Ўзбекистон | 10:56 / 30.12.2017
25172
2 дақиқада ўқилади

1 январдан «Ягона дарча» марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилади 

2018 йил 1 январдан бошлаб «Ягона дарча» марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилади. Бу ҳақда KUN.UZ’га Адлия вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур ўзгариш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги Фармони билан белгиланган. Фармонга кўра Давлат хизматлари марказларининг асосий вазифалари қуйидагилар:

жисмоний ва юридик шахсларга «ягона дарча» тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш;

давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик;

идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш;

давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш;

ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид