Ўзбекистон | 22:28 / 04.08.2020
10592
5 дақиқада ўқилади

Ягона ижтимоий реестр орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилади – Молия вазирлиги

Ўзбекистонда ижтимоий нафақа олувчилар сони йил охиригача 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилади. Бу борада Ягона ижтимоий реестр орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган.

4 август куни имзоланган «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши белгиланди. Мазкур тизим Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтиб, ўз самарасини кўрсатгани ва жорий йил якунига қадар уни барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиши таъкидлаб ўтилди.

Қарор билан ижтимоий нафақа олувчилар сони ҳозирги 600 мингдан жорий йил охиригача 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган. Бу борада Ягона ижтимоий реестр орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган. Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.

«Сўнгги даврда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, бу орқали ортиқча қоғозбозликни йўқотиш масалаларига катта ва жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида аҳолига давлат хизматларини масофадан кўрсатиш нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши натижасида давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олиш жараёнида барча маълумотлар электрон кўринишда тақдим этилиши эвазига ортиқча қоғозбозлик йўқолади ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Мазкур йўналишдаги ишларнинг шаффофлиги ва манзиллилиги таъминланади, шу билан бирга, хизмат кўрсатиш ва давлатдан ёрдам олиш жараёни тезлашади.

Ягона реестр ташкил этилиши орқали давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамни олиш учун мурожаат қилувчилар тўғрисидаги яхлит маълумотлар базаси шакллантирилади. Шу билан бирга, оилаларнинг эҳтиёжмандлиги даражасини ва белгиланган мезонларга мувофиқлиги реал вақт режимида баҳолаб бориш имконияти, бундан ташқари, республикада ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг келгуси сиёсатини ишлаб чиқишда ижтимоий ҳимояга доир статистик маълумотлар базаси яратилади», дея Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслиддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган давлат хизматларидан бири – бу кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаб тўлашдир. Ушбу ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократия авж олган десак хато қилмаймиз. Бунда, ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни турли хил маълумотномалар ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишдан озод этишнинг аллақачон вақти келган.

Нодир Муслиддиновнинг таъкидлашича, мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан ҳалқаро тажрибага назар ташланиб, ҳорижда шу каби жараёнларнинг йўлга қўйиш усуллари ўрганилганда, кўплаб ривожланган мамлакатларда аҳолига пул ёки маҳсулот кўринишидаги ёрдамларни кўрсатиш тизими автоматлаштирилганлиги ҳамда муҳтож инсонлар ва оилаларга шу каби давлат хизматлари электрон тизимлар ёрдамида амалга оширилаётганлиги аниқланди. Ушбу ўрганишлар натижасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими яратилган.

Ягона реестр – бошланғич босқичда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз оила (фуқаро)нинг муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ва назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизими бўлиб, кейинги босқичларда бу тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ва оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган пул ёки маҳсулот кўринишидаги барча ёрдам турларини (ота-оналар тўловисиз мактабгача таълим муассасасига қатнаш, ўқувчиларни бепул дарсликлар тўплами билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул ёки имтиёзли тиббиёт хизматларини кўрсатиш, ипотека кредитлари учун бошланғич бадалини тўлаш ва бошқа) қамраб олади.

2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб шу кунга қадар Ягона реестр тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилояти ҳудудида ишлатилиб келинмоқда. Молия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, тажриба-синов жараёнида аниқланган камчилик ва муаммолардан келиб чиқиб, Ягона реестр ахборот тизими янада такомиллаштирилган. Ушбу янгилик 2020 йилнинг якунига қадар босқичма-босқич республиканинг қолган 13 та ҳудудида татбиқ этиш назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид