Жамият | 17:54 / 09.01.2026
7266
4 дақиқада ўқилади

 “Президентни ўғирлаш нормал эмас” – ўзбекистонликлар Венесуэладаги операцияни қандай кузатди?

2026 йилнинг дастлабки кунларидан АҚШнинг Венесуэладаги операцияси энг асосий сиёсий ҳангома бўлиб турибди. Дунё ҳамжамияти кўпроқ Трампнинг бу қарорини танқид қилмоқда, суверен давлатнинг президентини ўғирлаб кетиш – унинг ва мамлакатининг дахлсизлиги бузилиши дея баҳоланмоқда. Хўш, ўзбекистонликлар бу воқеаларни қандай кузатди? Kun.uz юртдошларимиз ўртасида сўровнома ўтказди.

2 январдан 3 январга ўтар кечаси АҚШ махсус кучлари Венесуэла президенти ва унинг рафиқасини яшин тезлигида ўғирлаб, Ню Йоркка олиб кетди. Операцияни амалга оширишга 1 соат ҳам вақт кетмади, ҳаммаси силлиқ кечди. Бунинг учун махсус хизматлар ойлаб тайёргарлик кўргани матбуотда кўп ёритилди.

Айни дам Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Ню Йоркда, кейинги судни кутмоқда. АҚШ ўз ишини оқлайди, Мадуро бошлиқ рўйхатда борлар Америкага наркоконтрабанда ва бошқа хавфларни яратишда айбланган. Бироқ жаҳон ҳамжамияти, АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчилари ва дунё сиёсатчилари бу борада Трампнинг ёнини олаётгани йўқ. Мадуронинг диктаторлиги ёки эмаслиги иккинчи даражага тушган.

Ҳафта бошида Тошкент шаҳар ИИБга Доналд Трамп устидан шикоят йўллаган фуқаронинг қўнғироқ ёзувлари кенг тарқалиб, муҳокамага сабаб бўлди. Kun.uz пойтахтликлар ўртасида айни мавзуда сўровнома ўтказди. Микрофон тутилган кўпчилик аввало, бу мавзуда гапиришни истамади. Бироқ ўз фикрини баён этганларнинг деярли ҳаммаси АҚШнинг бу операциясини кескин қоралади.

Мадуро суверен давлат президенти, АҚШ бу мамлакат чегараларини бузиб кирди ва президентни ўғирлаб, унинг дахлсизлигини бузди. Агарда суд БМТ қонун-қоидалари асосида бўлганида, буни балки тушунса бўларди, лекин ҳозирги шароитда Американинг тутган йўлини умуман оқлаб бўлмайди”, дейди ёш респондент.

Юртдошларимиз бўлаётган қонунсизликда дунё давлатларининг ўзини, тизим ва айниқса БМТни ҳам айблашди.

Негадир бўлаётган воқеалар фонида ҳамма жим, давлат раҳбарлари жим ўтирибди. БМТ келишувлари бор, шу асосида ҳал қилиш керак эди. АҚШ ноҳақлик қилди, Венесуэла халқига нисбатан ҳам. Бироқ халқнинг қўлидан ҳам ҳеч нима келмайди”, дейди ўзбекистонликлар.

Яна бир аёл эса АҚШни “қонунсиз давлат” дея атади. Ҳар бир давлат президентига нисбатан шундай ёндашилса, нима бўлади, дея қўшимча қилади аёл.

Яна бир жавоб берувчи юртдошимиз ҳаммаси ортида АҚШ манфаатлари тургани, Венесуэланинг бойлиги ва нефти учун бундай қилинганини айтди.

Бойлиги, нефти учун қилди. Айтилаётган гапларнинг ҳаммаси баҳона, у баҳоналарни Ўзбекистонга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Венесуэла нефтга энг бой давлат, лекин энг қашшоқлардан ҳам”, дейди ватандошимиз.

Сўровномада қатнашганлар ичида Ўзбекистондаги тинч сиёсий тизимда шукроналик руҳида яшаётгани учун раҳбариятдан миннатдор, АҚШ-Венесуэла каби мавзуларнинг муҳокамаси жоиз эмас деган қарашдагилар ҳам бор.

Сўровномани Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилинг.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид