Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродовага кўра, Ўзбекистонда болаларга жинсий ёки соғлиги билан боғлиқ бўлган зўравонлик ҳолатларини содир этиб, жавобгарликка тортилган шахслар болалар билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. ИИВ томонидан бундай тоифадаги шахслар рўйхати тузилиб, реестри юритилади ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат вазирлиги билан интеграция қилинади. Ҳозирда бу тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилган.
АОКАда Бош прокуратура мутасаддилари иштирокида вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Kun.uz журналисти мутасаддиларга бир неча савол билан юзланди.
Kun.uz журналистининг Ўзбекистонда педофиллар реестри юритилиши режалаштирилаётгани ёки йўқлиги борасидаги саволига Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродова жавоб қайтарди. Унга кўра, ҳозирда бундай тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Қозоғистонда педофиллар рўйхати юритилади, бу тизим бор. Ўзбекистоннинг бирор бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатида “педофил” деган термин белгиланмаган. Педофилия — касаллик, экспертлар айнан педофилия касаллиги тўғрисида ташхис қўйиши керак. Қандай ҳолатлар педофилия деб баҳоланиши тўғрисида бирор бир тартиб мавжуд эмас бизда.
Лекин 2023 йил апрел ойида хотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун қабул қилинган. Мазкур қонун билан бевосита «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига ўзгартириш киритилди. Яъни айнан болага нисбатан жинсий ёки соғлиги билан боғлиқ зўравонликларни содир этиб, жавобгар бўлган шахс унга нисбатан мазкур тоифадаги ишлар тугатилган, амнистия акти қўлланишидан қатъи назар бола билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлигида ишлар олиб бориляпти, тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилган. ИИВ томонидан бундай тоифадаги шахслар рўйхати тузилиб, реестри юритилади ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат вазирлиги билан интеграция қилинади.
2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Бола ҳимояси” ягона электрон дастурий мониторинг тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Мазкур қарор лойиҳасида Ўзбекистонда «Бола ҳимояси» мониторинг тизимини жорий этиш назарда тутилганди. Бироқ мазкур тизимнинг тақдири ҳозирча номаълум.















