Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кирилл Буданов Украина президенти офисининг янги раҳбари бўлади
Украина бош разведкачиси президентнинг бу борадаги таклифини қабул қилганини маълум қилди.
Фото: Украина президенти матбуот хизмати
Украина президенти Володимир Зеленский ўз офиси раҳбари лавозимини Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановга таклиф қилганини маълум қилди.
У ўз танловини мамлакат хавфсизлиги, мамлакат мудофаасини ривожлантириш, шунингдек, музокаралар жараёни давом этаётган вазиятда дипломатик жиҳатларга эътибор қаратиш зарурати билан изоҳлаган.
«Мен Кирилл Буданов билан учрашдим ва унга Украина президенти идорасини бошқаришни таклиф қилдим. Ҳозир Украинага хавфсизлик масалаларига, мудофаа ва хавфсизлик кучларини ривожлантиришга, шунингдек, музокараларда дипломатик трекка кўпроқ эътибор қаратиш керак ва президент офиси биринчи навбатда давлатимизнинг шундай вазифаларини бажаришга хизмат қилади», – деган Украина президенти.
У Буданов бу йўналишлар бўйича махсус тажрибага ва натижаларга эришиш учун етарлича кучга эгалигини таъкидлаган.
Президент офисига 2025 йил ноябр ойи охиригача Андрей Ермак раҳбарлик қилганди. У Украинанинг барча атом электр станциялари оператори ҳисобланган «Энергоатом» атрофидаги коррупция можароси фонида истеъфога чиқарилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, президент офисининг янги раҳбарига Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби ҳамда бошқа зарур раҳбарлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда давлатимиз мудофааси ва ривожланишининг стратегик асосларини янгилаш ва кейинги қадамларни белгилаш бўйича таклифларни тайёрлаб, тасдиқлаш учун тақдим этиш вазифаси топширилган.
Будановни президент офисининг янги раҳбари этиб тайинлаш тўғрисида расмий фармон ҳозирча йўқ, бироқ унинг ўзи аллақачон Зеленскийнинг таклифини қабул қилганини маълум қилди.
«Украинага хизмат қилишда давом этаман. Президент офиси раҳбари лавозимини мамлакат олдидаги масъулиятнинг яна бир чўққиси деб биламан. Украина учун тарихий лаҳзада давлатимиз стратегик хавфсизлигининг муҳим масалаларига эътибор қаратиш мен учун шараф ва масъулиятдир», – деб ёзди Бош бошқарма бошлиғи ўзининг телеграм-каналида.
Кирилл Буданов 2020 йилдан бери Украина разведкасини бошқариб келмоқда. У мамлакат тарихида ҳарбий разведка бошлиқларидан энг машҳури ҳисобланади.
Ермак истеъфога чиққанидан сўнг, Зеленский офиси раҳбари лавозими учун бир неча номзод номи айтилганди: мудофаа вазири Денис Шмигал, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Михаил Федоров, ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица ва президент девони раҳбари ўринбосари Павел Палиса ва Кирилл Буданов ҳам бор эди.
Агар Буданов президент офиси раҳбарлигига ўтса, Бош разведка бошқармасига унинг ўрнига Украина ташқи разведка хизмати бошлиғи Олег Ивашченко янги раҳбар бўлиши кутилмоқда.

Декабр ойида Володимир Зеленский президент офисининг янги раҳбарини тайинлаш қарорини ҳозирча кечиктираётганини, чунки у Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокараларга эътибор қаратиши кераклигини айтганди.
Декабр ойи охирида музокаралардан сўнг АҚШдан қайтаётган Зеленский тез орада ўз идорасига янги раҳбар тайинланишини маълум қилганди.
«Офис раҳбарига келсак – мен қарор қилдим, маълумот бироз кейинроқ бўлади», – деганди Зеленский 30 декабр куни кечқурун.
Мавзуга оид
08:19 / 02.04.2026
Трамп Киевга ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилди
20:56 / 31.03.2026
Россия Украинага Донбассдан қўшинларини олиб чиқиш учун икки ой муҳлат берди – Зеленский
22:42 / 28.03.2026
Эрон Дубайдаги “Украина омбори”га зарба берганини маълум қилди
10:18 / 28.03.2026