Марказий банк сентябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 13,3 фоизни ташкил қилиб, август ойига нисбатан 0,2 фоиз бандга ошган.
Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
- валюта курси ўзгариши (50 фоиз);
- ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (47 фоиз);
- коммунал хизматларнинг қимматлашиши (45 фоиз);
- иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (39 фоиз).

Сентябр ойида келгусида нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омил сифатида валюта курсининг ўзгаришини қайд этган респондентлар улуши кўпайган.
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари
Сентябр ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 12,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,1 фоиз бандга пасайган.
Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
- валюта курсининг ўзгариши (51 фоиз);
- коммунал хизматларнинг қимматлашиши (46 фоиз);
- ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (44 фоиз);
- иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (38 фоиз).

Валюта курсининг ўзгаришини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб ҳисобловчи тадбиркорларнинг улуши ҳам ошган.
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма савдо (14 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари (11,3 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма соғлиқни сақлаш (13,6 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса кафе ва ресторан (11,3 фоиз) соҳасига тўғри келган.












