Россия Украина шаҳарларига зарба бермоқда, Украина ҳам шундай жавоб қайтара оладими?
Украина шаҳарларига оммавий ракета зарбалари беришнинг янги тўлқини бошланиши ортидан Россиянинг чегарага яқин ҳудудларида фавқулодда вазиятлар мунтазам равишда содир бўлмоқда: портлашлар, ёнғинлар... ҳаво мудофааси фаол ишламоқда. Маҳаллий ҳокимият Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилаётганини айтади, Украина ҳукумати аксарият ҳолларда можарода Россиянинг ўзи айбдорлигини таъкидлайди.
Украина Россия ҳудудига мунтазам зарба бериш учун қандай техник имкониятларга эга? Украина бундай ҳужумларни амалга оширишга қай даражада тайёр? Ва умуман олганда, Россиянинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида жуда фаол ҳарбий ҳаракатларни ўтказиш Киевнинг манфаатларига қанчалик мос келади?
***
10 октябрдан бери Россия томонидан Украина ҳудудига уюштирилган оммавий ракета ҳужумлари ҳақидаги хабарлар билан бир қаторда Россиянинг чегарадош ҳудудлари ҳам тобора фаол ўққа тутилаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайди. Баъзи ҳолларда гап ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаолияти ҳақида кетади, тизим ниманидир уриб туширган бўлади. Украина расмийлари кўпинча ўз ҳудудига, масалан Харкивга отилган Россия ракеталарини уриб туширганини даъво қилади.
Хусусан, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Россиянинг Белгород шаҳридаги турар жой биносига ракета урилганини қуйидагича изоҳлади:
«Россия Харкив томон ракета учирди, бироқ нимадир нотўғри бажарилди ва у Белгороддаги турар жой биносига тегди. Тергов бўладими? Ёки кимдир жазоланадими? Йўқ. Путинга кимни ўлдиришнинг фарқи йўқ: украинларни ёки русларни. Тарғиботчилар тезда сохта сабабларни топишади».
Россия расмийларининг таъкидлашича, бу Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутишнинг оқибатлари.
13 октябр куни Белгород области губернатори Вячеслав Гладков шаҳардаги кўп қаватли уй ракета урилиши оқибатида вайрон бўлгани ҳақида ёзди. Шунингдек, Шебекино шаҳридаги божхона пости ўққа тутилиши ва ўқ-дорилар омбори портлаши ҳақида хабар берди.
14 октябр куни област раҳбари Россия ҳаво мудофаа кучлари томонидан Белгороднинг Новоосколский районида ракеталар уриб туширилганини ёзди. Бўлаклар темирйўл яқинига қулаб тушган. Худди шу куни, Белгород ўққа тутилганидан сўнг, электр подстанцияси, эртаси куни эса нефт омбори ёниб кетди.
19 октябр куни губернатор Гладков Украина қуролли кучлари томонидан Шебекино қишлоғи кучли ўққа тутилгани ҳақида хабар берди. Уч киши жароҳатланган. Губернатор ўққа тутилган ҳудудда яшовчи аҳолидан «ҳудудни вақтинча тарк этиш»ни сўради.
Ўша куни Россия томонидан аннексия қилинган Севастопол губернатори Михаил Развожаев шаҳар узра (Белбек аэродроми яқинида) ҳаво мудофааси томонидан дрон уриб туширилганини ёзди. Унинг бўлаклари хусусий турар жой биносига қулаган. Развожаевнинг сўзларига кўра, ҳеч ким жабрланмаган.
Россия президенти Владимир Путин 19 октябр куни Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларида ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилар экан, «Ўққа тутишлар давом этмоқда. Ҳудудимизга қўпорувчилар гуруҳи юборилмоқда» деди. Шунингдек, Украина гўё Россия минтақаларидаги энергетика ва транспорт объектларига, жумладан, «атом энергияси объектлари»га ҳужум тайёрлаётганини айтди.
Путиннинг фармонига кўра, Россиянинг қатор ҳудудларида «тўрт даражали чекловлар» жорий этилди. Масалан, аннексия қилинган Қрим ва Севастопол, Краснодар ўлкаси, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск ва Ростов областида «ўрта даражадаги чекловлар» жорий этилди. Чора-тадбирлар қаторида аҳолини хавфсиз ҳудудларга вақтинча кўчириш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Расмий Киев ҳеч қачон Россия ҳудудидаги ҳужумлар учун жавобгарликни тан олмаган.
Апрел ойида Белгородда биринчи «ғалати» портлашлар содир бўлганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда гўё Украина ҳарбий вертолётларнинг шаҳар узра учиб ўтгани тасвирлари пайдо бўлди. Украина Хавфсизлик кенгаши котиби Олексий Данилов бу ҳақда шундай деганди: «Бизнинг бунга нима алоқамиз бор?... Бу кимлар эканини билмайман. Вақт ўтади ва ҳамма нарса ўз жойига тушади. Балки булар Россия ҳарбийларидан иккита вертолётни ижарага олиб, шаҳар узра сайр қилмоқчи бўлган одамлардир?».
Россия шаҳарлари таҳдид остидами?
Ҳарбий шарҳловчи Юрий Фёдоровнинг сўзларига кўра, агар ишнинг техник томони ҳақида гапириладиган бўлса, Украина зарур қуролларга, жумладан, HIMARS ва шунга ўхшаш ракета тизимларига эга. Улар 80 км масофага зарба бера олади.
Назарий жиҳатдан, уларнинг нишонлари чегара чизиғидан 50-60-70 км масофадаги Россия ҳарбийлари ёки инфратузилма объектлари бўлиши мумкин.
Аноним қолишни истаган россиялик эксперт сўзларига кўра, Украинанинг қисқа масофаларга зарба берувчи қуроллар билан чегара ҳудудларига, периметр бўйлаб, яъни аннексия қилинган Қримдан Брянскгача бўлган жойларга зарба бериш, ёки ҳудуд ичкарисида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш эҳтимоли катта.
«Брянск, Курск, Белгород ва Қримга зарба бериш эҳтимоли катта, чунки улар жуда яқин. Краснодар ўлкаси ҳам хавфли зонада», деди эксперт.
Бошқа томондан, июл ойида Украина мудофаа вазири Олексий Резников HIMARS тизимлари Украинага жўнатилаётганда ғарбий ҳамкорлар Киев олдига шарт қўйганини айтди: бу қуроллардан Россия ҳудудидаги объектларга зарба беришдан тийилиш.
«Бу ҳақда ҳамма жойда айтилган, ҳатто шахсан ўзим Пентагон раҳбарига хат йўллаганман. Америка қуролларидан фақат душманни тийиб туриш ва ишғол қилинган ҳудудларни озод қилиш мақсадида фойдаланишни ваъда берганмиз», деди Олексий Резников.
Қрим ва сентябр ойида аннексия қилинган ҳудудларни Киев албатта Россия Федерацияси ҳудуди деб ҳисобламайди.
Украина зарба бериш учун қандай техник имкониятларга эга?
Ҳозир Украина қуролли кучларида Американинг Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқилган юқори аниқликдаги GMLRS ракеталари бор.
Шунингдек, Украинада модернизация қилинган «Смерч» ракета тизими учун мўлжалланган ўзининг «Ольха-М» тактик ракеталари ҳам бор. Улар 100 км масофага зарба бера олади. Бу маълумотни тасдиқлашнинг иложи йўқ, «Ольха-М» ракеталари ҳақидаги барча маълумотлар сир сақланмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги «Ольха-М» ракеталари уриб туширилаётгани ҳақида мунтазам хабар беради. Сўнгги бундай ҳисобот 14 октябрда эълон қилинди. Бу хабарларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг иложи йўқ.
Бундан ташқари, Украина қуролли кучларида советлар даврида ишлаб чиқилган «Точка У» оператив-тактик комплекслари ҳам бор. Бу анча эски қурол – асосий версиядаги комплекс 1975 йилдан бери, модернизация қилингани эса 1989 йилдан бери хизмат қилмоқда. «Точка У» ракеталарининг максимал парвоз масофаси 120 километрни ташкил этади.
Аммо, украиналик ҳарбий эксперт Михайло Жироховнинг сўзларига кўра, ҳақиқий маълумотлар бошқача.
«Бу завод рақамлари, аслида ракета анча қисқа масофаларга учади. Ушбу ракеталар айниқса аниқлиги билан ажралиб турмайди. 70 километрдан ортиқ масофага учирилганда уларнинг нишондан оғиб кетиш эҳтимоли 200 метрни ташкил қилади. Баъзи синовлар орқали бу кўрсаткични 50 метргача камайтиришга эришилди. Аниқликнинг пастлиги қисман заряд кучи билан қопланади – ракета каллаги оғирлиги деярли ярим тоннани ташкил қилади».
Украина бир неча ойдан бери Қўшма Штатлардан MGM-140 ATACMS ракеталарини етказиб беришни сўрамоқда. Бу юқори аниқликдаги ракета бўлиб, 300 километр масофага ҳаракатлана олади ва жанговар каллак оғирлиги 220 килограммдан ортиқ. У нишонни аниқлашда GPS навигациясидан фойдаланади. Шу пайтгача Украинага бундай ракеталар етказиб берилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Шундай бўлса-да, бундай ракеталарни етказиб бериш имконияти Украина ҳарбий-сиёсий доираларида анчадан бери муҳокама қилинмоқда. Аммо нима учун бу ҳали ҳам амалга оширилмагани ҳақидаги тахминлардан бири шуки, Қўшма Штатлар Киев ракеталарни Россиядаги нишонларга қарши қўллашидан қўрқади ва бу зиддиятнинг Вашингтон истамайдиган даражада авж олишига сабаб бўлади.
Мутахассис Михаил Жирохов Украинага бундай ракеталарни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларнинг сабаби ҳақида бошқача фикрда.
«Менимча, бу муаммо эмас. Aмерикаликлар уларнинг ҳар бир учирилишини назорат қилиш шарти билан етказиб бериши мумкин ва бунинг имкони бор. Менимча, AҚШ арсеналида бундай ракеталар унчалик кўп эмас. Ва Хитой билан боғлиқ муаммолар замирида омборларни бўшатиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Ахир Украинага 10 ёки 20 та ракета эмас, анча кўпроғи керак», дейди у.
Шу билан бирга, Украинанинг маълум доираларида ҳатто ATACMS ракеталари етказиб берилиши ҳам етарли бўлмайди деган тасаввур борлигига асослар етарли. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужний айтиб ўтган.
Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликнинг асосий хусусияти, уларнинг арсеналида бўлган қуроллар имконияти орасидаги кескин фарқни акс эттиради. Масалан, Россия қанотли ракеталари тахминан 2 минг км масофага учади, Украинаники атиги 100 км.
«Вазият шундай бўлиб қолса, бу уруш кўп йиллар давом этиши мумкин... Aлбатта, душманни бир зумда бундай муҳим устунликдан маҳрум қилиб бўлмайди. Аммо душманга шу тарзда ва шундай масофага қаршилик кўрсатиш қобилиятимизни намойиш қилиш имкони бор», деб ёзди Залужний.
Унинг фикрича, Украина ўз ҳамкорларидан узоқ масофага зарба берувчи қуроллар етказиб берилишига эришиш учун «тўғри иш» олиб бориши керак. Чунки «Украина қуролли кучлари томонидан бундай қуроллардан фойдаланиш эҳтимоли мавжудлиги Россияни уруш табиати, йўналиши ва натижасига ўзгача нуқтадан назар солишга мажбурлайди».
Бироқ ҳозирча Киев ва уни бундай қуроллар билан таъминлашга қодир давлатлар ўртасида ушбу масала бўйича эҳтимолий музокаралар қачон бошланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Киевда яна қандай техник воситалар бор?
Аннексия қилинган Қрим ҳудудида 17 август куни қатор портлашлар содир бўлди. Улардан бири – Белбек ҳарбий аэродромида. Маҳаллий рус маъмурияти хабарига кўра, ҳужум дрон ёрдамида амалга оширилган. Дроннинг Украина ҳудудидан келгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
Киев Белбек аэродроми ва бошқа ҳудудлардаги ҳодисалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. АҚШ Ҳарбий-денгиз таҳлили марказининг Россия дастури директори Майкл Кофманнинг сўзларига кўра, бундан қўшимча маъно изламаслик керак.
«Украина бу зарбалардан қайси бири учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ёки олмаслигига эътибор бермаган бўлардим. Шубҳасиз, бу зарбалар ҳаво ҳужумлари, учувчисиз самолётлар, вертолётлар ва ҳоказолар ёрдамида айнан Украина томонидан берилмоқда», деди у.
Россия сўнгги пайтларда Украинада нисбатан арзон кичик дронлардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Хусусан, гап Эронда ишлаб чиқарилган «Герань-2» («Shahed-136») дронлари ҳақида бормоқда – улар Украина инфратузилма объектларига ва Россия томонидан ҳарбий деб аталган бошқа нишонларга зарба беряпти.
17 октябр куни Киевга қилинган навбатдаги ҳужумдан сўнг, шаҳар мэри Виталий Кличко ҳужумда фойдаланилган дронлар суратини эълон қилди – улар орасида «Герань-2» ҳам бор эди.
Украинада ҳам шунга ўхшаш тизимлар ишлаб чиқилган бўлиши мумкин. Улар дастлаб ўз-ўзини портлатиш учун мўлжалланган бўлиши шарт эмас, лекин бироз такомиллаштирилгандан кейин шундай турдаги қуролга айланиши мумкин.
Бундай қуролларни оммавий равишда ишлатиш мумкин, бу ҳаво мудофааси ишини сезиларли даражада мураккаблаштиради. Улар орқали душман мудофаасининг анча орқа қисмига зарба бериш мумкин.
Украина Россия объектларига бошқа йўллар билан зарар етказиши мумкинми?
Россия ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатлари салмоғи қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволни кўтарадиган шов-шувли воқеа 8 октябр куни содир бўлди – Қрим (Керч) кўпригининг бир қисми вайрон қилинди. Шундан сўнг, рус ҳарбийлари Украина шаҳарларини уруш бошидан бери кузатилмаган шиддат билан оммавий ўққа тута бошлади.
Қрим кўпригидаги портлашни ким уюштиргани ҳақида ҳозирча аниқ жавоб йўқ.
Россия ФХХ кўприкнинг вайрон қилинишини террорчилик ҳаракати деб атади ва унинг ташкилотчиси – Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси деб ҳисоблайди. Россия разведка хизмати кўприкдаги портлашга алоқадор камида 12 кишининг шахси аниқлаганини даъво қилмоқда.
Украина портлашга алоқадорлигини рад этади. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк портлашдан кейин ижтимоий тармоқларда «ўғирланган ҳамма нарсанинг қайтарилиши» ва «ноқонуний қурилган ҳамма нарсанинг йўқ қилиниши» ҳақида фалсафий фикрларини ёзди. Аммо кейинчалик жавобгарликни ички зиддиятларда «назоратдан чиқиб кетган» Россия хавфсизлик кучларига юклади.
Шунга ўхшаш фикрни президент Володимир Зеленский ҳам билдирди. Канаданинг CTV News телеканалига берган интервьюсида у кўприкдаги портлаш Россия ҳарбийлари ва махсус хизмат кучлари ўртасидаги ички кураш натижаси бўлиши мумкинлигини айтди.
«Билишимча, биз бундай буйруқни бермаганимиз аниқ. У ерда ҳокимиятнинг кўплаб бўғинлари бор. Бу катта тизим. Советлар иттифоқида бу КГБ эди. Бугунги кунда бир неча бўлимларга ажралган ва улар ким асосий куч экани бўйича доим рақобатлашиб келишади», деди Зеленский.
Яна бир воқеа «Рус дунёси» мафкураси асосчиси, кремлпараст файласуф Александр Дугин қизи Дарянинг ўлдирилиши билан боғлиқ. Айнан шундан сўнг Россия ҳудудида қўпорувчи гуруҳлар ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирила бошланди. ФХХ бу воқеага Украина махсус хизматлари аралашганини маълум қилди.
Октябр ойи бошида New York Times газетаси АҚШ разведка хизматидаги аноним манбаларга таяниб, Даря Дугинанинг машинасини портлатишга Украина ҳукумати вакиллари санкция бергани ҳақида ёзди.
Уруш бошланганидан бери Россия махсус хизматлари мунтазам равишда «Украина қўпорувчи гуруҳлари» ёки Украинадан бошқариладиган гуруҳлар ҳақида мунтазам баёнот бера бошладилар.
Масалан, ФХХ август ойида «Украина қўпорувчи гуруҳлари» Курск областидаги олтита электр узатиш линияси устунини портлатганини маълум қилди.
Владимир Путин эса 10 октябр куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакатда электр энергияси ва газ транспорти инфратузилмаси объектларида «қатор терактлар» содир этилгани ва содир этишга уриниш бўлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, «Турк оқими» газ қувури қисмларидан бирини ҳам портлатишга уринишган.
Путин Украинани қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга уринишда айблади ва «буларнинг барчаси объектив маълумотлар, жумладан, ушбу террорчилик ҳаракатлари ижрочиларининг кўрсатмалари билан исботланган»ини айтди. Шунингдек, у «Шимолий оқим» сув ости газ қувурлари ишдан чиққанини ҳам эслатиб ўтди.
«Маълумки, Россия вакилларига Болтиқ денгизи туби бўйлаб ўтган халқаро газ узатиш тизимларининг портлатилиши ва вайрон қилиниши сабабларини ўрганишга рухсат берилмаяпти. Лекин бу жиноятдан энг кўп фойда олган томон ким экани ҳаммамизга маълум», деди Путин.
Қувурдаги портлашга Украина махсус хизматлари алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Михайло Подоляк 27 сентябр куни «Шимолий оқим»дан газ сизиб чиқишини «Россия томонидан режалаштирилган теракт ва Европа Иттифоқига қарши тажовузкорлик ҳаракати» деб атаганди. «Россия Европадаги иқтисодий вазиятни беқарорлаштириб, қиш олдидан ваҳима қўзғатмоқчи», деди у.
«Россияда Москвадан то Владивостоккача бўлган исталган объектда террорчилик ёки қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилишини техник жиҳатдан тасаввур қилиш мумкин», дейди исми сир қолишини сўраган россиялик ҳарбий эксперт.
Шу билан бирга, у бир марталик бундай ҳаракатлар муваффақият келтирмаслигини айтади. «Агар тўсатдан инфратузилмага бир қатор террорчилик ҳужумлари, диверсиялар уюштирилса, ҳеч бўлмаганда уруш давом этар экан, бундан фойда кўрадиган томон аниқ», деб қўшимча қилди у.
Ҳарбий эксперт Юрий Фёдоровнинг сўзларига кўра, агар Қрим кўпригидаги портлаш Украина хавфсизлик хизмати ёки ҳарбий разведкаси иши бўлган деб тахмин қилинса, демак Украина Россия ҳудудида етарлича кенг ва самарали разведка тармоғига эга.
Украина агар шундай имкониятга эга бўлса, нега оммавий зарбалар бермаяпти?
Украина ҳукумати 1991 йил ҳолатига ўз таркибида бўлган Қримга ва бошқа ҳудудларга ўзи берган зарбаларни қонуний деб ҳисоблайди, деб эслатади Юрий Фёдоров.
«Босиб олинган ёки аннексия қилинган ҳудудлар қонуний нишон ҳисобланади, бу ҳудудлардаги объектлар Украина қуролли кучлари томонидан бериладиган зарбалар учун қонуний нишон ҳисобланади. Ва буни Украинанинг Европадаги иттифоқчилари тан олади ва умуман олганда, Россиядан бошқа ҳеч ким эътироз билдирмайди», дейди Фёдоров.
Кўринишидан, Қўшма Штатлар ҳам худди шундай позицияга эга. Қрим кўпригидаги портлашдан сўнг, Америкадаги Урушларни ўрганиш институти мутахассислари «Украина томонидан Қримдаги логистика объектларига берилган зарба етказиб берилган қуроллардан фойдаланиш бўйича Ғарб ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини бузмайди. Чунки Қрим 2014 йилда Россия томонидан ишғол қилинган ҳудуд ҳисобланади», деб таъкидлашди.
«Украина кучлари Қримдаги сўнгги зарбаларда АҚШ етказиб берган қуроллардан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ ва улар буни қилган бўлиши эҳтимолдан йироқ, чунки нишонлар АҚШ томонидан тақдим этилган тизимларнинг фойдаланиш чегарасидан анча узоқда», дейилади институт ҳисоботида.
Иттифоқчилар, хусусан, қурол етказиб берувчи давлатлар фикри Украина учун жиддий сиёсий омил ҳисобланади. Аммо бу муайян мамлакатга боғлиқ – бундай иттифоқчилар сони 30 дан ортиқ.
Киевдан янграётган айрим баёнотларни тинч шаҳарларга берилган зарбалар учун Россиядан қасос олиш истаги сифатида талқин этиш мумкин.
