Ўзбекистон | 16:31 / 03.08.2021
58241
4 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда пандемиянинг кейинги тўлқинларига йўл қўймаслик учун 3та муҳим шартни айтди

Пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун, халқдан 3та муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил I ярим йиллигида иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда ҳар бир тармоқ ва ҳудудда учинчи чорак ва йил якунига қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда. 

«Шифокорлар албатта жонбозлик кўрсатишяпти, лекин етарли даражада самара бўлмаяпти. Шифокорларнинг талабларини бажармаганимиз туфайли вазият оғирлашди, минг афсус, касаллик кўпайиб бормоқда.

Шундай бўлса-да, касалликни даволаш ва унинг олдини олиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Соғлиқни сақлаш тизими шай ҳолатга келтирилиб, барча зарур воситалар, етарли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқлари кескин карантин чекловларисиз фаолиятини давом эттирмоқда. 

Бу фақат соғлиқни сақлаш тизимининг иши деганлар қаттиқ адашади. Албатта, вазирликка катта масъулият юкланган, лекин ҳамма жавобгарликни ҳис қилиши керак», деган давлат раҳбари.

«Пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтишимиз ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун, халқимиздан 3та муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилади.

Биринчидан, вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келдик. Бирорта ҳудуд вакцина йўқ, деб айта олмайди, ҳаммасини бепул етказиб беряпмиз. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти пайдо бўлди. Тўртта вакцина ишлаяпти ҳозир.

Шу боис, эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзоладим. Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди.

Иккинчидан, шахсий гигиена ва ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя қилиш, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш – касалликдан энг самарали ҳимоя эканини унутмаслик лозим.

Афсуски, одамларимиз бу талабни унутиб, эсдан чиқариб қўйгани ҳам, айни ҳақиқат. Чекловларга қарамасдан, жойларда кўп кишилик тўйлар, турли маросимлар тўхтагани йўқ.

Шу билан бирга, жорий ҳафтадан олийгоҳларга кириш учун тест имтиҳонлари бошланади, бу тадбирларда республика бўйича кунига 100 мингга яқин абитуриент қатнашади. Ушбу тадбирларни ҳам карантин талаблари асосида ташкил этиш зарур.

Учинчидан, касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларни ўзбошимчалик билан, пала-партиш дори воситалари истеъмол қилишининг олдини олиш зарур. 

Афсуски, беморлар уй шароитида нотўғри даволанишлари натижасида оғир оқибатлар келиб чиқмоқда», деди президент.

Соғлиқни сақлаш мутасаддилари олдига уй шароитида даволанаётган беморларнинг тизимли назоратини ҳамда тўғри даволанишни тарғиб қилиш топшириғи берилди. Бунинг учун, махсус тиббиёт бригадалари сонини камида 2 бараварга ошириш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Бош прокурорга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда дорихоналарда коронавирусга қарши қўлланадиган дори воситалари нархининг асоссиз ошиши ва уларнинг ноқонуний айланмаси бўйича кунлик назорат тадбирларини кучайтириш топширилди.

Мавзуга оид