Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлашда қандай талаблар қўйилади?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси эълон қилинди.
Миллий гвардия бўлинмаларида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар аризаси (билдиргиси) Номзодларни ҳисобга олиш журналида рўйхатга олинади.
Қоида тариқасида, номзодларни танлаш ва ҳарбий хизматга қабул қилиш эксҳудудийлик принципи асосида амалга оширилади, алоҳида ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига, шунингдек унинг розилигига ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинадиган қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:
вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларига;
тегишли йўлланма орқали контракт бўйича ҳарбий хизматга юборилган олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига;
халқаро шартномалар асосида ўқишга юборилган, хорижий давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларига;
алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига.
Номзодни танлаш қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
а) номзодни ўрганиш (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, номзод билан якка тартибда суҳбатлашиш);
б) умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
в) индивидуал-психологик ўрганиш (психологик тест синовидан ўтказиш);
г) тиббий кўрикдан ўтказиш;
д) номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш.
Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш – танлов комиссиясининг хулосаси асосида амалга оширилади.
Танлов комиссияси танлов якунлари натижаларига кўра, танлов муддатини кечиктириш, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли деб топилган ва танловда юқори балл тўплаган номзодларни контракт бўйича «ҳарбий хизматга қабул қилиш» ёки ушбу Низомда белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолларда «рад этиш» тўғрисида қарор чиқаради.
Номзодларни Миллий гвардия бўлинмаларидаги контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш – оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидаги лавозимларга тайинлашга ваколатли раҳбарнинг (командир ёки бошлиқнинг) буйруғига асосан амалга оширилади.
Номзодларни танлашни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар – бутлашга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, ваколатли раҳбарлар (командир ва бошлиқлар) топшириғига асосан кадр органлари томонидан амалга оширилади. Фуқаронинг аризаси (ёки муддатли ҳарбий хизматчининг билдиргиси) уларни номзод сифатида рўйхатга олиш учун асос бўлади.
Номзоднинг касбий тайёргарлигига мувофиқ келадиган бўш лавозимларнинг йўқлиги ва номзодни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш бўйича ўрнатилган талабларга мувофиқ эмаслиги ҳақидаги комиссиянинг хулосаси – номзодлар билан бошланғич контракт тузишни рад этиш учун асос бўлади.
Миллий гвардия бўлинмаларига контракт асосида ҳарбий хизматга – юқори даражадаги касбий ва маънавий-руҳий тайёргарликка эга бўлган, шу жумладан махсус, тактик, ўқ отиш, умумжисмоний ва касбий тайёргарлик бўйича юқори индивидуал кўрсаткичларга эга қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танланади:
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (ўтаётган) ва сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;
олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган шахслар.
муқаддам оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидаги лавозимларда контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.
Миллий гвардия сафига номзодлар жисмоний ривожланганлиги ва бўйи-басти бўйича қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб беришлари лозим:
Фахрий қоровул бўлинмаларига – 185 сантиметрдан паст бўлмаган;
Отлиқ аскарлар эскадронига – 175 сантиметрдан паст бўлмаган;
Қолган барча бўлинмаларига – 180 сантиметрдан паст бўлмаган эркак номзодлар танланади.
Олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган аёл номзодларнинг бўй-басти 165 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим.
Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш;
Ватанига содиқ бўлиш, фаол ҳаётий нуқтаи назарга, юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт мафкура ва ахлоққа нисбатан муросасизлик зарурлигини англаш;
давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган ҳуқуқларининг ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ равишда чегараланган бўлишига ва Ўзбекистон Республикасининг исталган ҳудудида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташга доимо тайёр бўлиш;
жисмоний ва руҳий юкламаларни талаб этадиган топшириқларни бажаришга, ностандарт ва қаттиқ ҳаяжон вазиятларида тез ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятига эга бўлиш;
ахборот-коммуникация технологиялари асосларини билиш;
Ўзбекистон тарихини билиш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалаларини тўлиқ англаб етиш, бўлаётган воқеа-ҳодисалар тафсилотларини таҳлил қила олиш.
Зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг қарорига кўра, фан, маданият ва спорт арбоблари – конкурс ва танловсиз контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиниши мумкин.
Мавзуга оид
20:38 / 30.09.2024
Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги қарорни имзолади. Армияга 133 минг россиялик олиб кетилади
14:31 / 22.08.2024
Ғарб давлатлари ҳарбий хизматга мажбур украиналик эркакларни қайтаришда Киевга ёрдам бермайди
17:05 / 14.08.2024
«Андижон» футболчиси Миллий гвардия ходимини урди
18:32 / 13.08.2024