«Зарбаларингиз бизда фақат ғазаб ва нафрат уйғотади! Қўрқув эмас, сулҳ тузиш истаги ҳам эмас. Бизда сизларни, террорчиларни, қаерда бўлсангиз ҳам, кўчаларда, бункерларда, қуруқликда ёки денгизда бўлсангиз ҳам йўқ қилиш истагини уйғотасиз», деб ёзди Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов 10 октябр куни ижтимоий тармоқда.
Аммо Украинада ҳамма ҳам Россия агрессиясига симметрик жавоб беришдан амалий фойда кўрмайди.
«Украина бундай ҳужумларга (Россиянинг ракета зарбаларига) жавоб қайтарадими деган савол, менимча, нотўғри. Агар шундай нуқтайи назардан гапирсак, душман жазоланиши кераклиги ҳақидаги рус парадигмасига тушиб қоламиз. Украина ҳарбий қўмондонлиги қасос олиш учун қандайдир чора кўради деб ўйламайман», дейди Киевдаги Разумков марказининг ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик дастурлари ҳамраиси Олексий Мелник.
Украиналик ҳарбий эксперт Михайло Жирохов ҳам унинг фикрига қўшилади.
«Украина мудофаа урушини олиб бораётгани сабабли, Россия фуқаролик инфратузилмасига зарбалар ҳеч қандай ҳарбий аҳамиятга эга эмас. Фақат ҳарбий инфратузилмага зарба бериш, жумладан, дронларни бошқариш пунктларига, қўшинлар тўпланган жойларга зарба бериш аҳамиятли. Бундан ташқари, бундай зарбалар Ғарб иттифоқчиларимиз томонидан қораланиши ва бу Киевга қурол-яроғ етказиб бериш ёки молиявий ёрдамни қисқартириши ёки бутунлай бекор қилиши мумкин. Ғарб жамияти Украинани ўз ҳудудларини Россия босқинидан озод қилиш учун курашаётган давлат сифатида қабул қилади. Фуқаролик объектларини йўқ қилиш эса – ўз ҳудудларини озод қилиш учун кураш эмас», дейди у.
Анонимликни сўраган россиялик ҳарбий эксперт фикрига кўра, Украинанинг қўпорувчилик-разведка усулларига мурожаат қилиши мамлакат обрўсига путур етказиши мумкин.
«Менимча, Украина бундай ҳужумлардан фойдаланиш орқали Ғарбда ва бошқа мамлакатларда ўзига нисбатан муносабатни сезиларли даражада ёмонлашиши мумкинлигини ҳисобга олишга мажбур. Бу Россиянинг эҳтимолий жавоби хавфидан ташқари жиддий чеклов», деди у.
Шунга қарамай, тайёргарлик чораларига қараганда, Россия ҳукумати Украина билан чегарадош бўлмаган ҳудудлар ҳам маълум зарбалардан азият чекиши мумкин бўлган сценарийни ҳам кўриб чиқмоқда.
Масалан, Қрим кўпригига қилинган ҳужумлардан сўнг, Россия ҳукумати Давлат думасига аҳолини ҳужум ҳақида огоҳлантириш учун ягона ва доимий ишлайдиган тизимни яратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Тушунтириш хатида айтилишича, «қонун лойиҳаси қабул қилиниши аҳолини ҳарбий можаролардан келиб чиқадиган хавф-хатарлар тўғрисида хабардор қилишни таъминлайди».
«Важные истории» нашри Москвадаги бир неча уйлар ертўласи бомбапана жойларга айлантирилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берди. Бироқ, Россияда бомбалардан сақловчи бошпаналарни тайёрлаш ишлари баҳордаёқ бошланган.
Владимир Путин 19 октябрда минтақаларда, жумладан, Украина билан чегарадош бўлмаган ҳудудларда ҳам «тўрт даражали чекловлар»ни эълон қилди. Бу эса Россия расмийларининг Украинанинг жавоб зарбаларидан чўчишини тасдиқлайди.
АҚШ Флетчер мактаби илмий ходими Павел Лузиннинг фикрига кўра, Россияда, хусусан, Белгород областида портлашлар давом этиши мумкин: «Агар Россия эскалацияни давом эттирса, Украина жавоб зарбаси ҳудудини кенгайтириш имкониятига эга ва бу имкониятлар ошиб боради».