Ўзбекистон | 10:11
1972
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Самарқанд форумида наркотаҳдидларга қарши замонавий технологиялар билан танишди

Самарқанд шаҳрида жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга бағишланган халқаро форум доирасида наркотаҳдидларга қарши курашишда қўлланаётган илғор технологиялар намойиш этилди.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Самарқанд шаҳрида «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум доирасида ташкил этилган кўргазма бўлиб ўтди. Унда уюшган наркожиноятчиликка қарши комплекс курашишда қўлланиладиган замонавий рақамли технологиялар, техник воситалар ва махсус ускуналар тақдим этилди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур кўргазма билан танишар экан, наркотрафик, хавфли юклар ҳамда трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда инновацион ечимларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

Форум доирасида Ўзбекистон иштирокчи давлатлар учун наркотрафик ва трансмиллий жиноятчиликни тезкор кузатиб бориш имконини берувчи ягона сунъий интеллект платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ташаббус халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот алмашинувини жадаллаштириш ва хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Самарқанд шаҳрида “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида халқаро форум ўтказиляпти.

Унинг иштирокчиларига мурожаат йўллаган президент Шавкат Мирзиёев наркотиклар савдоси, нарко-жиноятлар ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш бўйича қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди.

Давлат раҳбари ўз нутқида бугунги таҳликали дунёда уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги шакллари инсоният учун трансмиллий таҳдидлар кўламини тобора кенгайтираётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, наркобизнес бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, бу – миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирадиган манба ҳамдир.

Жиноий маблағларни ювишнинг энг катта қисми бугун айнан рақамли активлар ва оффшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда.

"Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг “молиявий артерия”ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади", деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид