Ўзбекистон | 08:40 / 16.06.2020
31679
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олий таълим тизими бўйича статистик маълумотлар очиқланди

Ўзбекистонда олий таълим тизимида олий ҳарбий билим юртларидан ташқари 119 та олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида 7 та академия, 58 та университетлар ва 5 та олий диний таълим муассасалари ҳамда филиаллари фаолият юритмоқда. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йили бошида жами 138,1 минг киши талабаликка қабул қилиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 114,5 минг кишини ташкил этган (23,8 минг кишига, ёки 20,6 фоизга ошган). Ҳудудлар бўйича олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичларининг юқорилиги бўйича Тошкент вилояти ўтган йилга нисбатан 40,3 фоизга, Андижон вилояти 31,3 фоиз ва Фарғона вилоятида 25,7 фоизга ошганлиги кузатилди.

2019 йилда бакалавр даражасига эга бўлган талабалар сони 65,4 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 18,6 минг нафари давлат грантлари асосида таълим олган. 2019 йилда бакалавриат босқичини битирганларнинг 25,0 минг нафарини қизлар (38,3 фоиз) ташкил этган. 2020 йилда бакалавриатни 76,9 минг нафар талаба битириши кутилмоқда, уларнинг 22,1 минг нафари (28,7 фоиз) давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабаларни ташкил қилади.

2019-2020 ўқув йили учун магистратурага жами 9362 нафар талаба қабул қилинган. Талабалардан, 44,1 фоизи (4131 нафари) давлат гранти асосида, 55,9 фоизи (5231 нафари) тўлов шартномаси асосида қабул қилинган. 2018-2019 ўқув йилида магистратурага жами 5725 нафар қабул қилинган талабалардан, 27,2 фоизи (1555 нафари) давлат гранти асосида, 72,8 фоизи (4170 нафари) тўлов шартномаси асосида қабул қилинган. Магистратурага қабул квоталари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,8 фоизга ошган, шу жумладан, давлат гранти асосида қабул квоталари ҳам 2,7 баробарга кўпайган.

2019/2020 ўқув йили бошида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг жинси бўйича тақсимланишида бошқа ҳудудларга нисбатан аёллар улушининг юқорилиги Навоий вилоятида 60,2 фоиз, Сирдарё вилоятида 56,2 фоиз ва Сурхондарё вилоятида 55,2 фоизни ташкил этмоқда, эркаклар улушининг юқорилиги бўйича Тошкент шаҳри 61,1 фоиз, Тошкент вилояти 59,9 фоиз ва Самарқанд вилоятида 58,9 фоизни ташкил этган.

2019/2020 ўқув йили бошида олий ўқув юртларида жами таҳсил олаётган бакалавриат босқичида талабалар сони 424,9 минг нафарга етган бўлиб, гуманитар соҳада 206,9 минг нафар (48,7 фоиз) талаба, Ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва ҳуқуқ йўналишларида 41,6 минг нафар (9,8 фоиз) талаба, ишлаб чиқариш техникаси соҳаси йўналиши 105,1 минг нафар (24,7 фоиз) талаба, қишлоқ ва сув хўжалиги 25,9 минг нафар (6,1 фоиз) талаба, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот 27,1 минг нафар (6,4 фоиз) талаба, хизматлар соҳасида 18,4 минг нафар (4,3 фоиз) талаба таҳсил олмоқда.

Олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига қабул натижалари таҳлилидан кўринадики, 100 ўринга тўғри келадиган энг юқори кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 1427 нафар, Сирдарё вилоятида 1270 нафар ва Сурхондарё вилоятида 1175 нафарни ташкил этади.

2019/2020 ўқув йили бошида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида таълимнинг барча турлари бўйича бакалавриат босқичига жами абитуриентлар томонидан 1157634 та ариза топширилган бўлиб, республика бўйича 100 ўринга 899 нафар кишини ташкил этган.

2019/2020 ўқув йили бошида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида жами 30559 нафар профессор-ўқитувчилар (ўриндошларсиз) фаолият юритмоқда. Шундан 13187 нафари аёллар (43,2 фоиз)ни ташкил этса, 17372 нафари эркаклар (56,8 фоиз)дан иборат.

Мамлакатда олий таълим муассасаларида жами 30559 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритаётган бўлиб, фан доктори илмий даражасига эга 1811 нафарни, фан номзодлари 6181 нафарни ҳамда фалсафа доктори 1081 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек илмий унвони бўйича профессорлар 1326 нафарни, доцентлар 4645 нафарни ташкил этади. 2019/2020 ўқув йили бошига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида битта ўқитувчига ўртача 14 нафар талаба тўғри келади. Шулардан ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Жиззах, Навоий ва Фарғона вилоятларида қайд этилиб, унда битта ўқитувчига ўртача 19 нафар талаба тўғри келган бўлса, Андижон вилоятида эса энг паст кўрсаткич яъни битта ўқитувчига ўртача 11 нафар талаба тўғри келган.

Мавзуга оид