Иқтисодиёт | 20:24 / 21.08.2019
24471
3 дақиқада ўқилади

Тимур Ишметов: «Валюта курси ўзгариши иқтисодиёт барометри ҳисобланади»

20 август куни Ўзбекистон Марказий банки Молия вазирлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситалари учун ички валюта бозоридаги жорий ҳолат ва алмашув курси динамикасига боғлиқ масалаларни тушунтириш мақсадида матбуот анжуманини ташкил этди.

Унда иштирок этган Молия вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов валюта курси ўзгариб туриши табиий жараёнлиги, курс ўзгаришига ташқи омиллар ҳар доим таъсир кўрсатиши, бундан қочиб қутулиб бўлмаслиги ҳақида гапирди.

Шунингдек, унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Марказий банк ҳам курснинг ўзгаришига сунъий таъсир кўрсатишни режалаштирмаяпти. Фақатгина эҳтимолий ташқи таъсирларни олдиндан прогнозлаш ва бунга мувофиқ равишда ички ҳолатни мослаштириш учун чоралар кўрилиши мумкин.

«Эркин бозор шароитида валюта курсининг ўзгаришига иқтисодиётнинг барометри сифатида қараш лозим. Биз барометр кўрсатаётган ҳароратга мослашишимиз мумкин, холос. Агар у кўрсатган ҳарорат ёқмаса, барометрни бузиб ташлай олмаймиз. Ўзбекистон ҳукумати валюта курсидаги тебранишларда фискал мувозанатни қатъийлаштириш, ташқи таъсирларни минималлаштириш орқалигина роль ўйнаши мумкин», дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, вазир ўринбосари мамлакатда кузатилаётган импорт ҳажмининг экспортдан сезиларли даражада юқорилиги ҳолатига изоҳ берди.

«Иқтисодиётни эркинлаштириш, ривожлантиришга ҳаракат қилинаётган ҳозирги пайтда импорт ҳажми экспортдан юқори бўлиши табиий ҳол. Буни ўзгартиришга импортни чеклаш орқали эмас, балки экспорт ҳажмини ошириш орқали эришиш мумкин. Бунинг учун адолатли ва ҳамма учун баравар бўлган бозор шароитини яратиш керак. Экспорт учун белгиланган имтиёзли кредитлардан босқичма-босқич воз кечиш керак, бу коррупцион механизмларни юзага келтириши мумкин», дейди у.

Ишметовнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда турли давлат идоралари томонидан импортда чекловларни жорий қилишни кўзда тутувчи норматив ҳужжатлар лойиҳаси тақдим этилмоқда, лекин бундай чекловларни жорий қилиш режалаштирилмаяпти. 

Мавзуга оид