Ўзбекистон | 10:35 / 03.04.2026
9484
2 дақиқада ўқилади

Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин

Россия томони ўз ҳудудида жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини ватанга ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бироқ бу жараённи амалга ошириш учун Ўзбекистон тегишли халқаро конвенцияни ратификация қилиши керак.

Фото: РИА Новости

Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова Россия ҳудудида судланган ва жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини юртига топшириш имконияти борлигини маълум қилди.

Унинг айтишича, Россия бу масалада амалий ёрдам кўрсатишга тайёр. Аммо маҳкумларни Ўзбекистонга ўтказиш жараёнини бошлаш учун республика 1998 йилда қабул қилинган озодликдан маҳрум этилган шахсларни кейинги жазони ўташ учун топшириш тўғрисидаги халқаро шартномага қўшилиши лозим.

Москалкова ушбу масалани МДҲ Инсон ҳуқуқлари комиссияси йиғилишида кўтарган. Унинг таъкидлашича, айни пайтда Россия мазкур конвенцияни ратификация қилган давлатлар билан шундай тартибда ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу халқаро келишув Россия билан бир қаторда Беларус, Тожикистон, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистонда ҳам амал қилади. Мазкур механизм орқали ушбу давлатлар фуқаролари, агар улар бошқа иштирокчи давлат ҳудудида судланган бўлса, жазони ўз мамлакатида ўташ имконига эга бўлади.

Ушбу тартибнинг асосий мақсади маҳкумларнинг ижтимоий реабилитациясини енгиллаштириш, уларнинг оиласи ва яқинларига яқин муҳитда жазо ўташ имкониятини яратишдан иборат. Шу боис, бундай амалиёт инсонпарварлик тамойилларига мос механизм сифатида баҳоланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид