Жаҳон | 20:36 / 24.10.2024
23843
14 дақиқада ўқилади

Қозондаги BRICS саммити Кремл учун — Ғарбга сигнал. Блокнинг бошқа иштирокчилари учун-чи?

Александр Кряжев / РИА Новости / Sputnik / AP / Scanpix / LETA

22 октябр куни Қозонда очилган BRICS саммити — 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан буён Россия учун энг нуфузли халқаро тадбир. Меҳмонлар орасида — нафақат блок аъзолари бўлган мамлакатлар раҳбарлари, балки ҳозирча унга қўшилиш имкониятини кўриб чиқаётган давлатлар вакиллари ва ҳатто БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бор (бунинг учун Украина уни қоралади). Ғарб матбуотидаги дастлабки баҳоларга кўра, России АҚШ ва Европа мамлакатларига Москвани яккалаб қўйиш режаси ўхшамаганини кўрсатишга муваффақ бўлган. Аммо саммитга келган йирик давлатлар раҳбарларининг ҳам Россияники билан мос келмайдиган ўз прагматик кун тартиби бўлиши мумкин.

Путиннинг рамзий ғалабаси

Россия —  Бразилия, Ҳиндистон, Хитой қаторида BRICS асосчиларидан бири ҳисобланади (блок ўзининг ҳозирги номини 2010 йилда ЖАР қўшилганидан кейин аъзо давлатларнинг бош ҳарфларидан олган). Кейинроқ Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эфиопия ҳам блокка қабул қилинган. Шунингдек, Туркия ва Озарбойжон BRICS’га аъзолик учун ариза топширган.

BRICS’нинг Россиянинг Украинага босқинидан кейинги илк саммити 2023 йилда Йоханнесбургда ўтказилган, унга Владимир Путин бормаган ва видеоалоқа орқали чиқиш қилиш билан чекланганди: бу вақтда Халқаро жиноий суд уни ҳибсга олишга ордер бериб бўлганди, ЖАР раҳбарияти эса ундан мамлакатга келмасликни сўрагани айтилган.

Россия президенти Владимир Путин учун Қозондаги саммит — Ғарбга ҳам, россияликларга ҳам у бутун дунёдан ажратиб қўйилмаганини кўрсатиш имкониятидир, дея қайд этади BBC рус хизмати корреспонденти Григор Атанесян. АҚШ ва иттифоқчилари уни айнан шундай четланган қилиб кўрсатишса-да, Глобал Жанубнинг 30 дан ортиқ давлатидан келган дипломатлар ва мулозимлар бунга қўшилмайди.

Улар орасида — Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, ЖАР, шунингдек, Миср ва Эфиопия ҳамда бошқа давлатлар бор. Улардан бир қисми худди Россия каби Ғарб санкцияларига учраган, бошқалари эса — АҚШнинг муҳим иттифоқчилари, Туркия эса НАТО аъзоси.

Бу мамлакат раҳбарлари Россияга боришга ва Путиннинг қўлини сиқишга тайёрлиги (Нарендра Моди уни қучоқлаб ҳам олди) кўрсатадики, Глобал Жанубнинг аксар вакилларида  Москванинг Украинага ноқонуний бостириб киришига — Вашингтон ва Европа пойтахтларида кўрилганидек, жаҳон тартиботига экзистенциал таҳдид эмас, балки навбатдаги минтақавий можаро сифатида қаралади, деб ҳисоблайди BBC рус хизмати корреспонденти.

Аммо Кремлга рамзий кўтаринкилик беришдан ташқари BRICS’нинг бу учрашуви қандай моддий ютуқларга эришиши номаълум, дея қайд этади Григор Атанесян. «Что это было» подкастидаги чиқишида у ҳозирда BRICS мамлакатларини нима бирлаштираётгани ва Қозондаги саммит Кремлга нима учун кераклигини тушунтиради.

У янга валюта яратиш ва «де-долларизация» (АҚШ долларининг глобал устунлигига қарши) ҳақидаги гаплар фонида саммит сайти келувчиларга ёнида нақд пул олиш кераклиги, чунки Mastercard ва Visa Россияда ишламаслиги, «Россиядаги банкларнинг аксарида фақат нақд АҚШ доллари ёки еврони нақд рублга эркин алмаштириш мумкинлиги» ҳақида эслатиб турган.

Хитой BRICS’дан дунё тартиботини ўзгартириш учун восита сифатида фойдаланади

Ғарбнинг савдо ва молиявий санкциялари шароитида Россия иқтисодиёти ва ҳарбий машинаси кун сайин қарам бўлиб бораётган Кремлнинг Хитой билан алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда. Хитой раҳбари Си Жингпинг Путинни «қадрдон дўст» деб атайди. Украинада уруш бошланганидан кейин Пекин ва Москва ўртасидаги муносабатлар бироз ўзгарганига қарамай, у ҳамкасблари орасида энг кўп Путин билан учрашмоқда. Россия каби Хитойни ҳам тез-тез инсон ҳуқуқлари бузилиши учун танқид қилишади.

Си BRICS’нинг олдинги саммитига келган, аммо нутқ сўзламаганди. Хитой етакчиси бизнес-форумни ўтказиб юборган ва ўз нутқини ўқиб беришни савдо вазирига топширган, бу барча учун кутилмаган ҳол бўлганди. BBC Хитой хизмати мухбири Чен Ян Пекин Москва билан қанчалик яқин кўринмасин, Хитой айниқса хавфсизлик масалаларида Россия томонида туришни унчалик хушламаслигини эслатади. Масалан, АҚШнинг такрорий сўровидан кейин Хитой Россияга икки мақсадли товарлар экспортини чеклаганди.

Шу билан биргаликда, гап Ғарбга қарши туриш ҳақида кетганда, икки мамлакат манфаатлари кўп ҳолларда умумий бўлади. BRICS бунинг исботидир. Шунда Хитой аслида нима истайди?

Гапнинг индаллоси, Си Жингпинг дунёни авторитар ҳукмдорлар учун янада меҳмондўст қилишни истайди. У инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа стандартлар мавжуд бўлган суверен давлат ишларига аралашув камроқ бўладиган халқаро тизим яратилишини истайди. Содда қилиб айтганда, Хитой биринчи ўринга инсон ҳуқуқларини эмас, балки суверенитетни қўйишни истайди, дея қайд этади Чен Ян.

Бунга эришиш учун Хитой нима қилиши мумкин?

Хитойнинг режаси — имкон қадар кўпроқ ҳамфикр мамлакатларни бирлаштириш. Хитойнинг иқтисодий қудрати ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида унчалик қайғурмаслиги АҚШ услубидаги халқаро тизимни ёқтирмайдиган кўплаб мамлакатларга маъқул келади. BRICS блоки шундай мамлакатларнинг мулоқот клубига айланди ва бу янги аъзолар қўшилиши билан тобора равшан бўлиб бормоқда, дейди BBC Хитой хизмати мухбири.

Ҳиндистон етакчи ва тинчликпарвар бўлишни истайди

Ҳиндистон бош вазирининг BRICS’нинг олдинги саммитидаги чиқиши энг оптимистик чиқиш бўлганди: Моди иштирокчиларни космик технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш, анъанавий тиббиёт учун марказий банк яратишга ҳамда БРИКС мамлакатларида таълим даражасини оширишга имкон берадиган технологияларга инвестиция киритиш бўйича келишиб олишга чақирганди. Ҳиндистон ҳам худди Хитой каби BRICS ташкилотга янги аъзолар қабул қилиш ҳисобига кенгайиши тарафдори саналади.

BRICS’нинг бу йилги саммити Ҳиндистон учун мамлакатнинг блокдаги икки асосий куч: Хитой ва Россия билан ўзаро муносабатлари нуқтайи назаридан ўзига хос аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди BBC ҳинд тилидаги хизмати мухбири Рагҳвендра Рао.

Хусусан, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Хитой раиси Си Жингпинг билан икки томонлама учрашув ўтказиши кўзда тутилган. Сўнгги беш йил ичидаги илк бундай учрашув Ҳиндистон Хитой билан Ҳимолай тоғидаги яхши белгиланмаган ва баҳсли бўлиб қолаётган, 2020 йилдан буён мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда кескинликка сабаб бўлиб келган 4 минг километрлик чегара бўйлаб патруллик қилиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилганидан бир неча кун ўтиб ўтказилмоқда. Рагҳвендра Раонинг эслатишича, Ҳиндистон Моди ва Си учрашуви сўнгги тўрт йил давомида Хитой билан ўзаро муносабатларга соя солиб турган чегара можаросига нуқта қўйишидан умид қилмоқда.

Россия масаласида эса, BBC мухбири фикрича, Ҳиндистон ўзини Россия ва Украина ўртасидаги можарода яраштирувчи сифатида намойиш этмоқчи. Моди яқинда Украинадаги урушни РФ президенти Путин билан ҳам, Украина президенти Зеленский билан ҳам муҳокама қилиб, ёрдам таклиф этгани факти кўрсатадики, Ҳиндистон инқирозни юмшатишда фаолроқ рол ўйнашни истамоқда.

Ҳиндистон нафақат BRICS аъзолари ўртасидаги стратегик ва иқтисодий ҳамкорлик учун курашмоқда, балки ривожланаётган мамлакатлар орасида етакчи бўлишга ҳам уринмоқда, деб ҳисоблайди Рагҳвендра Рао. Шу билан бирга, Ҳиндистон ташқи сиёсатда Россия билан ҳам, Ғарб билан ҳам ишлаб, у ёки бу томонга жуда яқинлашмасдан, мустақил сиёсат юргизишда давом этмоқда.

Туркия: Евроиттифоққа қўшимча, муқобил эмас

Евроиттифоққа аъзолигига 1999 йилдан буён номзод мақомида қолаётган Туркия BRICS’га қўшилиш учун яқинда, жорий йил сентябрида ариза топширди. Шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти бу блокни бошқа тузилмаларга муқобил деб ҳисобламаслигини қайд этади.

Саммит Туркия учун жуда муҳим, чунки Анқара Евроиттифоққа қўшилиш бўйича жараён тўхтаб қолгани фонида BRICS аъзолигига интилмоқда, дея қайд этади BBC’нинг Туркия хизмати мухбири Эмре Темел.

Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқаранинг аризасини саммит майдонидаги икки томонлама учрашувларда муҳокама қилиши кўзда тутилган.

Туркиянинг BRICS’га аъзо бўлиши йўлидаги биринчи қадам сифатида шериклик мақоми деб номланган янги механизм таклиф этилиши мумкин.

Президент Эрдўған Туркиянинг BRICS билан ҳамкорлик қилишга қатъийлигини тасдиқлаб, Анқара Шарқнинг ривожланаётган державалари билан ўзаро иқтисодий муносабатларни диверсификация қилиш учун яқиндан мулоқот олиб боришни исташини маълум қилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Туркия BRICS билан ҳамкорлик Европа иттифоқи билан божхона тўғрисидаги битимга муқобил эмас, балки қўшимча эканини, кўплаб турли халқаро ташкилотларда иштирок этиб, ўз иқтисодий манфаатларига амал қилишини таъкидлайди.

Эрон қулоғи учун мусиқа ва Бразилиянинг блокни кенгайтириш бўйича шубҳалари

Эрон — блокнинг янги аъзоларидан бири. Мамлакат 2024 йил 1 январида БАА, Миср ва Эфиопия билан биргаликда BRICS аъзосига айланганди.

BBC Форс хизмати катта мухбири ва ташқи сиёсат бўйича мутахассиси Кайван Ҳусайнийнинг ҳисоблашича, BRICS’га тааллуқли барча нарса — Эрон қулоғи учун мусиқа. У тепасида Ғарб ҳукмрон бўлган дунё тартиботига қарши чиқиш мақсадидаги икки ядровий держава турган BRICS блоки Эрон олий раҳнамоси қарашларига мос келишини таъкидлайди.

Кайван Ҳусайнийнинг фикрича, Яқин Шарқдаги ҳозирги динамикани ҳисобга олган ҳолда, Эрон BRICS’дан аниқ баёнот бериш учун фойдаланиши мумкин: Эрон Яқин Шарқ можаросида кескинлашувни хоҳламайди, аммо провокацияларни жавобсиз қолдирмайди.

Бразилия — айни вақтда блокнинг Лотин Америкасидан бўлган ягона аъзоси. Ташкилотга 2024 йилда аъзо бўлишни мўлжаллаган Аргентина кейинроқ бу фикридан қайтди.

Глобал Жанубнинг ўзига хос етакчиси сифатида намоён бўлиш доимо Бразилия президенти Лула да Силванинг кун тартибида бўлган ва унинг ҳукумати, афтидан, ушбу мақсадга эришиш учун BRICS ва унинг Янги тараққиёт банкига (ташкилот аъзолари томонидан ташкил этилган) катта умид боғлаган, дея эслатади BBC Бразилия хизмати мухбири Жулия Браун.

Аммо 2024 йилги саммитга Бразилия амалий мақсадда — янги мамлакатларнинг блокка қўшилиши учун асосий талабларни белгилаб олиш мақсадида етиб келди, дея қайд этади Браун. Бразилия ҳукумати географик жиҳатдан мувозанат ҳамда барча янги аъзолар БРИКС асосчилари бўлган давлатлар билан дўстона муносабатда бўлишини талаб қилади.

Сўнгги банд муҳим, чунки Бразилия Венесуэла ва Никарагуанинг ҳамкор давлатларга айланишига вето қўйиш ниятида эканини билдирган. Жанубий Америкадаги Луланинг собиқ иттифоқчилари бўлган бу икки мамлакатга муносабатлардаги сўнгги йилларда рўй берган ўзгаришлар туфайли исталмаган мамлакатлар сифатида қарала бошланган. Бразилия Никарагуанинг католик черковга нисбатан олиб бораётган сиёсатидан норози, икки мамлакат яқинда бир-бирининг элчиларини чиқариб юборган.

Африка учун BRICS: янги глобал VIP-клубга кириш имконияти

BRICS’да Африканинг биратўла уч вакили бор: блокка 2010 йилда қўшилган ЖАР, 2024 йилда аъзоликка қабул қилинган Миср ва Эфиопия.

BBC’нинг Африка бўлими муҳаррири Бруно Гарсез Жанубий Африка блокка аъзо бўлганида, қитъада бу Африка учун катта воқеа сифатида эътироф этилганини эслатади, ҳолбуки унниг иқтисодиёти, аҳолиси сони ва ҳудуди блокнинг қолган тўрт аъзосиники билан солиштирганда анча кичик эди. Унинг сўзларига кўра, ЖАР BRICS’га аъзо бўлиш орқали турли соҳаларга, банк соҳасидан тортиб тоғ-кон саноатигача Хитой инвестицияларини олиб киришни (бунга эришди ҳам) ва жаҳон аренасида янгича муҳим рол ўйнашни кўзлаганди.

Ўтган йили BRICS’га иккита янги аъзо — Миср ва Эфиопия қабул қилинди. Эфиопия бош вазири Абий Аҳмед ўз мамлакатининг аъзолигини «инклюзив ва фарвон дунё тартиботи»да иштирок этиш имкони деб атаганди. Бу блок ва унинг аъзоларининг кўтарилиб бораётган мақомига мақтов сифатида ҳам, Африка мамлакатлари учун аввалги каби «инклюзив» ёки «фаровон» деб ҳисобланмай қўйган Ғарб мамлакатларига таъна сифатида ҳам янграганди, деб ҳисоблайди Бруно Гарсез.

Шу билан бирга, у Миср Эфиопия эфиопияликларнинг Нил дарёсидаги тўғони лойиҳаси бўйича жанжаллашаётгани ҳамда Африкадаги бир-бирига душман деб ҳисобланадиган иттифоқларга аъзо бўлаётганини қайд этади.

Эҳтимолий ички келишмовчиликларга қарамай, бугунги кунда блокка аъзо бўлиш нафақат Африкадаги, балки бошқа мамлакатлар учун ҳам истакка айланган. Ривожланаётган иқтисодиёт бўлган мамлакат учун BRICS аъзоси бўлиш — савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, арзонроқ кредит линияларини қўлга киритиш ва халқаро аренада кўзга кўринган ўринни эгаллаш имкониятидир, дейди мухбир.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид