Ўзбекистон | 00:22 / 15.12.2016
33640
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: 2017 йилдан бошлаб ҳокимлар аҳоли олдида ҳисобот бериши жорий этилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат амалдорлари халқ дардини тинглаши ва шу билан бирга ўзи бажарган ишлар хусусида халққа ҳисобот бериши зарурлигини айтиб ўтди.

Буюк Алишер Навоий бобомизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз. 

Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади. 

Биз барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтишимиз даркор. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади. 

Шу билан бирга, илгари ҳам айтганимиз каби, ҳар бир туман ва шаҳарда, “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашимиз зарур бўлади. 

Бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб, бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим фаолиятини йўлга қўйиш даркор. 

Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги биз учун энг асосий мезон бўлиши шарт. Шу борада бир фикрни яна такрорлаб айтмоқчиман: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак. 

Шу муносабат билан энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифалар, тармоқ ва ҳудудлар бўйича мақсадли дастурлар, устувор инвестиция лойиҳалари ва бошқа долзарб вазифалар бажарилишини танқидий таҳлил қилиш юзасидан амалдаги мавжуд тизим самарадорлигини оширишимиз лозим. 

Айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари ва иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг Президент ҳузурида шахсий ҳисоботини эшитиш амалиёти янгитдан жорий этилади. 

Ҳукуматга, ҳокимликларга сайловчилар ва аҳолининг кенг қатламлари билан учрашувлар якунлари бўйича 2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш борасидаги муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларни вазирлик ва идоралар билан биргаликда сўзсиз амалга ошириш топширилади. 

Бугунги кунда нафақат Бош вазирнинг электрон почтаси ва қабулхонасига, балки Президент номига келиб тушаётган фуқароларнинг қонуний мурожаат ва шикоятларини батафсил ўрганиш ва уларда кўтарилган масалаларни ечиш бўйича ишларни фаол давом эттириш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман. 

Умуман олганда, бундан кейин вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фаолияти натижаси қуруқ иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг одамлар билан қандай мулоқот олиб бораётгани ва ишни ташкил этгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланади ва тегишли хулосалар чиқарилади. 

Айни шу масалада уларнинг фаолияти ижобий бўлса, халқ улардан рози бўлса, раҳмат деймиз, акси бўлса – биз бундай раҳбарлар билан хайрлашамиз.

Мавзуга оид