14:53 / 15.06.2024
5883

Сенат аралашуви билан божхонада қолиб кетган лифтлар чиқарилди, лекин муаммо ҳал бўлмади

Kun.uz лифт импорт қилувчи тадбиркорлар март ойидан бери товарларини божхонадан олиб ўта олмаётгани ҳақида ёзганди. Масалага Сенат аралашгач, 36 та тадбиркорлик субъектининг 150 та лифт ускунаси божхонадан ўтказилган, лекин муаммо очиқлигича қолмоқда: сертификатлари тўхтатиб қўйилган тадбиркорлар янги шартномалар туза олмайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонга лифт импорти сунъий равишда тўхтатиб қўйилгани муаммосига Олий Мажлис Сенати эътибор қаратди.

Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, лифт импорт қилувчи тадбиркорлар 20 мартдан бошлаб товарларини божхонада ўтказа олмай қолган, чунки уларга берилган мувофиқлик сертификатлари кутилмаганда бекор қилинган. Саноат хавфсизлиги қўмитаси масъуллари буни лифтларга қўйиладиган талаблар ўзгараётгани билан изоҳлаган.

Маълум бўлишича, ҳозирда “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси аккредитациясининг амал қилиши тўхтатилган ва шу сабаб мувофиқликни баҳолаш бўйича фаолият юритаётган ва аккредитация қилинган сертификатлаш органи мавжуд эмас.

Бу – тадбиркорлар мурожаатидан кейин Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ўрганишларида маълум бўлган.

Импорт тўхтатилгунга қадар “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси республикада саноат маҳсулотини (лифт, эскалатор, газбаллон, иситиш қозонлари) сертификатлаштириш бўйича аккредитациядан ўтган ягона орган ҳисобланган. Кейинроқ унинг аккредитацияси бекор қилинган. Аммо нима сабабдан бекор қилинганига Сенатнинг хабарида ойдинлик киритилмаган.

Аниқланишича, божхона омборларида 47 та корхона томонидан олиб келинган, қиймати 9,5 млн доллар бўлган 332 та лифт ва эскалатор назоратда турган. Шу муносабат билан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳукуматга сенатор сўровини юборган.

“Вазирлар Маҳкамаси томонидан сенатор сўровига берилган жавобда сўнгги пайтларда мамлакатимизда лифтлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар содир бўлаётгани сабабли халқаро, хусусан, Европа тажрибасини ўрганган ҳолда лифтлар ва уларнинг мосламалари сифати ҳамда хавфсизлигига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, лифтларни текширувдан ўтказиш қамровини таъминлаш ва сифатли амалга ошириш мақсадида лифтларга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотларни халқаро стандартларга асосан аккредитациядан ўтказиш тизимини яратиш каби бир қатор муҳим топшириқлар белгилангани кўрсатиб ўтилган”, – дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, сенатор сўровидан кейин, Ўзбекистон аккредитация маркази қарорига асосан “Саноат хавфсизлиги” маҳсулотларни сертификатлаштириш органи ва синов лабораторияси номларига расмийлаштирилган аккредитация гувоҳномалари қайта тикланган ҳамда тадбиркорларга лифт, эскалатор ва траволатор учун белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатларини бериш жараёни қайта йўлга қўйилган.

“Бугунги кунгача 36 та тадбиркорлик субъектининг 150 та лифт ускунаси тегишли объектга олиб чиқиб кетилди”, – дейилади Сенат хабарида.

Сенат хабаридан кейин иқтисодчи Отабек Бакиров “сертификатлаш органи мавжуд эмас” деган важ бу баҳона эканини айтиб, лифтлар 3 ойдан ортиқ божхона омборларидан чиқарилмай турилгани, давлат органлари ўзи берган сертификатларни ўзи тан олмагани, муаммо ҳали тўлиқ ҳал бўлмаганини таъкидлади.

“Яна юзлаб лифт ва эскалаторлар омборларда ётибди. Ҳеч ким тадбиркорлар кўрган ва кўраётган зарарларни ҳисоблагани йўқ. Ҳеч ким жазолангани йўқ, шу тақиқни жорий қилганлар ҳаммаси ўз лавозимида, янги ва янги тақиқларни тузиш билан овора”, – деб ёзди у.

Top