақтини ўғирлаш қишлоқ хўжалигига, иқтисодиётга зарба беришдан бошқа нарса эмас. Таассуфки, Қашқадарёда давлат идоралари кўра-била туриб, фермерларни синдиришга ҳаракат қиляпти.

Нишон туманидаги фермерлар Мажбурий ижро бюроси томонидан ўзларига босим бўлаётгани ҳақида хабар беришди. Фермерларнинг айтишича, ҳеч қандай расмийлаштирувсиз уларнинг қариндошлари номида бўлган техникалар ҳам олиб кетиб қолинган.

Kun.uz журналисти фермерлар билан суҳбатлашиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

“Бобур Абдусатторов” фермер хўжалиги раиси Араб Норқуловга кўра, 2022 йилнинг 19 октябр куни унинг уйига МИБ ходимлари борган. Уйидаги қорамолни олиб кетишмоқчи бўлишганда, рафиқасининг соғлиғи ёмонлашган.

“Рафиқам бир ҳафтача шифохонада даволаниб чиқди. Мен агар қарздор бўлсам, нега огоҳлантиришмайди? Ҳатто ўша пайтда қанча қарзим борлигиниям билмаганман. Аввалги йилларда умуман бунақа тартиб қўлланмаган. Лекин солиқдан қарз бўлиб қолмадик-ку, ҳаммасини тўладик”, – дейди Араб Норқулов.

Яна бир суҳбатдошимиз – Ўткир Ражабов. Мажбурий ижрочилар у билан ҳам 19 октябр куни учрашишган; акасига тегишли бўлган автомобилни хатлов қилмасдан, расмийлаштирмасдан миниб кетишган.

Фермернинг айтишича, у ғалла ва пахта ҳосилидан шартнома қилинган кластерга ортиғи билан маҳсулот топширган. 200 миллион сўмдан ортиқ маблағи кластерда. Лекин солиқ қарздорлиги сабаб, ҳисобрақамига банд солинган.

“Менда бошқа даромад бўлмаса, топширган ҳосилим учун кластер қачон пулни ташлаб берса, шунда биринчи навбатда солиқ учун ушлаб қолинади. Нега фермернинг ҳолатини кўриб, билиб турган давлат идоралари бунақа йўл тутаётганига ҳайронман”, – дейди “Раҳмонов Ўктам” фермер хўжалиги раҳбари Ўткир Ражабов.

“Самандар Нур” фермер хўжалигига қарашли қарийб бир миллиард сўмлик техника ҳам олиб кетиб қолинган. Хўжалик раиси Ашур Болтаев шундоқ ҳам тақиқда турган, лизингга олинган техникани ижрочилар қандай қилиб олиб кетишгани-ю, ҳеч қандай расмийлаштирув бўлмаганини тушунмай ҳалак бўлмоқда.

Техника банкка тегишли бўлиб, ҳали тўлалигича фермернинг ихтиёрига ўтмаган ҳам.

“Шуҳрат Муҳаммадиевич” фермер хўжалигида ҳам худди шундай ҳолат. Ҳеч қандай изоҳларсиз, баённома расмийлаштирмасдан туриб раиснинг отасига тегишли техника олиб кетилган.

Фермерларга кўра, бирор ҳолатда МИБ ходимлари баённома расмийлаштирмаган.

Гапнинг индаллосини айтганда, фермерлар солиқни тўлаши учун аввал топширилган ҳосилнинг пулини олишлари керак. Бироқ кластер билан қилинган шартномага кўра, ҳали пул ташлаб берилиши учун вақт бор. Солиқ ёки Мажбурий ижро бюросини эса масаланинг иккинчи томони қизиқтираётгани йўқ.

Мазкур вазият бўйича Мажбурий ижро бюроси ҳамда солиқ идораси матбуот хизмати раҳбарлари билан телефон орқали боғландик. Негадир икки ташкилот ҳам бу мавзудан ўзини олиб қочишга уринди. Фермерларга зўравонлик қилиш учун тайинли асоснинг ўзи бўлмагандек таассурот бор.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотга кўра, “Шуҳрат Муҳаммадиевич” фермер хўжалиги қарийб 18 миллион, “Бобур Абдусатторов” фермер хўжалиги 26 млн, “Раҳмонов Ўктам” фермер хўжалиги 58,5 млн, “Самандар Нур” фермер хўжалиги 36 млн солиқдан қарздор.

Ижрочилар ҳаракатига вилоят давлат солиқ бошқармасининг қарори асос бўлгани маълум қилинди. МИБ ахборот хизмати техникалар олиб кетилиши билан боғлиқ жараёнларда қоидага амал қилингани ва баённома расмийлаштирилганини билдирди. Бироқ баённома тақдим қилинмади.

Фермерлар ҳам ўз навбатида иш “деҳқонча” бўлгани, МИБ ходимлари томонидан ўзбошимчалик билан техникалар ҳайдаб кетилганини айтишганди.

Дарвоқе, олиб кетилган мулк бошқа одамга тегишли бўлса, тасдиқловчи ҳужжатлар орқали суд тартибида қайтариб олиниши мумкин экан. Қизиқ, мулк олиб кетилишидан аввал у хатловдан ўтказилиши керак эмасмиди? Мулкнинг кимга тегишли эканлиги ўша жараёнда аниқланиши лозим эмасми?

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Жабборов фермерлар ҳақиқатда қарздорлигини тасдиқласа-да, Мажбурий ижро бюросига биздан ҳеч қандай хат чиқарилмаган, дея маълумот берди. Ваҳоланки, солиқ идорасининг қарори мавжудлигини МИБ тасдиқлаб турибди.

Жабборов, умуман, мавзуга жуда юзаки қаради ва бир неча кун ўтса ҳам соҳани яхшироқ тушунадиган ходим билан бизни телефон орқали боғлаб беролмади.

Шу пайтга қадар фермерларнинг солиқ тўлаши билан боғлиқ муаммо бўлмаган. Ҳар йилнинг якуни билан уларга шартнома қилинган кластер орқали топширилган маҳсулотнинг пули ташлаб берилган ва шундан сўнг солиқ ҳисоб-китоблари қилинган. Фермернинг ҳисобрақамида маблағ йўқ эканини била туриб ҳам давлат идораларининг бундай хатти-ҳаракатида на мантиқ ва на тартиб бор.

Фермернинг техникасини олиб қўйиб, унинг мавсумий ишини кечиктириш, қон босимини оширишдан ким манфаат кўраётгани тушунарсиз. Оқибат, Қашқадарёда яна деҳқоннинг оқармоқчи бўлган косасига чанг тушмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид