Жаҳон | 23:02 / 26.08.2024
4256
2 дақиқада ўқилади

АҚШ полицияси жиноятларга оид ҳисоботларни ёзишда сунъий интеллектдан фойдаланишни бошлади

Одатда полиция ходими камералар орқали ёзиб олинган барча овозларни ҳисобот шаклига келтириш учун 45 дақиқагача вақт сарфлайди, сунъий интеллект эса буни саккиз сонияда уддаламоқда.

Фото: AP

АҚШнинг Оклахома-Сити шаҳрида полиция сержанти Метт Гилберт ҳамда унинг Ганнер лақабли итига ўрнатилган камералар гумонланувчилар гуруҳини қидириш пайтида бир соат уларнинг ўзаро мулоқотини ёзиб олди. Одатда сержант қидирув ишларини олиб боргани бўйича ҳисоботни тайёрлашга 30-45 дақиқа вақт сарфлар эди, аммо бу сафар у сунъий интеллект хизматидан фойдаланишга қарор қилди.

Камералар орқали ёзиб олинган барча овозларни ҳисобот шаклига келтириш учун сунъий интеллектга саккиз сония кифоя қилди.

«Бу мен ёзишим мумкин бўлган энг яхши ҳисобот бўлди ва у 100 фоиз тўғри», — дейди Гилберт. Унда ҳатто полицияси ёдидан чиқарган факт — бошқа бир офицер гумонланувчилар яширинганини айтган машина ранги ҳам келтирилган.

Оклахома-Сити полиция бошқармаси — кундалик фаолиятига оид ҳисоботларни тайёрлашда сунъий интеллект чат-ботларидан фойдаланаётган кам сонли идоралардан. Буни синаб кўрган полициячилар замонавий технологиялар имкониятидан ҳайратда. Аммо айрим прокурорлар ва юристлар бу жиноий суд тизимининг асосини ташкил этадиган ҳужжатни қанчалик ўзгартириб юбориши мумкинлигидан хавотирда.

ChatGPT технологияси асосида яратилган ва электрошокер ҳамда камералар ихтироси билан танилган Axon компанияси томонидан сотиладиган сунъий интеллект хизмати, Гилбертнинг сўзларига кўра, полиция ишида яна бир «бурилиш нуқтасини» яратиши мумкин.

«Улар полицияда ишлашни хоҳлашгани учун полициячи бўлишади, бироқ иш кунининг ярмини ҳисобот тўлдиришга сарфлайди — бу улар ишда энг кўп ёмон кўрадиган вазифа», — дейди Axon асосчиси ва бош директори Рик Смит.

Смитнинг таъкидлашича, сунъий интеллект асосида яратилган Draft One номли маҳсулоти компания томонидан тақдим этиладиган барча маҳсулотлар ичида «энг ижобий таассуротни» уйғотмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид