Қашқадарёда ишлаб турган боғчалар “бўш турган объект” сифатида сотиб юборилиши мумкин
Қашқадарё вилоятидаги жами 700 ўринли 4 та “Эркатой” боғчалари “бўш турган объект” сифатида сотувга қўйиладиган бўлди. Kun.uz'га мурожаат қилган ота-оналарнинг айтишича, бу боғчалар бўш эмас – улар ишлаб турибди. Ота-оналар объектларнинг боғча мақомини сақлаб қолиш ёки хусусийлаштирмасдан, ММТВ балансига ўтказилишини сўрамоқда.
Шу йил 19 апрелда қабул қилинган 162-сонли президент қарорига мувофиқ, республикадаги мингдан зиёд давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланди.
Рўйхатдан турли ижтимоий объектлар, хусусан, мактаб, боғча, шифохоналар бинолари ҳам ўрин олган.
Шу жумладан, Қашқадарё вилоятида жойлашган, “Шўртан” газ-кимё мажмуаси тасарруфидаги “Эркатой” номли 4 та боғча ҳам сотилиши мумкин, булар:
- Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги 140 ўринли (1,7 гектар) “Эркатой-1” боғчаси;
- Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги 140 ўринли (1,7 гектар) “Эркатой-2” боғчаси;
- Қарши шаҳридаги 200 ўринли (1,28 гектар майдонда жойлашган) “Эркатой-3” болалар боғчаси;
- Ғузор тумани “Мустақиллик” МФЙдаги 150 ўринли (0,53 гектар) “Эркатой-4” боғчаси.
Ҳисоб палатасига икки ой муддатда балансда сақловчи вазирлик, идоралар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар томонидан оммавий савдога чиқариладиган активларнинг ўз вақтида Давактив агентлигига ўтказилишини назоратга олиш топширилган.
Сотувга чиқариладиган Қашқадарё вилоятидаги “Эркатой” боғчалари қарорга “бўш турган объект” сифатида киритилган. Kun.uz'га айни масалада боғча тарбияланувчиларининг ота-оналари мурожаат қилиб, агар бу объектлар сотилса, улар боғча мақомини йўқотиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
“Қарши шаҳридаги “Эркатой-3” боғчаси бўш турган объект эмас, унда ҳозирги кунда 200 дан зиёд тарбияланувчи таҳсил олади. Вилоятдаги 4 та “Эркатой” боғчаларида жами 700 дан зиёд болалар тарбияланади. Бу объектлар қандай қилиб “бўш турган иморат” мақомини олгани биз учун тушунарсиз. Улар сотилса, болаларимиз кўчада қоладими? Бу боғчалар 2006-2009 йилдан буён болажонлар ҳар томонлама соғлом ва етук авлод бўлиб етишиши йўлида хизмат қилиб келяпти”, дейилади таҳририятга йўлланган мурожаатда.
Таҳририят суҳбатлашган ота-оналардан яна бири агар боғча ўз боғча мақомини сақлаб қолса, инвестор шу мажбуриятни зиммасига олса, ота-оналар ҳам, мактабгача таълим муассасаларининг ўзи ҳам сотилишига қарши эмаслигини билдирди.
“Aгар мақсад шу бўлса, нега боғча “бўш турган объект” сифатида кўсатилган? Бундан нима фойда? Бу саволга кимдир жавоб бериши, жавобгарликни зиммасига олиши керак. Республикада боғчалар шундоқ ҳам етарли эмас, мавжуд таклиф талабни қондира олмаяпти. Агар боғчалар “бўш турибди” деб сотилиб, инвестор уни бошқа мақсадда ишлатса, муаммо яна ҳам жиддийлашади”, – дейди мурожаатчилардан бири.
Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Қарши шаҳридаги “Эркатой-3” боғчаси мудираси Диляра Нугманова билан боғланди. У боғча фаолият юритаётгани, унда 200 нафар тарбияланувчи таҳсил олаётгани ва 50 дан зиёд ходимлар иш билан таъминланганини маълум қилди.
“Карши шаҳридаги “Эркатой-3” МТТда 50 дан ортик ходимлар иш билан таъминланиб, ўз фаолияти давомида 200 нафардан ортиқ тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериб келмоқда. МТТ “Шўртан” ГКМ раҳбари томонидан ишчиларнинг фарзандлари таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаган ҳолда барпо этилган. Шу вақтгача ШГКМ томонидан МТТ яхши шароит билан таъминлаб келинган. Бундан ишчилар ҳам, тарбияланувчилар ҳам мамнун эди. Шуларни инобатга олган ҳолда, боғчамиз бўш турмагани, ҳозирги кунда ҳам бу ерда қайнок иш жараёни кетаётганини айта оламан”, – деди Диляра Нугманова.
Kun.uz'га маълум бўлишича, вилоятдаги бўш турган дея кўрсатилган, аммо фаолият юритаётган мактаб, боғча, поликлиника ва шифохоналар томонидан “объектлар бўш турмагани ва фаолият юритаётгани” борасида Давлат активларини бошқариш агентлигига сўров юборилган.
Таҳририятга юборилган фото ва видеоматериалларда ҳам ушбу “Эркатой-3” боғчасида болалар борлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, 2019 йилда Kun.uz Нуристон шаҳарчасида жойлашган “Эркатой-1” ва “Эркатой-2” боғчалари борасида суриштирув олиб борганди. Ўша пайтда бу иккала боғчада 280 тарбияланувчи таҳсил олаётгани маълум қилинганди. Нишон тумани расмийлари Нуристон шаҳарчасида 3-7 ёшгача бўлган болалар 1512 нафарни ташкил этиб, уларнинг 810 нафари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинганини (53,5 фоизи) айтганди.
Kun.uz'га мурожаат йўллаган ота-оналар боғчалар тақдиридан хавотирда. Улар масала ечими юзасидан 3 та вариант таклиф қилишган.
“Биринчиси, болажонларнинг таълим-тарбиясида узилиш ва ноқулайликлар юзага келмаслиги учун шу кунгача фаолият кўрсатиб келаётган тўртала боғчанинг ҳам фаолиятини давом эттириш мақсадида молиявий имконият топиш, яъни барчасини аслича қолдириш;
Иккинчиси, заводнинг иқтисодий имкониятлари бундан буён ушбу болалар боғчаларини сақлаш имкониятига эга бўлмаса, у ҳолда тўртала болалар боғчасини ҳам биноси-ю инвентарлари, боғча болалари ва ходимлар билан бирга мактабгача таълим тизимига балансдан балансга ўтказиб бериш;
Учинчиси, тўртала боғчани инвентарлари билан бирга болалар боғчаси мақомини сақлаб қолиш шарти билан сотувга қўйиш лозим”, – дейилади мурожаатда.
162-сонли президент қарорига кўра, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги тизимига кирувчи кўчмас мулк объектлари нодавлат таълим муассасаси ташкил этиш ва фаолият турини сақлаш шарти билан оммавий савдоларга чиқарилади. “Эркатой” боғчалари эса вазирлик тизимига кирмайди, демак, уларнинг кейинги тақдири ҳозирча номаълум. Яъни агар бу боғчалар инвесторга сотилса, боғча фаолият турини сақлаш шарти кўзда тутилмаслиги мумкин.
Бундан ташқари, қарорда ижтимоий соҳа объектларини сотиш муддати ва шартлари, шу жумладан фаолият турини сақлаш шартлари Давлат мулкини хусусийлаштириш комиссияси томонидан белгиланиши назарда тутилган.
Kun.uz нима сабабдан фаолият юритаётган боғчалар “бўш турган объект” сифатида сотувга қўйилгани борасида Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” ва “Шўртан” ГКМга сўров юборди.
Ҳозирча ташкилотларнинг жавоби кутиляпти.
Маълумот учун, Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар дефицити асосий кун тартибидаги масалалардан ҳисобланади. 2024 йил январ ойидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 33 минг 942 та МТТ фаолият юритади. Республикадаги 3−7 ёшли болалар сони эса 2 млн 930 минг 844 нафарни ташкил этади. Шулардан 74 фоизи, яъни 2 млн 169 минг 538 нафари боғчага боради. 2022-2026 йилги Тараққиёт стратегиясига кўра, қамровни 2026 йилгача 80 фоизга, 2030 йилга бориб, 100 фоизга етказиш режа қилинган.
Мадина Очилова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
11:52 / 15.12.2024
Қашқадарёда ОТМ ҳовлисида унаштирилган қизини пичоқлаган йигитга ҳукм ўқилди
16:27 / 11.12.2024
Қарши давлат техника университети ташкил этилади
16:33 / 04.12.2024